Ёши улуғ касаллик. Деменция ва унинг муҳим жиҳатлари
Деярли барчада ёши ўтгани сайин ақлий фаолият билан боғлиқ муаммолар: хотира сусайиши, фикрлаш ва диққатдаги тарқоқлик, руҳий бузилиш каби қарилик аломатлари кузатилади. Биологик нуқтаи назардан бу, албатта, табиийдир. Бироқ, худди шу каби белгиларни ўзида намоён қилиб, қарилик “ниқоби”га яширинадиган хасталик мавжудки, тиббиёт тўлалигича унинг олдини олувчи ёки бутунлай даволовчи ечимни тополмаган. Ушбу хасталик, яъни деменция бугунга келиб нафақат йирик тиббий муаммо ҳисобланиб, давлатларда ижтимоий ва иқтисодий соҳаларга жуда катта таъсир кўрсатувчи масалага айланди. Қолаверса, деменция бутун дунёда ўлимнинг еттинчи сабабидир. Демак, қуйида деменциянинг айрим муҳим жиҳатларини ёритишга ҳаракат қиламиз.
Деменция — бу ноодатий тарзда фикрлаш қобилиятининг ҳаддан ташқари пасайишига берилган умумий номдир. Деменцияга олиб келувчи бир қанча синдром ва касалликлар мавжуд. Булар — Альцгеймер синдроми, қон-томир деменцияси, Паркинсон синдроми, Хантингтон хасталиги, ОИВ, бундан ташқари, алкоголизм ва гиёҳвандликнинг оғир оқибатларидир. ЖССТ маълумотига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб 55 миллиондан ортиқ киши деменциядан азият чекмоқда ва ушбу хасталикка чалинганларнинг 60-70 фоизини Альцгеймерни бошидан кечираётган кишилар ташкил этади. Деменция ва Альцгеймер бир-бирига шунчалик яқинки, ташхис жараёнида беморнинг яқинлари турли чалкашликларга дуч келишади.
Юқорида айтилганидек, деменция — бу нотабиий равишда фикрлаш қобилиятининг ҳаддан ташқари пасайишига берилган умумий номдир. Альцгеймер синдроми эса ўзига хос ва алоҳида ҳасталикдир.
Деменция қариликнинг табиий оқибатларига ўхшаб кетгани учун фақатгина аломатларга асосланиб аниқ ташхис қўйиш қийин. Деменцияга чалинган, деб тахмин қилинаётган шахсда мияни сканерлаш тести ўтказилади, аммо тўлалигича аниқ натижа олиш учун кўп ҳолларда мия биопсиясини ўтказиш зарурати туғилади. Қолаверса, турли когнитив тестлар, лаборатория текширувлари ҳам ташхислашда фойдали бўлиши мумкин. Текширувдан ўтаётган шахсларда когнитив бузилиш аломатлари қанча вақт мобайнида ўзини намоён қилиши ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. Чунки деменцияни бир қарашда делириум (қисқа муддатли когнитив қобилиятларнинг ўткир пасайиши) билан чалкаштириш мумкин. Делириум аломатлари, одатда, жуда тез ва тўсатдан пайдо бўлади, шу билан бирга ушбу белгилар яққол кўзга ташланади, давомийлиги ҳам оз муддат (бир неча соатдан, бир неча ҳафталаргача) давом этади. Деменциянинг яққол белгилари эса бир неча ойлар, баъзан йиллардан сўнг сезиларли даражада кўзга ташланади. Ушбу хасталикнинг давоси бўлмаганлиги туфайли ўлим билан тугайди.
Деменция эҳтимоли асосан ёш ўтиб боргани сайин ошиб боради. Синдром 65 ёшдан катта кишиларнинг 5 фоизида, 85 ёшдан ошган беморларнинг 20-40 фоизида кузатилади. Бироқ, генлар орқали ўтувчи Альцгеймер ва Хантингтон касаллиги оқибатида деменция анча олдин ҳам бошланиши мумкин.
Тадқиқотларга кўра, деменция билан хасталанган кишиларнинг кўпчилиги расман ташхисланмаган. Ҳатто, бой давлатларда ҳам касаллик 20-50 фоиз ҳолатлардагина расмий рўйхатга олинади ва тиббий ёрдам кўрсатилади.
Деменция ҳолатларининг расмий рўйхатга олиниши ва унга тиббий эътибор қаратилиши, одатда, мамлакатда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш даражасига боғлиқ бўлади. Ҳатто, тиббиёт йўналиши анча ривожланган Ҳиндистондаги бир тадқиқот натижасига кўра, деменцияга чалинган кишиларнинг 90 фоизига ташхис қўйилмаган. Уларга алоҳида ва мос тартибли парвариш кўрсатилмайди. Ўртача ёки паст даромадли давлатларда деменцияга эътибор анча суст. Жаҳон миқиёсида ушбу касалликка чалинган беморларнинг 58 фоизи айнан шундай мамлакатларда яшайди. Ҳар йили қайд этилаётган янги ҳолатларнинг деярли ярми Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.
