$20 миллионга баҳоланган сурат ҳақида: Малевичнинг “Қора квадрат”и ҳақиқатда буюк асарми?
Рус тасвирий авангарди инқилобчиларидан бири Казимир Малевичнинг “Қора квадрат” асари Сотбис аукционлар уйи томонидан $20 миллионга баҳоланган. Албатта, аукционларда сотилаётган тасвирий санъат асарларининг рекорд нархлари йилдан-йилга янгиланиб бормоқда. Аммо, шунчаки қора тўртбурчак шакли солинган оқ тувалнинг юқоридаги нархга баҳоланишини одатий ҳодиса сифатида қабул қилиш қийин. Асарда қандай сир бор? “Қора квадрат” ростдан ҳам доҳиёна асарми ёки унинг шуҳрати муваффақиятли пиар натижасими? Бу саволларга қуйида жавоб излашга ҳаракат қиламиз.
Асар тарихи
“Қора квадрат” 1915 йилнинг 19 декабрида Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “0.10” футуристик кўргазмасида намойишга қўйилган. Баъзи маълумотларга қараганда, кўргазманинг бундай номланишига сабаб унда 10 нафар рассом ўз ишлари билан қатнашиши режалаштирилган, аслида эса 14 та рассом иштирок этган. Малевичнинг ўзи ушбу кўргазмада имзоси туширилган 39 та сурат билан қатнашган. Муаллиф “Қора квадрат” асарини тўрт нусхада яратган, дастлабки, яъни 1915 йилда намойиш этилган нусхасига «1913» рақами ёзилган, охиргиси эса ХХ асрнинг 20 йилларининг охири, 30 йиллар бошида чизилган, деб тахмин қилинади. Аслида суратнинг ҳақиқий номи – “Суперматистлар қора майдони” эди. “Қора квадрат” номида ёзилгандай квадрат эмас, балки, тўртбурчак. Шундай тўртбурчакки, унинг томонлари ўз қарама-қаршисига параллель бўлолмайди. Бундан ташқари яна бир қизиқ маълумот: суратни ишлашда қора бўёқ ишлатилмаган.
Муаллиф таъбири
Малевичнинг таъбирича, ушбу қора майдон янги санъатнинг, янгича дунёқараш ва маънавиятнинг нолинчи – бошланғич нуқтаси эди. У аввалдан санъатда мавҳумликка ўч бўлса-да, бунгача, асосан, куб-футуристик асарлар яратиб келган. 1915 йилги кўргазмада эса гўёки рассом санъатда маънонинг аҳамиятсизлигини, энг муҳими уни ҳис қилишда эканини эълон қилди. Кўргазма вақтида сурат православлар учун муқаддас бўлган деворнинг бурчаги ва шифтнинг туташган жойга илиб қўйилди, бу орқали у башарият янги давр ва тартиб остонасида турганини кўрсатмоқчи бўлгандай эди.
Омма реакцияси
Рус маданияти оламида катта шов-шув кўтарилади, аҳоли ўша даврдаги авангард рассомларнинг суратларига кўникиб қолишган бўлсада, объектсиз ва ўта сирли кўринадиган асар уларнинг эътиборидан четда қолмади. Кўргазма жамият ғалаёнлардан руҳан чарчаган бир пайтга тўғри келиши ҳам бир ҳисобдан Малевичнинг ютуғи эди. 1905 йилда большевикларнинг биринчи инқилоби бўлиб ўтганди, кўргазма ташкил этилган йилда эса бутун дунё талотўп ичида эди – Биринчи Жаҳон уруши давом этарди. Инсонлар ўзида ҳеч қандай бадиий маъно ифода этмайдиган суратга тикилиб туриб юқорида қайд этилган ҳодисалар сабаб ғира-шира мавҳумлик қоплаган келажакка боққандай бўлишарди.
“Мен санъатни объективликнинг жонсиз жасадининг юкидан халос қилиш йўлидаги умидсиз ҳаракатларим оқибатида ушбу квадратдан паноҳ топдим”.
Малевич “Мақсадсиз санъат”, 1927.
Бундан ташқари, рассом ушбу суратни тушунишда ҳеч қандай шарт йўқлигини таъкидлаган. Унга “тўғри” қараб бўлмайди, ўз ўрнида “нотўғри” қарашнинг ҳам иложи йўқ. Агар суперматист сифатида қарайдиган бўлсак, суратдаги қора майдонни – туйғу, уни ўраб турган оқ ҳудудни эса бўшлиқ, эркинлик деб қараш лозим. Малевич айнан шу сурат атрофида бутун суперматизм фалсафасини қурмоқчи бўлди ва бунга эришди, асар ғоясига шунчалик кўп эътибор бердики, бошқа “квадрат”лар (қизил ва оқ) сал қолса унутилаёзди.
1915 йилда намойиш этилган сурат бундай турдаги асарларнинг биринчиси эмасди. Қора тўртбурчак тасвирланган асарлар Малевичгача яратилганди, ҳатто Малевичнинг ўзи бундай тасвирдан аввал ҳам фойдаланган. 1913 йилда илк бор саҳналаштирилган “Қуёш устидан ғалаба” операси учун декорацияларнинг бир қисми Малевичга тегишли эди. Айнан ушбу декорацияда рассом қора рангдаги тўртбурчакни биринчи марта ишлатган эди.
Малевичдан олдинги даврга қарасак, бир қанча рассомларнинг худди шундай суратларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
1. Роберт Флуднинг “Буюк зулмат” асари, 1617 йил.
2. Француз иллюстратори Бертал томонидан 1843 йилда ишланган “Ла Ҳогнинг тунги кўриниши, Жан Луи Кичкина” асари.
