Fancast лойиҳаси. Баҳтиёр Шералиев янги турни аниқлаш босқичлари тўғрисида.
Танишинг, Хукнинг янги ҳамкори – Fancast лойиҳаси. Лойиҳа доирасида Рустам Ашуров фаннинг турли сохаларидаги мутахассислар билан илмий-оммабоп суҳбатлар олиб боради. Хук эса ушбу суҳбатлардан олинган қизиқ лавҳаларни сизга матн кўринишида тақдим этиб боради.
Лойиҳанинг учинчи сони меҳмони – биолог-ихтиолог Бахтиёр Шералиев. Қуйида янги турларни аниқлашнинг босқичлари ва турларнинг ўзидан кўра уларнинг номлари нега кўпроқ экани тўғрисида ўқинг.
Рустам Ашуров
Физика ва математика бўйича фалсафа доктори, ЎзР ФА Ион-плазма ва лазер технологиялари институти илмий ходими, блогер.
Бахтиёр Шералиев
Биология бўйича фалсафа доктори, Жануби-Ғарбий университет (Чунцин, Хитой Ҳалқ Республикаси) постдок тадқиқотчиси.
***
Марказий Осиё ҳудудидаги балиқларни тадқиқ этиш, яъни ихтиологиянинг илк топилмалари 1852 йилга бориб тақалади. Лев Семёнович Беркнинг “СССР ва унга қўшни ҳудудлар балиқлари” деб номланган китоби ҳозирги вақтга қадар энг асосий манба бўлиб хизмат қилади. Сабаби, ундан сўнг яратилган турли монография ва илмий китоблар фанга у қадар чуқур киролмаган ёки трансчегаравий дарёларни муфассал ўргана олмаган. Қолаверса, мавжуд маълумотномалардаги фактлар эски методлар асосида тўпланган. Шу боис бугунги кунда ўрганиш зарур бўлган ҳудудлардан бири Марказий Осиё минтақаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам менинг ҳозирги ишим – замонавий методлар асосида турларни қайтадан тадқиқ қилишдир. Масалан, ўтган йили, яъни 2021 йилда биз Фарғона водийсидан янги балиқ турини кашф этишга ва уни расман эълон қилишга муваффақ бўлдик. Ҳозирги кунда ҳам шундай турлар мавжуд ва улар эълон қилиниш жараёнида. Айни вақтда янги турлар халқаро экспертизадан ўтмоқда.
Экспертизадан ўтказиш босқичлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Аввало топилган янги тур ҳақида илмий мақола орқали эълон қилинади.
2. Сўнг бу соҳадаги халқаро экспертлар аноним тарзда жалб этилади. ҳамда мақоладаги маълумот ва топилмалар текширувдан ўтказилади.
3. Текширувдан муваффақиятли ўтган янги тур Халқаро балиқлар каталоги рўйхатига қўшилади. Бевосита каталог билан боғланган бир қанча субкаталоглар бор, улар ҳам янги тур ҳақида маълумот беради. Шу тариқа топилма бутун дунёга эълон қилинади.
Бир турни икки киши кашф қилиши мумкинми?
Ҳа, мумкин. Шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Масалан, бизда политипия ҳодисаси мавжуд. Бир тур доирасида хилма-хиллик бор, бир тур бирозгина ўзгариши мумкин. Дейлик, Сирдарёнинг юқори оқимидан бир тур топилди, Тожикистонда бошқа бир ихтиолог Сирдарёнинг қуйи оқимидан шу турнинг бироз фарқлисини аниқлади ва улар бир-биридан бехабар ҳолда икки хил ном билан уни фанга киритдилар. Кейинчалик бошқа бир мутахассис бу битта тур эканлигини аниқласа, икки ишдан қайси бири биринчи эълон қилинганлигига қаралади ва биринчи тақдим этилган иш танланади.
Ҳозирги кунда балиқларнинг 36 мингга яқин тури мавжуд, лекин фанда қўлланиладиган балиқлар номи 65 мингдан ортиқ. Хўш, бундай фарқ қаерда ҳосил бўлди?
Фан ривожланиб боргани сайин турли таҳлилий методлар ҳам кашф этила борди. Шундай кашфиётлардаан бири – ДНК баркодинг усули. Бу усул орқали, масалан, олдин 10 та алоҳида тур деб ҳисобланиб келинган балиқ турлари аслида бир турга тегишлилиги аниқланса, энг биринчи аниқланганининг номи бутун турга берилди. Шу тариқа фанда турдан кўра унинг номи кўпайиб кетган.
Сухбатни лойиҳанинг Youtube-саҳифасида тўлиқ кўришнгиз мумкин. Биз эса доимий равишда Fancastнинг ушбу ва кейинги сонларидан лавҳаларни улашиб борамиз.