Одатда, деменция ривожланиши 3 босқичга ажратилади:
– Эрта босқич. Бу босқичда белгиларни таниб олиш қийин кечади, бунда паст даражадаги унутувчанлик, вақтни чамалашдаги муаммолар, таниш жойларда адашиб қолиш билан характерланади.
– Ўрта босқич. Бу даврда аломатлар бирмунча аниқроқ кўзга ташлана бошлайди — яқинда содир бўлган воқеларни унутиб қўйиш, ўз уйи ичида адашиб қолиш, мулоқотдаги қийинчиликлар ва қисман парваришга муҳтожлик шулар жумласидан.
– Кечки давр. Ушбу босқичда бемор атрофдагиларга бутунлай қарам бўлиб қолади, жисмоний ва руҳий аломатлар яққол кўзга ташланади: қадам ташлашдаги қийинчиликлар, макон ва замонни ҳис қилишдаги муаммолар, турли тўқима тасаввурлар ва яқин инсонларни таний олмаслик.
Деменциянинг қуйидаги умумий аломатлари мавжуд:
– хотирани йўқотиш, фикр чалкашлиги;
– гапириш, фикрни ифодалаш ва тушунишдаги қийинчиликлар;
– маконни аниқлашдаги муаммолар;
– оддий кундалик вазифаларни бажаришдаги қийинчиликлар;
– импульсив хатти-ҳаракатларнинг кўпайиши;
– атрофдагиларга бефарқлик, апатия;
– депрессия, руҳий тушкунлик;
– турли воқеаларни тўқиб чиқариш, галлюцинация, паранойя;
– жисмоний ҳаракат билан боғлиқ муаммолар;
Деменция келтириб чиқарадиган белгилар, юқорида таъкидлаганимиздек, қариликнинг оддий оқибатларига ўхшаб кетади. Булар ичида энг кўп муаммоларга замин яратувчи белги — бу хотира йўқолишидир.
Деменция ва қарилик давридаги ёки кундалик ҳаётдаги оддий хотира йўқолиши ўртасида фарқ бор. Гап шундаки, биз сўз юритаётган касаллик ортидан йўқотиладиган хотира прогрессив тарзда пасаяди, яъни хотиранинг сусайиши вақт ўтган сари ўсиб боради. Яъни, хасталик аввалида калит қолдирилган жой эсдан чиқса, кейинчалик калитнинг ўзи нима учун ишлатилиши ҳам унутилади. Бундан ташқари, илк даврларда майда нарсалар унут бўла бошланиб, бора-бора яқинларнинг исмлари, сўзлар, йиллар давомида олинган билимлар ва, ҳатто, энг оддий кундалик юмушларнинг қандай бажарилиши ҳам эсдан чиқади.
Деменциядаги депрессия ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган аломатлардан биридир. Статистикага кўра, деменциянинг асосий сабаби бўлмиш Альцгеймер синдроми билан хасталанган беморларнинг тахмиман 40-50 фоизида депрессия кузатилган.
Ақлий ва руҳий бузилишнинг оқибати сифатида депрессияга ўз-ўзидан намоён бўлувчи белги сифатида қараш мумкин. Бироқ, олим Том Китвуднинг таъкидлашича, деменциядаги депрессия — бу, асосан, хастага нисбатан атрофдан бўладиган нотўғри муносабат натижасидир. Ақли заифлашган кишининг яқинлари томонидан яккалаб қўйилиши, унга оддий инсон эмас, балки ноўрин тарзда ногирон деб қаралиши, мустақил ҳаракатдан ҳаддан ортиқ тийиб қўйиш, жамиятдаги асосли бўлмаган стигмалар ва шу каби бошқа омиллар оқибатида беморда депрессия шаклланади. Ва бу, Китвуд таърифича, тўғри ва ўринли жавобдир. Қондирилмаган эҳтиёжлар ҳам деменцияга чалинган беморлар орасида ҳиссий-ахлоқий муаммоларни келтириб чиқариши ҳақида ҳам бир қанча назариялар илгари сурилган. Инсон қандай касалликни бошидан кечираётган бўлишидан қатъи назар, ҳам ҳиссий, ҳам жисмоний эҳтиёжлари қондирилишидан барча соғлом инсонлар каби бирдай манфаатдор. Атрофдагилар томонидан айрича муносабатда бўлиш, эҳтиёжларга эса касалликнинг ножўя оқибати сифатида қараш эса руҳий тушкунликнинг ортишига олиб келади. 2013 йилда Бетти Блек ва унинг ҳамкасблари томонидан 254 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида тадқиқот ўтказилади. Натижада қатнашувчиларнинг 99 фоизида бир ёки бир неча қондирилмаган эҳтиёжлар мавжудлиги аниқланган. Улар асосан хавфсизлик ва мазмунли фаолият билан боғлиқ бўлган.