3. “Россиянинг ғира-шира тарихи” Густав Доре, 1854 йил.
2015 йилда асар сақланадиган Третьяков галереяси экспертлари томонидан махсус микроскоплар ва рентген плёнкалари ёрдамида ўтказилган изланишлар натижасида аён бўлдики, сурат аслида фақат қора рангдан иборат эмас экан. Қора тасвир остидан бир эмас, иккита рангли сурат борлигини ва ушбу суратлар куб-футуристик жанрда эканлиги экспертлар томонидан таъкидланган. Бундан ташқари, бир неча сўзлар аниқланган. Экспертларнинг тахминича, асардаги яширин сўзлар бундай эди: “Тунги негрлар жанги”. Ва шу ўринда таҳлилчилар француз карикатурачиси Альфонс Алленинг “Тунда ғор ичида жанг қилаётган негрлар” деб номланган асарини ёдга олишади.
Муваффақият сири
Албатта, Малевич “Қора квадрат”лар ундан олдин ҳам бир неча маротаба яратилганини, аммо, унчалик шуҳрат қозона олишмаганини билган, ҳеч бўлмаганда юқорида келтирганимиз Альфонс Алленни таниган ва ғойибона “суҳбатлашган”. Турган гапки, Малевич машҳурлик сири фақат суратнинг ўзида эмас, балки, унга бағишланган назарияларда эканлигини яхши тушунган. 1915 йилда у “Суперматизм манифести”ни эълон қилади ва 1916 йилда нашр эттиради. У ўзининг бошқа рисолалари билан ҳам суперматизмни ва бу билан аёнки “Қора майдон”ни илоҳийлаштиришга тинимсиз уриниб келди. Қайсидир маънода бунинг уддасидан чиқди. Малевичнинг “Суперматист композиция” асари 2018 йилда $85,8 миллионга сотилган бўлса-да (бу рассомнинг сотилган суратлари орасида энг рекорд нарх), ҳалигача суперматизм ҳақида гап кетганда, асосий планга, албатта, “Қора майдон” кўтарилади. Суперматизмнинг байроғи, рамзи сифатида ҳам айнан ушбу асар тушунилади. Малевич учун бу сурат шунчалик муқаддас эдики, ҳатто қабрига ҳам ёдгорлик сифатида қабртош эмас, “Қора квадрат” тасвири туширилган ёғоч куб ўрнатилади.
Бундай шов-шувга сабаб бўлган, шу билан бирга ёш бола ҳам чиза оладиган даражадаги асар ҳақида турли ҳазил аралаш қарашлар, танқидий мулоҳазалар ҳам йўқ эмас. Улардан бирига кўра, Малевич кўргазма очилишигача суратларни тугатолмаган ва шошилинчда шундай асарларни яратган. Рассомнинг ўзи эса ушбу суратни чизаётганда транс ҳолатида бўлганлигини бир неча бор айтган, аммо, бунга ҳеч ким гувоҳ бўлган эмас.
СССР ва дунё санъатида бир қанча унвонлар ва орденлар эгаси, режиссёр Андрей Кончаловский Малевичнинг асари ҳақида шундай фикрларни айтган: “Малевичнинг “Қора квадрати”да маҳорат борми? Истеъдод борми? Гўзаллик ҳиссичи? Йўқ. Рекламадаги устомона ҳийла бор, “портлатиш” истаги бор. Можаро келтириб чиқариш, томошабинни ҳайратда қолдириш хоҳиши мавжуд. Герострат меъмор бўлса, Чикатило (кечирасиз) жарроҳ бўлса, Малевич ҳам шу маънода олиб қараганда рассом”.
Омма психалогиясига оид назарияларда “Қора квадрат эффекти” тушунчаси мавжуд. Сурат эълон қилингач, у ҳақда газета-журналлар тез-тез муҳокама қилиниб, одамлар тилига тушган. Малевич ва унинг шогирдлари, яқинлари томонидан эълон қилинган турли мураккаб мақолалар, рисолалар ва таҳлиллар натижасида инсонлар суратдаги ўзлари кўрмаган, билмаган “сирли моҳият”нинг улуғворлиги, доҳиёналиги тўғрисида оғиз кўпиртиришган. Ва ихтиёрсиз равишда ўзлари ҳам бунга ишониб қолишган. Омма психологиясини жуда пухта ўрганган немис пропагандисти Геббельс учун айнан шу асар атрофидаги воқеалар ўзининг машҳур, ёлғон ҳақидаги теоремаси учун асос бўлиб хизмат қилади. Геббельс шундай деганди: “Агар ёлғон хабар минг марта такрорланса, у ҳақиқатга айланади”. Социологик жиҳатдан олиб қараганда ҳам оддий асарнинг нега бунчалик чўққига кўтарилганлигини тушунтириш мумкин. Гап шундаки, социологияда Томас теоремаси мавжуд. Ушбу назарияда бирор воқеликнинг оқибатида субъектив идрокнинг роли эътироф этилади. Яъни, инсонлар асарни тушунмаганлари ҳолда уни буюк ва дурдона асар эканлигини тинимсиз айтишди, оқибатда “Қора квадрат” юксак мақомга эришди, ўнлаб миллион долларгача баҳоланди.
***
Юқоридагиларни хулосаласак, қайси томондан қаралмасин, Малевич ўз номини тарихга муҳрлаб бўлган. Ва фақатгина санъатнинг тарихигагина эмас. Бугунги кунда “Суперматистлар қора майдони”ни юқори баҳолайдиганлар ёки шунчаки сурат деб эътироф этадиганлар етарлича топилади. Гарчи суперматизм оқими унчалик кенгайиб кетмади, аммо, унинг асарлари санъатнинг янада ёйилишига хизмат қилди.