Аёллар нега эзилади – руҳшунос назари
Руҳшунос Жавоҳир Эргашев оилада аёлларга қарши зўравонликнинг психологик сабаб ва омиллари тўғрисида сўз юритади.
Яқинда Сурхондарё вилоятидаги тўйларнинг бирида юз берган антиқа ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Аксарият ҳолатларда бу ҳаракатга салбий муносабат билдирилмоқда. Ушбу видео нафақат Ўзбекистон, балки, чет эл интернет тармоқларида ҳам тарқалди. Бу ҳодиса орқали намоён бўлган ҳолат фақатгина бизга хос эмас. Дунё миқёсида ҳам аёллар зўравонликдан анча кўп жабр кўрадилар ва аксарият ҳолларда бу уларнинг эрлари ёки яқин кишилари томонидан содир этилади. Айни шу сабабдан ушбу мақолада аёлларга нисбатан оиладаги зўравонлик ҳақида сўз боради.
***
UNFPA (БМТнинг аҳолишунослик бўйича фонди)нинг ҳисоботига кўра дунё бўйлаб ҳар уч аёлдан бири жисмоний ёки жинсий зўравонликни бошидан кечирган. Тарихан олиб қараганда, то феминистик тўлқинлар вужудга келмагунга қадар эркакнинг оиладаги тўлиқ устунлиги, хотинига муносабатидаги руҳий ва жисмоний босим одатий ҳол бўлиб келган ва бунга зўравонлик деб қаралмаган. XIX аср ўрталарига қадар кўплаб давлатларнинг ҳуқуқий тизимларида хотиннинг калтакланиши эрнинг ҳуқуқи, хотинни бошқаришдаги восита деб ҳисобланган.
Эркак аёлини таёқ билан калтакламоқда. Тахминан 1360-йиллар.
Фото: “Hmn.wiki”
Аёлларга нисбатан зўравонлик содир этилишига қатор сабабларни кўрсатиш мумкин: алкоголизм, гиёҳвандлик, рашк, моддий қийинчиликлар, амалга ошмаган истак ва режалар оқибатида вужудга келадиган агрессив энергия, шахсият бузилишлари ва ҳ.к.
Моддий қийинчиликлар
Турли тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, маиший зўравонликлар давлатлардаги иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларга боғлиқдир. Дунёда оила ичида аёлларга нисбатан жинсий зўравонликнинг ўта юқори кўрсаткичлари Африканинг деярли бутун ҳудудида, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳудудларида, энг пастлари эса Ғарбий Европа, Шарқий Осиё ва Шимолий Америка давлатларида қайд этилган. Бунга асосан ишсизлик, даромаднинг пастлиги кабилар омил қилиб кўрсатилади. Моддий етишмовчилик оилада руҳий тарангликни юзага келтириши мумкин, Етарлича даромад билан яшамайдиган оилалар моддий зиддиятлар ва стресс натижасида зўравонликни бошдан кечириш эҳтимоли юқори бўлади. Баъзи фикрларга кўра оилани етарли маблағ билан таъминлай олмаслик “яхши эр” бўлиш ҳақидаги тасаввурларга ғов бўлади. Ва бу билан эр оилада ўз ҳурматини ва назоратни йўқотишдан ташвишга тушади, бунинг натижасида эса ўзининг оила боши сифатидаги эркак кишилигини кўрсатиш учун кескин фикр ва ҳаракатларга йўл берши мумкин.
Алкоголизм
Оиладаги зўравонликлар одатда спиртли ичимлик ичиш билан бир вақтда содир этилиши кўп ҳолларда кузатилади. Сурункали ичувчилар ва ўзини алкоголдан тиювчиларга қараганда сурункали ичмайдиганлар кўпроқ зўравонлик қилишади, аммо, тажовузнинг оғир ва жиддий шакллари ашаддий пиёнисталар томонидан содир этилади. Изланишлар натижасида шу ҳам аён бўлдики, алкоголизмдан даволаниш зўравонликнинг камайишига олиб келади.
Шахсият бузилишлари
Шахсият бузилишларига паст импулсив бошқарув, ташқи оламни қабул қилиш ва у билан муносабатда муаммолар, хулқ-атвордаги ва ҳиссий оғишлар мисол бўлиши мумкин. 1993-йилда ўтказилган бир тадқиқотга кўра зўравонлик бўйича судланаётган эркаклар орасида руҳият бузилиши 80-90%ни ташкил этган. Ушбу тадқиқотда қатнашган эркакларнинг барчасига шахсият бузилишининг садистик, антисоциал ва чегаравий турлари ташхиси қўйилган.
