Skip to main content

Дангасалар куни муборак бўлсин!

сана
10.08.2022

Диққат! #56479522395161. Агар ушбу рақамларни ўқишга эринган бўлсангиз, ҳурматли ўқувчи, бугун – 10 август – Дангасалар куни, яъни сизнинг байрамингиз!

Ҳар йили 10 августда Aмерика Қўшма Штатларида ва баъзи хориж мамлакатларида Дангасалар куни байрам сифатида нишонланади. Бу кунда одамлар кундалик юмушлари ва ишларидан танаффус олиб, кунни мутлақо ҳеч нарса қилмасдан ўтказишади. Ушбу байрам ялқовлар учун айни муддао бўлиб, кунни фақат диванда ухлаш билан ўтказиш, телевизор кўриш ва беғам овқатланиш байрамнинг асосий қадриятидир. Бу кун байрам сифатида ҳам ўзига хос, сабаби бошқа байрамлардан фарқли равишда, дангасалар кунида сиз ҳеч қандай тадбир ва учрашувлар ташкиллаштирмайсиз, махсус таомлар тайёрламайсиз. Байрамни фақатгина ухлаш ва бекорчилик биланнишонлайсиз.

Афсуски, бу байрам Ўзбекистонда нишонланмайди. Шундай бўлсада, дангасаликка “таланти” борлар учун бу байрам ҳақида билиш қизиқ деб ўйлаймиз.

Байрамнинг тарихи

Кўплаб байрамлар сингари Дангасалар кунининг қачон ва ким томонидан жорий қилинганлиги аниқ эмас. Фикримизча, Дангасалар кунининг асосчиси байрамнинг келиб чиқиши ва унинг нега айнан 10 августда нишонланишини ёзишга эринган. Ушбу кун ҳақида ягона маълумот шуки, у 10 августга тўғри келади ва кун бўйи ҳеч нарса билан шуғулланмасликни ўз ичига олади.

Ялқоввойлар, диққат, сиз ҳақингизда қизиқарли фактлар

Сўнгги тадқиқотларда дангасаликнинг бир қанча ўзига хос жиҳатлари кашф этилди. Сиз билан ҳозир ушбу маълумотлар билан танишамиз:

“Туғма” дангасалар

Илмий тадқиқотларга кўра, баъзи одамлар “дангасалик” гени билан туғилади. Ушбу ген мутацияси одам миясидаги дофамин рецепторлари билан боғлиқ. Дофамин инсоннинг жисмоний фаолликистаги билан чамбарчас боғлиқ бўлганлиги сабабли, айримлар табиатан дангаса бўлиши мумкин.

Баъзида дангаса бўлиш фойдалидир

Баъзан дангаса бўлиш кони фойда. Масалан, тузоқдаги пишлоқни олмоқчи бўлган иккита сичқон мисолини олайлик. Биринчи сичқон ўша пишлоққа эга бўлиш учун ҳаракат қилади ва натижада тузоққа тушади. Иккинчи сичқон биринчисига нима бўлишини кузатиб туради ва шериги тузоққа тушгач, шунчаки сайр қилиб, пишлоққа эга чиқади. Бу мисолни инсонлар талқинида ҳам кўриш мумкин, ҳар доим ҳам биринчи бўлиб ҳаракат қилган одам ғалабага эришавермайди. Аксинча, кейинроқ ҳаракат қилганлар яхшироқ натижаларга эришишади.

Дангасалик ижодкорликни оширишга олиб келиши мумкин

Бирор киши ишлаётганда, унинг мияси тўлиқлигича вазифани бажаришга қаратилади. Бу эса мияда ҳаёлий, ижодий фикрлаш учун жуда кўп жой қолдирмайди. Мия тинч ҳолатда бўлгандагина, унинг чексиз тасаввур кучлари тўлиқ фаоллашади ва ижодий фикрларнинг юзага чиқишига имкон беради.

Сиз одамларни дангасаликка ўргата олмайсиз – уларда бу хислат бор ёки йўқ бўлади (Дегвуд Бамстид)

Дангасалик кунининг урф-одатлари ва анъаналари

Бу кунни нишонлаш учун турли тантаналар ташкиллаштириш мутлақо хато! Ушбу байрамнинг бутун моҳияти ётоқда қолиш ва мутлақо ҳеч нарса қилмасликка қаратилган. Демак:

1. Ўзингизга чексиз вақт беринг ва будилникни ўчирган ҳолда, ўз хоҳишингиз билан уйғонгунингизча тиниқиб ухланг.

2. Бу кунда танангизга ҳам бир яйраши учун юмшоқ ва қулай кийимда бўлишга эътибор беринг. Бундаги энг тўғри танлов эсасизнинг пижамангиздир.

3. Кун давомида телевизор олдида бўлишдан хижолат тортманг. Aнчадан бери кўрмоқчи бўлган сериал ва кинолар томоша қилиш учун бугун ажойиб имконият мавжуд. Айнан дангасалик билан боғлиқ филмларни тамоша қилиш эса айни муддао. Масалан, 1929 йилда ишланган “Бизнинг тўдамиз” қисқа метражли комедиясининг “дангаса кунлар” деб номланувчи филмни танлашингиз мумкин.

4. Ёқтирган мусиқаларингизни тингланг ва унга жўр бўлинг. Асосийси, миянгиз ва танангиз ҳордиқ чиқарсин.

5. Ижтимоий тармоқлардан ва телефонингиздан ҳам дам олинг. Шундай бўлсада, бу байрамни нишонлаётганингизни дўстларингиз билишини хоҳласангиз, ўзингизнинг ижтимоий тармоқдаги аккаунтларингизда #Lazyday хештегидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

6. Асосийси, бугун таом тайёрлашга ҳамда идиш ювишга мажбур эмассиз. Таом буюртма қилинг ва бугунча бир марталик идишлардан фойдаланинг.

P/S: Ҳурматли Ўзбекистонлик дангасалар! Биз эса ишлашда давом этамиз ва дангасалик машғулотларини дам олиш кунларига қолдирамиз 🙂

Кунингиз яхши ўтсин!

БУ КИМНИ ИШИ?

Ноила Нурмаматова – матн

Дилбар Ҳайдарова – таҳрир

Муқова: unsplash.com