Skip to main content
гап

Қўлланма. Куч ишлатар органлар “суҳбат”га чақирди. Нима қилиш керак?

Нотаниш рақамдан қўнғироқ қилиб, сизни “суҳбат”га чақиришди. Бўлажак суҳбат мазмуни эса номаълум. Эҳтимол, сизга чақирув қоғози юборилган. Шу сингари суҳбатга “таклиф”лар кўпчиликни гангитиб қўйиши мумкин. Беихтиёр киши онггини қўрқув ва ваҳима эгаллайди. Чунки, тахмин қилиш қийин эмаски, бундай суҳбатларда сиз билан об-ҳаво, сиёсат ва режаларингиз ҳақида гаплашишмайди. Масала анча жиддий – жиноят ва жазо.
Хўш, “куч ишлатар” органлар (ИИВ, ДХХ ва бошқалар) “суҳбат”га чақирса, нима қилиш керак? Чақирув қоғози юборилиши лозимми ёки телефон қўнғироғи ҳам кифоя қиладими? Суҳбат жараёнини аудиоёзувга (ёки видеога) олиш мумкинми? Чақирувни эътиборсиз қолдирса, нима бўлади? Берилган саволларга жавоб бериш мажбурийми? Мақолада ҳуқуқшунос Муроджон Нажмиддинов бу борадаги қонунчиликнинг нозик жиҳатлари хусусида сўз юритади.

Аввало таъкидлаш керакки, кишилар бундай “суҳбат”ларга турли тергов ҳаракатлари ва маълум сабабларга кўра чақирилиши мумкин. Масалан, сўроқ, юзлаштириш (икки ёки ундан ортиқ кишининг кўрсатувларини ўзаро таққослаш), таниб олиш учун кўрсатиш, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва шу сингари бошқа тергов ҳаракатларида. Бунда кишилар тергов ҳаракатларига турли жиноий-ҳуқуқий мақомда – гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки гувоҳ ва жабрланувчи сифатида жалб этилиши мумкин.
Шуни инобатга олган ҳолда юқоридаги масалаларни ҳар қандай жиноий иш бўйича терговнинг ажралмас қисми бўлган сўроқ тергов ҳаракати мисолида кўриб чиқамиз.

Чақирув қоғози шартми ёки телефон қўнғироғи ҳам етарлими?

Кишилар сўроқ қилиниш учун жиноят ишининг ҳар қандай босқичида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судья томонидан чақирилиши мумкин. Аммо, фақат чақирув қоғози билан. Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 97-моддасига кўра, чақирув қоғози почта орқали жўнатилади ёки чопар (курьер) орқали топширилади. Чақирув қоғозида шахс ким сифатида, қайси манзилга ва кимнинг ҳузурига чақирилаётганлиги, қайси кунда ва қайси соатга келиши кераклиги кўрсатилган бўлиши лозим.
Аммо, иш фақатгина чақирув қоғозини юбориш билан битмайди. Унинг адресат томонидан олинганлик факти тасдиқланиши лозим. Яъни, чақирув қоғози чақирилувчига топширилиб, тилхат олинади. Агар чақирув қоғози олиб борилганда чақирилувчи вақтинча йўқ бўлса-чи? Бундай ҳолатда унга бериб қўйиш учун чақирув қоғози у билан бирга яшовчи оила аъзоларидан (вояга етган бўлиши шарт) бирига, ётоқхона маъмуриятига, уй эгасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига топширилиб, тилхат олинади. Шундагина чақирув қоғози расман топширилган ҳисобланади ва ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаради.
Амалиётда кишиларни телефон қўнғироғи орқали сўроққа чақирилиш ҳолатларини ҳам кузатиш мумкин. Қонунчилик чақирувни телефонограмма, телеграмма, радиограмма билан ёки телефакс воситасида амалга оширишга йўл қўяди. Аммо кўриниб тургандек, телефон алоқаси рўйхатда йўқ. Шу ўринда айтиш керакки, қонун сўроққа телефон орқали чақиришни тақиқламайди, шу билан бирга уни юридик жиҳатдан эътироф ҳам этмайди. Яъни, чақирилувчи телефон орқали қилинган “суҳбат”га таклифни рад этишга тўла ҳақли. Чунки у юридик жиҳатдан терговга чақирилмаган ҳисобланади.
Шу боисдан, кўп ҳолатда суриштирувчи ёки терговчи кишиларни телефон орқали чақирганда, расмиятчиликка риоя қилиш учун чақирув қоғозини уларнинг қўлига топширади.

