Skip to main content
дайджест

Янгиликлар дайджести: 16 июль

Анъанавий ҳафталик дайджест энди ўзбек тилида. Бугун диққатимиз марказида сўнги икки ҳафтанинг танланган янгиликлари.

Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси 1 августгача узайтирилди — Bugun.uz

Бу тўғрисида депутат Жаҳонгир Ширинов таклиф билдирган. Бунинг сабаби сифатида кикритилаётган ўзгартиришлар бўйича кўплаб таклифлар келиб тушаётгани кўрсатилган. Таклифни депутатлар қўллаб-қувватлашган.
Шунингдек, Конституциявий комиссия раиси, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов олдинги 5 июлдан 15 июлгача бўлган узайтиришни хорижлик айрим экспертлар томонидан Қорақалпоғистон воқеалари билан боғлангани асоссизлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра лойиҳа муҳокамаси келиб тушаётган таклифларнинг кўплиги сабабли узайтирилмоқда.

Комиссия раиси мамлакатда бўлиб ўтаётган сиёсий жараёнга мамлакат ичкарисидагига нисбатан ташқаридан кўпроқ қизиқиш билдирилаётганини таъкидлаган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, жараёнда 60 дан ортиқ модда ва 200 дан ортиқ нормага ўзгартириш киритиш кутилмоқда.

Туркманистон билан 19 та ҳужжат имзоланди — Gazeta.uz

Туркманистон президентининг мамлакатимизга ташрифи якунлари бўйича 19 та ҳужжат, жумладан, Амударё сув ресурсларини бошқариш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида, транспорт ва транзит ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари томонидан битимлар имзоланди. Жами 19 та ҳужжатга имзо чекилди, шулар жумласидан:
– Транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим;
– Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Амударё сув ресурсларини бошқариш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида битим;
– Ташаббусли илмий-тадқиқот лойиҳаларининг қўшма танловини ўтказиш тўғрисида битим;
– 2022−2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури;
– 2022−2024 йилларга мўлжалланган илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида дастур;
– 2023−2024 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури;
– Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонаси — Савдо марказини ташкил этиш ва фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим қоидаларининг амалий ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси.

Шунингдек, президентлар Самарқанд шаҳрида бўлиб Ислом Каримов мақбарасини ва тарихий обидаларни зиёрат қилишди. Кўплаб масалалар қаторида давлат раҳбарлари хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш борасида ҳам келишиб олишди.

Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абэ ўлдирилди — Gazeta.uz

Ўтган жума куни Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэ 67 ёшида вафот этди. У Япониянинг Нара шаҳрида нутқ сўзлаётган чоғида уюштирилган суиқасд оқибатида анча оғир аҳволда шифохонага етказилган эди.

Япониянинг NHK телеканали Абэнинг ушбу суиқасд оқибатида 8-июль куни ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берди.
Гумонланувчи шахс полиция томонидан қўлга олинган. У Нара шаҳрида яшовчи 41 ёшли фуқаро эканлиги маълум бўлган.

Шуни айтиб ўтиш керакки Абэ замонавий Японияни энг узоқ вақт давомида бошқарган сиёсатчи эди.

Борис Жонсон Консерватив партия раҳбарлиги ва Буюк Британия бош вазирлигидан кетишини эълон қилди, аммо у партиянинг янги етакчиси сайланмагунча бош вазирлик лавозимида ишлашда давом этади. — Kun.uz

Сўнгги пайтдаги энг шов-шувли сиёсатчилардан бири Борис Жонсон ўзи эгаллаб турган Британия премьер министрлиги постидан кетди.
Даунинг-стритдаги бош вазир қароргоҳи биноси ёнида чиқиш қилган Жонсон ўз тарафдорлари ва Британия халқига қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирган ҳамда «дунёдаги энг яхши иш»дан кетаётганидан ниҳоятда хафа эканини, «аммо шундай бўлиб қолгани»ни айтган.

Пайшанба куни консерваторлар партиясида ва мухолифатчилар партияси томонидан Жонсонни зудлик билан кетишга чақириқлар янгради. Улар мамлакат бошқарувини ҳукмрон партиянинг янги раҳбари сайлангунига қадар бош вазир ўринбосари Доминик Рааб ўз зиммасига олиши керак деб ҳисоблашган.
«Ўз нутқида Жонсон бизга ўзининг асосий ютуқлари ҳақида эслатди – Брекситдан тортиб ковидга қарши вакцинация дастуригача», дея қайд этади BBC’нинг сиёсий мухбири Иен Уотсон.