Деменциянинг ижтимоий-иқтисодий таъсири
Деменция билан оғриган беморларнинг кўплиги ва уларнинг доимий парваришга муҳтожлиги бир қатор ижтимоий ва иқтисодий оқибатларни келтириб чиқаради. Маълумотларга кўра, 2019 йилда жаҳон миқиёсида деменция билан боғлиқ ижтимоий харажатлар $ 1,3 триллионни ташкил этган, 2030 йилга келиб эса бу кўрсатгич $ 2,8 триллионгача кўтарилиши кутилмоқда. Харажатларнинг кутилаётган ошиши, асосан, беморлар сонининг кўпайиши билан боғлиқ (ҳар йили 10 миллионга яқин янги ҳолатлар қайд этилади.
Депрессия деменцияга чалинган беморларда кузатилгани каби, уларнинг боқувчилари ёки парваришловчиларида ҳам кузатилади. Доимий кузатув ва парваришга муҳтож бемор ўз яқинларини оғир босим остида қолдиради. Чунки, бунда беморнинг руҳий ва жисмоний хавфсизлигини таъминлаш, ахлоқий ўзгаришларни назорат қила олиш, энг майда кундалик юмушларгача ёрдам бериш, унинг фойдасига молиявий ва тиббий қарорлар қабул қилиш лозим. Статистикага қарайдиган бўлсак, Альцгеймерга чалинган беморларнинг 70 фоизини оила аъзолари парвариш қилади.
Айниқса айни шу, яъни, деменция билан яшаётган беморларнинг қаровчиларида бошқа турдаги беморларнинг боқувчиларига қараганда босим ва стресс кучлироқ кечади, депрессия ҳам тез-тез учрайди.
Қолаверса, агар бемор ўрта ёки кечки даврни бошидан ўтказаётган бўлса, унинг назорати ва хавфсизлиги учун боқувчининг ўз касбий фаолияти ва бошқа шахсий кундалик фаолияти ҳам сўроқ остида қолиши мумкин.
Деменциядаги яна бир номутаносиблик — бу ушбу синдромдан кўпроқ аёлларнинг азият чекишидир. ЖССТ статистикасига кўра, деменция натижасида юз берадиган ўлим ҳолатларининг 65 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, аёллар эркакларга қараганда деменция оқибатидаги ногиронлик йилларини кўпроқ бошдан кечиришади. Бошқа томондан олиб қараганда ҳам, беморларнинг аксарият парваришловчилари хоҳ деменция учун ихтисослаштирилган уйларда, хоҳ беморларнинг ўз уйларида бўлсин, аёллар ҳисобланади.
Олдини олиш ва хасталик давридаги даво чоралари
Юқорида қайд этилганидек, деменцияни олдини олиш учун мўлжалланган кафолатли дори воситаси ҳам, махсус машқлар ҳам йўқ. Аммо, тиббиёт вакиллари ва тадқиқотчилар касалликнинг патологиясидан келиб чиқиб, келажакда ушбу касалликка чалиниш эҳтимолини камайтиришга ёрдам берувчи тавсияларни беришган:
– зарарли одатлар (алкоголли ичимликлар, тамаки чекиш)дан тийилиш;
– фаол жисмоний ҳаёт;
– тўғри ва мақбул овқатланиш;
– ортиқча вазн пайдо бўлишининг олдини олиш;
– қондаги холестерин ва қанд миқдорини назорат қилиш;
– депрессиядан қочиш;
Яна паст сифатли таълим, ёмон экология ва когнитив фаолликнинг пастлиги деменция эҳтимоли ошишига таъсир қилувчи омиллар эканлиги ҳам қайд этилган.
Деменцияни бутунлай даволашнинг бугунги кунда иложсиз эканлиги юқорида таъкидланди. Аммо, симптомларни кечиктирувчи ва енгиллаштирувчи чоралар мавжуд. Жисмоний машқлар хасталик аломатларини енгиллаштиришда энг таъсирли восита ҳисобланади. Бунга қўшимча равишда шуни айтиш мумкинки, депрессия деменция билан яшаётган кишилар учун энг хавфли ҳолат ҳисобланади — у касаллик янада оғирлашишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун деменция билан касалланган беморлар билан турли мавзулардаги эркин суҳбатлар, уларнинг лозим даражада эркин ва мустақил ҳаракат қилишларини таъминлаш, атрофда уларда хасталик сабаб туғилган муаммолар туфайли ўзларини ноқулай ва тушкун ҳис қилишларига олиб келувчи ўзгаришларни иложи борича камроқ амалга ошириш каби оддий чоралар уларнинг кайфиятига яхши таъсир қилади, шу билан бирга ортиқча ҳаяжон ва ташвишлардан қутулишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, турли когнитив машқлар, психологик терапиялар, массажлар ва дори воситалари ёрдамида хасталик даврини енгиллаштириш ҳақида бир қанча қарашлар мавжуд. Бироқ, ушбулар ёрдамида кўзда тутилган ижобий натижаларга эришишнинг истиқболи ҳали ҳам бирмунча ноаниқлигича қолаётгани турли тадқиқотларда кўринмоқда.