Бормаса ҳам бўладими?

“Терговга боришим шартми? Бормасам мен билан нима содир бўлади?” – суҳбатга чақирилган бирор киши йўқки, унинг ҳаёлидан шу каби саволлар ўтмаса. ЖПКнинг 261-моддасига кўра, жиноят ишини юритиш муносабати билан суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан белгиланган тартибда чақирилган шахслар айнан кўрсатилган вақтда ҳозир бўлишлари шарт. Бунда қуйидаги икки ҳолатга эътиборни қаратиш лозим.
Биринчидан, кишилар “белгиланган тартиб”да чақирилган бўлиши лозим. Бундай тартиб, юқорида кўриб чиқилганидек, кўрсатилган вақтда ва жойда сўроқ қилиш учун ҳозир бўлиш тўғрисидаги чақирув қоғози юбориш ҳисобланади.
Иккинчидан, қонунчилик “узрли сабаблар” бўлган тақдирда терговга келмасликка йўл қўяди. Аммо, бундай сабаблар доираси белгиланмаган. Чунки ҳеч бир рўйхат ҳаётда пайдо бўлиши мумкин бўлган барча ҳолатларни қамраб ололмайди. Узрли сабаблар турлича бўлиши мумкин. Масалан, чақирув қоғозининг белгиланган муддатдан кечикиб олинганлиги ёки умуман олинмаганлиги, терговга иштирок этишга имкон бермайдиган даражада бетоблик ва ҳ.к.. Бунда вазиятнинг узрли ёки узрли эмаслиги ҳар бир ҳолатда алоҳида ҳал этилади.
Агарда узрли сабабларсиз келмаган тақдирда, улар мажбурий келтирилади. Аммо, олдин улар узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортганлиги факти аниқланиши лозим. Шундагина шахсни мажбурий келтириш тўғрисида қарор (ажрим) чиқарилиб, ижро этиш учун иш юритилаётган жойдаги ички ишлар органига топширилади.

Миранда принципи. Тергов қандай бошланиши керак?

“Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтган ҳар бир сўз судда ўзингизга қарши ишлатилиши мумкин ва ишлатилади. Адвокатингиз сўроқ пайтида ҳозир бўлиши мумкин. Агар адвокат учун пул тўлай олмасангиз, адвокат давлат томонидан таъминланади. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?” – АҚШ полициясининг бу “ибодат”и жанговор фильмларни севувчи деярли барчага таниш. Бугунги кунда гумон қилинувчи ва айбланувчига унинг ҳуқуқларини тушунтириш нафақат АҚШда, балки бошқа кўпгина давлатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам мажбурий.
ЖПКнинг 46, 48-моддаларига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи кўрсатувлар беришдан бош тортиш (яъни, сукут сақлаш) ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш, шунингдек, ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувлар сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқлар сўроқ бошланишидан олган терговни амалга ошираётган шахс томонидан тушунтирилиши лозим.

Агар адвокат ёллаш учун пул бўлмаса-чи? ЖПКнинг 50-моддасига асосан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг илтимосига кўра суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья ишда ҳимоячининг иштирок этишини таъминлайди. Бунда улар юридик ёрдам учун тўловдан батамом ёки қисман озод этилиши мумкин. Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари давлат ҳисобидан бўлади.
Гувоҳга келадиган бўлсак, ЖПКнинг 66-моддасига асосан у ҳам адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга ҳақли. Аммо, фақатгина ўз ҳисобидан.

Саволларга жавоб бериш мажбурийми?