Ижтимоий муносабат
Ўзбекистонда БМТ томонидан белгиланган Халқаро оила кунида, 2021-йил 15-май санасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан сўровнома ўтказилди. 18 ёшдан ошган фуқаролар қатнашган ушбу тадқиқот натижасига кўра оилада аёлнинг жисмоний зўравонликка дучор бўлишида спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш (23,5%), ўзаро тушунмовчилик (22,1%), моддий қийинчиликлар (20,6%) асосий сабаблар ҳисобланади. Тадқиқот натижаларида яна бир эътибор қратиш лозим бўлган рақам бор, сўровномада қатнашувчиларнинг 10,3% айрим ҳолларда эрнинг хотинига куч ишлатиши мумкин деб жавоб беришган. Бундай қарашда бўлган респондентлар аёллар ўз ҳатти-ҳаракатлари билан эрларини куч ишлатишга мажбур қилишади деб ҳисоблайди.
ЮНИCЕФ 15-49 ёш орасидаги аёллар орасида ўтказган сўровномага кўра исломий давлатлар бўлган Афғонистон ва Иорданияда уларнинг 90%и, аҳолисининг катта қисми мусулмон давлатлар, Малида 87% ва Гвинеяда 86% аёллар эрнинг аёлини маълум бир ҳолларда калтаклашини ўринли деб ҳисоблашган. Исломда аёлни калтаклаш мумкин ё мумкин эмаслиги анча баҳсли вазият ҳисобланади. Ислом шариатида ўз аёлини калтаклаш мумкинми ва қай даражада эканлиги ҳақида ўрта асрлардаёқ диний уламолар ўртасида тортишувлар кечган. Бунда фикрлар ўртасидаги зиддиятларга сабаб асосан Қуръон тафсирларидаги фарқлар бўлган.
ЮНИCЕФнинг яна бир, 2012-йилги Ҳиндистонга оид ҳисоботида Ҳиндистоннинг 57% ўғил болалари ва 15-19 ёш оралиғидаги қизларнинг 53%и хотиннинг калтакланишида эрни ҳақли деб билади. Аммо бунга ўхшаш қарашлар Европа давлатларида ҳам учрайди, Болгарияда зўравонлик билан боғлиқ бир суд жараёнида хотинини калтаклаган эркакдан судья сиз қандай жиноят қилганингизни тушуняпсизми, қилмишингиздан афсусланасизми деб сўраганда, эр “Ахир у мени хотиним-ку.” деб жавоб берган.
Аслида, бу ўринда зўравонлик атамасини ишлатиш унчалик тўғри эмас, чунки, хотинга нисбатан куч ишлатилишини ёқлайдиган жамиятда бунга табиий ҳол сифатида қаралади. Бу эрнинг ҳуқуқи, баъзан эса бурчи деб тушунилади. Бундай консерватив қарашлар мавжуд маданиятларда маиший зўравонликка қарши курашиш, мулоқот қилиш анча қийин кечади. Асрлар давомида аёлнинг “иккинчи даражали” жинс эканлиги, хотиннинг ўз эрига доимо инкорсиз итоат этиши кераклиги ҳақидаги фикрлар инсонлар онгига сингиб кетган. Бундан ташқари, оиладаги зўравонлик ҳақида хабар бермаслик, ҳам ушбу муаммони йўқотишга қаратилган ҳаракатларнинг самарасини камайтиради.
“Қуш уясида кўрганини қилади”
Зўравонлик содир этувчилардаги умумий жиҳат бу уларнинг ёшлигида шафқатсизликни, зўравонликни бошидан кечиришган, ёки, унга гувоҳ бўлишгани. Бу фикрдан хато хулоса келиб чиқмаслиги керак, яъни, болалигида зўравонликка гувоҳ бўлишса, ёхуд, бевосита ўз бошларидан кечиришса бу албатта уларни келажакда зўравонлик содир этишини англатмайди. Оилада катталар томонидан жанжаллар, бир-бирига нисбатан зўравонликлар ва таҳқирлашлар қанчалик кам содир этилса, келажак авлодда ҳам бундай ҳолатлар учраши эҳтимоли камаяди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бола катталар томонидан қанча кўп жисмоний жазоланган бўлса, вақт ўтгач улар ҳам ўз оила аъзоларига, яқин шерикларига нисбатан зўравонлик қилиш эҳтимоли ошиб боради.
Психологик зўравонлик
Зўравонликнинг яна бир кўриниши борки, психологлар бундай зўравонликни оқибатларини жисмоний зўравонликникидан ҳам оғирроқлигини эътироф этишади. Бу – психологик (ахлоқий, ҳиссий) зўравонликдир. Психологик босимлар натижасида киши руҳияти ва шахсиятида бузилишлар ҳосил бўлади ва зўравонликнинг бун дай шакли ташқаридан қараганда унчалик эътиборни тортмайди – алоҳида индивидлар ўртасида келишмовчиликлар, оила шароитидаги жанжаллар қаерда йўқ дейсиз? Айниқса, жисмоний зўравонликка оддий ҳолдек қараладиган муҳитда янаям арзимас ҳолатдай кўринади.