Тошкентда электросамокат иштирокида биринчи ўлимга олиб келган ЙТҲ содир бўлди — uznews.uz

Тошкент шаҳар ИИБ берган маълумотга кўра воқеа 5-июль куни соат чамаси 01.55 ларда Шайхонтоҳур туманининг Қоратош кўчасида содир бўлган.
Жабрланувчи ЙТҲдан олти кун ўтиб шифохонада вафот этган.

Евро курси 20 йил ичида биринчи марта бир доллардан пастга тушди — Kun.uz

13 июль, чоршанба кунги савдолар пайтида евро курси 2002 йил декабридан бери илк марта евроҳудуднинг иқтисодий истиқболлари ёмонлашиши ва Россия газининг Европага етказиб берилиши тўлиқ тўхтатилиши эҳтимоли фонида 1 АҚШ долларидан пастга тушди.
Европа валютаси бир неча йўқотишларни қоплашдан олдин кун давомида 0,9998 долларгача тушиб кетан. Йил давомида евро аста-секин арзонлаша борган ва июнь ойида унинг нархи кескин тушиб кетиши кузатилган. Мутахассислар буни Украинадаги уруш оқибатлари ва «Шимолий оқим 1» газ қувурининг режали техник хизмат кўрсатиш учун тўхтатилиши фонида Россия гази нархининг ошиши билан боғлашмоқда. Бир кун аввал, 20 йил ичида биринчи марта евро/доллар жуфтлиги минимал паритетга етиб евро курси 1 АҚШ долларигача тушган.

Ўзбекистонда 200 000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилади — Bugun.uz

МБ 15 июлдан 200 000 сўмлик номинал қийматга эга бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди.
Мазкур банкнот тематикаси Буюк Ипак йўли ҳамда мамлакат ҳудудидаги Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган.

Мутахассислар Ўзбекистонда айрим соҳалар учун тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этиш мумкин деб ҳисобламоқда

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари 4 кунлик иш ҳафтасини Ўзбекистонда қўллаш эҳтимолларини таҳлил қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий саҳифасида эълон қилинди.
Ўзбекистонда 4 кунлик иш ҳафтасининг меҳнат унумдорлигига таъсирини таҳлил қилиш учун ПМТИ мутахассислари республика бўйича меҳнат унумдорлиги ва бир соатлик иш вақтидаги меҳнат унумдорлигини ҳисоблаб чиқишди.
Корреляцион таҳлил натижаларига кўра, меҳнат унумдорлиги ва иш соатлари ўртасида боғлиқлик мавжудлиги аниқланди – корреляция коэффициенти – 0,40. Шундай қилиб, Ўзбекистон шароитида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича жаҳон амалиётини иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўллаш мақсадга мувофиқ эмаслиги маълум бўлди. Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, саноатда иш соатлари ва меҳнат унумдорлиги ўртасидаги корреляция коэффициенти – 0,45 ни ташкил этди. Бу юқори корреляцияни тасдиқлайди. Бунинг асосий сабаблари ишлаб чиқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилмаганлиги, дея келтирилган
Шунга қарамасдан, ПМТИ мутахассислари 4 кунлик иш ҳафтаси қўлланилиши мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга ҳаракат қилишган. Ўзбекистонда бу номоддий ишлаб чиқариш соҳалари бўлиб, уларга IT соҳаси, банклар, таълим, соғлиқни сақлаш, шунингдек, илм-фан билан боғлиқ соҳалар киритилган. Шу билан бирга IT-соҳаси ходимларининг аксарияти анча мослашувчан иш тартибига эгалиги айтиб ўтилган. Банкларнинг 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиши молиявий операцияларни секинлаштириши мумкинлиги қайд этилган. Шуни хабарда келтирилишича келтирили Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ иши ҳиссий, ақлий, асабий тарангликни кучайтириш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар учун иш вақти ҳафтасига 36 соатдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланган (Меҳнат кодексининг 118-моддаси). Бироқ, таҳлил натижаларига кўра, таълим (корреляция коэффитсенти -0,15), соғлиқни сақлаш (-0,21), IT-соҳаси (-0,09), илмий фаолият (-0,07) ва молия тизимида (-0,06) иш соатлари ва меҳнат унумдорлиги ўртасида корреляцион боғлиқлик мавжуд эмас. Бу эса ўз навбатида ушбу соҳаларда иш вақтини қисқартириш имкониятлари мавжуд эканлигидан далолат бериши айтилган.

БУ КИМНИ ИШИ?

Лазиз Холиёров — тузувчи

 

Муқова: unsplash.com