Ҳамма ҳам кишилар билан гаплашишни, умуман, оғзаки мулоқотни яхши кўравермайди. Айниқса, “куч ишлатар” органлар билан. Шундай ҳолатда нима қилиш мумкин, гаплашишга, саволларга жавоб беришга мажбурмизми? Жавоб – ҳа, аммо ҳар доим ҳам эмас. Бу кишининг терговга ким сифатида чақирилганлигига боғлиқ. Айтайлик, шахс гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида чақирилди. ЖПКнинг 46, 48-моддаларига кўра, жиноят процессининг юқоридаги иштирокчиларига кўрсатувлар беришдан бош тортиш ҳуқуқи берилган.
Аммо, бундай ҳуқуқ гувоҳга келганда бироз чекланган. У фақатгина ўзига қарши кўрсатув бермаслиги мумкин. Бироқ, бунда ҳам истиснолар мавжуд. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари гумон қилинувчига, айбланувчига тааллуқли ҳолатлар ҳақида гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розилиги билан сўроқ қилинишлари мумкин.
Қолаверса, ЖПКнинг 116-моддасида бир қатор шахслар доираси белгиланганбўлиб, улар гувоҳ ва жабрланувчи тариқасида сўроқ қилиниши мумкин эмас. Хусусан, қуйидагилар:
– ҳукм ва ажрим чиқариш жараёнида келиб чиққан масалаларни маслаҳатхонада муҳокама қилишга оид ҳолатлар тўғрисида — судья ва халқ маслаҳатчиси;
– жиноят иши юзасидан ўз вазифаларини бажаришлари натижасида ўзларига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида — ҳимоячи, шунингдек, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва жавобгарнинг вакили;
– руҳий ҳолати бузилганлиги ёки жисмоний нуқсони сабабли иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатни тўғри идрок этиш ва бу ҳақда кўрсатув бера олиш лаёқатига эга бўлмаган шахслар.
Шу ўринда савол туғилади – агар терговда сўралаётган маълумот касб сири бўлса-чи? Масалан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг (24.04.1997 йилдаги 402-I-сон) 7-моддасига кўра, фуқаролар ёки бошқа ахборот манбалари томонидан ўз номини ошкор этмаслик шарти билан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, шунингдек факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири ҳисобланади. Бундай маълумотларни улар манбаининг розилигисиз ошкор этиш тақиқланади.
Барчаси содда ва тушунарли – касб сири ошкор этилмайди. Аммо, шу нуқтага келган қонунчиликдаги зиддият кўзга ташланади. Шу жумладан, ЖПКнинг 118-моддасига асосан суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан аниқланаётган ҳолатлар ўзида давлат сирларини ёки касб сирини ёхуд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёхуд бошқа шахслар ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирганлигини баҳона қилиб, гувоҳ ва жабрланувчи кўрсатув беришдан бош тортишга ҳақли эмас.
Хўш, бундай ҳолда қайси қонун қўлланилади? “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг (20.04.2021 йилдаги ЎРҚ-682-сон) 18-моддасига кўра, агар қонунчилик ҳужжатини қабул қилган вазирлик ёки идоранинг ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини (юқоридаги мисолда жиноий-ҳуқуқий муносабатлар) ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун махсус ваколати бўлса, ушбу орган қабул қилган ҳужжат бир хил мақомдаги бошқа вазирлик ёки идора томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлади.
Шу ўринда айтиш керакки, Жиноят кодексига асосан ёлғон хабар бериш (237-модда), ёлғон гувоҳлик бериш (238-модда), жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш (241-модда) жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Суҳбатни аудио/видеоёзувга олиш мумкинми?

Афсуски, йўқ. Сўроқ жараёнини аудио/видеоёзувга фақатгина бир шахс олиши мумкин, у ҳам бўлса, терговни амалга ошираётган шахс. Сўроқ жараёнида баённома юритиш билан бир қаторда овозни ёзиб олиш, видеоёзув ва кинотасвирга олиш ҳам қўлланилиши мумкин. Сўроқ қилинувчи ёки тарафларнинг илтимосига кўра суд мажлисида баённомага имзо қўйилгунига қадар ёзилган овоз, видеоёзув ёки кинотасвир намойиш қилиниши мумкин. Улар билан баённома ўртасида жиддий тафовут бўлган ҳолларда, тафовут сабабини аниқлаш учун янгитдан сўроқ қилиниши мумкин.
Аммо, шунга қарамасдан, тергов материаллари билан танишиш ва ундан нусха олиш мумкин. Шу жумладан, ЖПКнинг 46-моддасига кўра, айбланувчи ишнинг барча материаллари билан танишиб чиқиш ҳамда ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этишга ҳақли. Аммо бу суриштирув (1 ой) ёки дастлабки тергов (3 ой) тамом бўлишига қадар вақт талаб қилади.