Психологик зўравонликнинг амалга оширилиши қуйидагича бўлиши мумкин:
– хулқ-атворни назорат қилиш орқали, бунда жабрланувчининг ҳатти-ҳаракатлари бошқарилади, кишилар билан алоқалари кузатувда бўлади;
– фикрни бошқариш орқали – жабрланувчининг фикрларини зўравоннинг фикрлаш тарзига мос келтиришга ҳаракат қилинади;
– ҳис-туйғуларни назорат қилиш – жабрланувчининг ҳар қандай эмоционал ўзгаришлари, ҳиссий реакциялари бошқарилади ёки манипуляция қилинади;
– ахборот олишдаги бошқарув – ўқиладиган китоблар, журналлар, қандай мусиқа эшитиши, қандай кўрсатувларни кўришигача назорат қилинади;
Бунда босим ўтказувчи ўзини ғамхўр, фидойи, ҳиссиётга берилувчан қилиб кўрсатиши мумкин, у ўз шеригига уни қаттиқ севишини, барча кўрсатаётган таъсирлари, қўяётган чекловлари унга нисбатан бўлган туйғулари сабаб эканлигини такрорлашдан чарчамайди.
***
Қадим анъаналар ва урф-одатлар ҳали ҳам қатъий амалда бўлган ҳудудларда аёлга нисбатан нафақат унинг эри, балки, ўз ота-онасидан ҳам турли босимлар бўлади. Мажбурий никоҳ, ажрашишга фаол қаршилик кўрсатиш кабиларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Турмушга чиқарилган қизнинг қайтиб келиши, бунга нима сабаб бўлганидан қатъий назар жамоатчиликда унинг оиласига нисбатан салбий муносабат уйғотади. Ота-она ҳам ўз фарзандларига қанчаик ачинишмасин, оила шаъни тўғрисида кўпроқ қайғуришади. Бир томондан эр ўзининг оила боши эканлигини зўрлик билан кўрсатишга уринса, бир томондан ота шундай ишни қилади.
Аёлларга нисбатан оиладаги зўравонликлар урчиган давлатларда, жабрланган аёлларнинг катта қисмида мазохистик кайфият бўлади, улар ўз эрларининг оқиллигига, ҳақ эканлигига, унинг бу ишлари оила ва аёлнинг ўзини манфаати ва фойдасини кўзлаб қилинаётганига ишонади, айни пайтда бундан қониқиш ҳосил қилади. Мазлум аёл бир кун келиб албатта яхши кунлар келишига, ҳаммаси ўз изига тушиб кетишига ишонади. Ўз шахсияти ва руҳиятида сабр-тоқат, матонат, ирода каби фазилатларни намоён қилишга ҳаракат қилади. Ирода ва матонат ҳақидаги бундай нотўғри қарашлар жуда кўп ҳолларда ижобий натижа бермайди. Тартибсиз ва зўравонликка тўла ҳаёт ўн йиллаб ва баъзан бутун умр давом этиши мумкин.
Немис психиатри Эрих Фромм ўзининг “Севги санъати” асарида икки жинс ўртасидаги симбиотик алоқа тушунчаси ҳақида сўз юритади, уни пассив ва фаол кўринишга ажратади. Ўз жуфтига сўзсиз итоат этувчи, уни ҳар бир сўзини “қонун” деб қабул қилувчи, шахсиятини ўзи учун жуда юқори даражага кўтарувчи томонни симбиотик алоқанинг пассив (мазохистик) кўриниши деб атайди. Ўз итоатгўйини бошқарадиган, имкон қадар назорат қиладиган, уни тахқирлайдиган, азобларга дучор қиладиган томоннинг ҳаракатларини эса симбиотик алоқанинг фаол (садистик) шакли деб номлайди. Бунда иккала томон ҳам ўзаро ноихтиёрий равишда бир-бирига боғланиб қолиб, бир-бирисиз ўзларини ёлғиз ҳис қилишади, руҳий тушкунликка тушишади.
“Ким кучлироқ севса қаттиқроқ уради”, карикатура, Жан Гранвил, 1845-йил.
Манба: ru.m.wikipedia.org
Хулоса ўрнида айтиш керакки, аёлларга нисбатан зўравонликлар ҳам психологик, ҳам социологик жиҳатдан йилдан-йилга чуқурроқ ва кенгроқ ўрганилиши лозим, жамият ва башарият қарашлари замон билан уйғунлашуви муҳим. Инсониятни ташкил этувчи икки жинсдан бири, янги авлод шаклланишида энг аввалги масъулият зиммасида бўлган, аммо, руҳан ва жисмонан эзилган, толиққан аёл билан миллатнинг ривожланиши ҳақидаги фикрлар пуч бўлиб қолаверади.