Сўроқ қандай тартибда амалга оширилиши керак?

Сўроқ қилинувчига ишнинг унга маълум бўлган ҳолатлари тўғрисида сўзлаб беришни таклиф қилиши лозим. Сўроқ қилинувчи эркин сўзлаб берганидан кейин унинг кўрсатувларини тўлдириш ва аниқлашга қаратилган саволлар берилиши мумкин.
Сўроқ қилинувчининг кўрсатувлари рақамлар ёки хотирада сақланиши қийин бошқа маълумотларга тааллуқли бўлса, у сўроқ жараёнида ўзидаги ёки ишга қўшиб қўйилган ҳужжатлардан ёхуд бошқа ёзувлардан фойдаланиши мумкин. Сўроқнинг умумий давом этиш вақти бир кунда саккиз соатдан ошмаслиги лозим. Дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган бир соат танаффус бу ҳисобга кирмайди. Суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи ушланган, сўроқ қилиш учун чақирилган, қамоққа олинган ёки мажбурий келтирилгандан кейин дарҳол ёки йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, сўроқ қилиниши керак. Тунги вақтда, яъни кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 гача тергов ҳаракатлари олиб бориш тақиқланади.
Гувоҳ ёки жабрланувчининг шахси аниқлангандан ва унга процессуал ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилгандан кейин у кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилиб, бу ҳақда сўроқ баённомаси ёки суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.
Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ва (ёки) психолог ёхуд жабрланувчининг вакили иштирокида уларнинг розилиги билан ўтказилади. Кўрсатилган шахслар сўроқ қилувчининг рухсати билан гувоҳ ёки жабрланувчига саволлар беришлари мумкин.
Сўроқ жараёни ва натижалари суриштирув ва дастлабки тергов босқичида сўроқ баённомасида, суд муҳокамасида эса суд мажлиси баённомасида қайд қилинади. Кўрсатувлар баённомага биринчи шахс номидан, имкон борича сўзма-сўз ёзиб борилади. Савол-жавоб сўроқ жараёнида қандай олиб борилган бўлса, шундай изчилликда қайд қилинади. Суриштирувчи, терговчи ёки суд мажлисида раислик қилувчи томонидан четлатилган, шунингдек сўроқ қилинувчи жавоб беришдан бош тортган саволлар ҳам баённомага киритилиши керак.
Сўроқ тугаганидан кейин, баённома ўқиб чиқиш учун сўроқ қилинувчига кўрсатилади ёхуд унинг илтимосига кўра суриштирувчи, терговчи томонидан унга ўқиб берилади. У кўрсатувни ўз қўли билан ёзма равишда баён қилишга ҳақли. Ўз қўли билан ёзилган кўрсатув баённомага илова қилиниб, бу ҳақда баённомага ёзиб қўйилади. Сўроқ қилинувчи баённомани ўқиб бўлгач, кўрсатувлари тўғри ёзилганлиги ва у билан танишганлигини имзо чекиб тасдиқлайди. Баённома нусхасини олиш ҳуқуқи қонунчиликда кўзда тутилмаган, аммо, бу ҳужжатни видеокамерага суратга олишга тўсқинлик қилмайди.
Тушунтиришлар бериш ва баённомани тўлдириш – сизнинг ҳуқуқингиздир. Сиз ҳар қандай тушунтириш беришдан бош тортиш ҳуқуқига эгасиз. Шунга қарамай, баённомани имзолаш тавсия этилади, чунки мансабдор шахс сизнинг рад этишингизни кўрсатган ҳолда холислар билан баённомани расмийлаштириши мумкин. Агар сиз баённомани тўлдирмаган бўлсангиз ёки бўш жой қолдирган бўлсангиз, унга кейинчалик бошқа маълумотлар киритилишининг олдини олиш учун бўшлиқни чизиқ билан тўлдиринг.
Шу ўринда айтиш лозимки, ЖПКнинг 95-1-моддасига асосан жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган ҳолда олинган маълумотлар судда далил сифатида қабул қилинмайди.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муаллиф — Мурод Нажмиддинов

Таҳрир — Дилбар Ҳайдарова

Корректура — Гули Ибрагимова

Суратлар — Борис Жуковский