Skip to main content

Санъат даражасидаги саноат - аниме жанрига бир назар

ҳордиқ
13.09.2022

Савдо йўллари олис халқларни, улар орқали эса маданиятларни бир-бири билан боғлаган. Ҳар бир ҳудуд ўз ери, турмуш-тарзи ва маданиятига хос бўлган нарсалардан фойдаланиб бозорга кириб келган. Дамашқ қиличларию Эрон гиламлари, Хитой шойисию Ўрта Осиё тақинчоқлари бозоргир бўлган. Бугун ҳам бу жараён тўхтовсиз давом этмоқда. Ушбу мақолада тенденциянинг ажралмас вакиллари сифатида Япония ва унинг сўнгги пайтларда дунё бозорида талабгир бўлган анимеси ҳақида сўзлашамиз.

Хўш, кўплар эшитган анименинг  машҳурлиги сабаби нимада ўзи? Нега у бутун бошли мультипликацион анимация соҳасида бундай катта муваффақиятга эришяпти? Келинг, бу саволларга бир бошдан жавоб изласак.

Аниме тарихи

Аниме тарихи ХХ аср бошларига бориб тақалади. Шу даврдан бошлаб япон ижодкорлари анъанавий “Manga” га асосланган ҳикояларни жонлантиришда анимацияларни қўллай бошлашади. Булар ўта қадимий анимацион ишлар бўлиб, шунга яраша содда бўлган. Қолаверса, ҳали бу тижорат мақсадидаги анимелар эмасди. Илк япон анимацияларидан бири “Katsudo Shashin” атиги 3 сония давом этган. Илк “аниме” намуналаридан бири сифатида эса 1917 йилда намойиш этилган, 2 дақиқага мўлжалланган анимацион фильм “Namakura Gatana” кўрилади. Японияда кейинчалик барча анимация намуналари “аниме” деб номлана бошланган, бутун дунё эса барча япон анимацион фильмларини “аниме” деб атай бошлади.

Нега аниме бундай машҳурликка эришди?

Анименинг ўзига хос жиҳатларидан бири унинг персонажларидир. Одатда, улар ўта аниқлик билан, майда деталларигача ишлаб чиқилган бўлади ёки аксинча оддийроқ лекин ёқимтой персонажлар ҳам кўп. Бу борада япон рассомларининг топқирлиги таҳсинга сазовор. Умуман топқирлик япон анимацияларининг барчасига хос бўлган умумий жиҳатдир. Аниме персонажлари реал инсон характерини ўзида акс эттиради. Персонажлар конфликтга киради, ёмонликка қўл уради, севади ва хатоларини англаб етади. Қаҳрамонларнинг психологик ҳолати талқинига бағишланган саҳналар япон анимацияларида кўп учрайди. Ва айтиш керакки, бу қаҳрамонлар мотивлари асосан, катта ёшли инсон мотивлари билан параллел келади. Бу эса бошқа анимациялардан фарқли ўлароқ, япон анимелари ихлосмандлари орасида ёш билан боғлиқ чегаларни парчалаб ташлайди. Сюжет борасида ҳам вазият шунга ўхшаш: сценаристлар инсон реал ҳаётдаги воқеалар тўлқинини ҳис қила олиши учун аниме коинотида кечадиган воқеаларни бизларга таниш бўлган хатолар, ютуқлар, ўйлар ва интилишлар билан безайди. Буларнинг ҳаммаси эса кўринмас иплар каби томошабин диққатини экранга янада қаттиқроқ боғлайди.

“Евангелион” аниме-сериалидан кадр

Аниме манбалари

Аниме ХII асрдан бери япон маданиятининг ажралмас қисми бўлиб келаётган тасвирий санъат намуналари “манга” билан боғланган. Манга жуда кўплаб анимелар учун ғоялар омбори вазифасини ўтаган. Бу омбордан фойдаланиш эса анимега қадимги ҳикоялар асосида кўплаб уникал сценарийлар яратиш имкониятини беради. Бошқа жойда ўхшаши бўлмаган ҳикояларга томошабинлар орасида эҳтиёж жуда катта.

Лайт-новел ёки “Енгил романлар” анименинг яна бир манбасидир. Бу жанр, асосан, ёшларга ва ўсмирларга мўлжалланган кичик иллюстратив асарлар яратишга қаратилган. Бу ердаги тасвирлар ҳам мангага ўхшаш бўлсада, лекин тасвир мангадагига қараган анча кам. Матнлар эса сезиларлича кўп. Шунинг учун бу жанр кўпроқ насрга оид, деб кўрилади. Японияда бу йўналишнинг ўзи ҳам жуда катта машҳурликка эга. Янги-янги муаллифлар тез-тез мухлислар эътиборини ўзларига қаратиб туришади.

Аниме олами

Агар сиз аниме мухлисига айлансангиз, у сизга ўз оламига сеҳрли чипта тақдим этади. Энди сиз ўзингизни улкан ҳамжамиятнинг бир қисмидай хис қила бошлайсиз. Аниме ихлосмандлари ижтимоий тармоқларда ўз фикрлари билан бўлишишади, японча никлардан фойдаланишади, япон услубига яқин кийинишади. Аниме ўзида япон маданиятининг кўплаб қирраларини акс эттиради. Турли анъанавий сюжетлар, мафкуравий рамзлар, нақшлар шулар жумласидан. Аниме шунчалик кенг кўламга эгаки бу ерда сиз ўзингиз ёқтирган исталган йўналишдаги жанрни топишингиз мумкин. Хоҳ жангари, хоҳ фантастик, хоҳ эротик жанр бўлсин аниме сизни у билан “таъминлайди”.

Хаяо Миядзакининг “Хаулнинг ҳаракатланувчи қасри” аниме-филмидан кадр

Анименинг ўзига хос томонлари

Анименинг нисбатан ўзига хос томонлари ҳақида гапиришдан олдин унинг, асосан, ёши катта аудиторияга мўлжалланишини айтиб ўтиш лозим. Лекин бу билан биргаликда аниме томоншабинларининг катта қисмини болалар ва ўсмирлар ташкил этишини ҳам қайд этиб ўтишимиз керак. Хўш, бу ерда ёш томошабинлар учун таъсирли бўлиши мумкин бўлган нима бор? Психологик жиҳатдан аниме қаҳрамонларини болаларга ўрнак қилиб келтириладиган, фақат ўзгаларга яхшилик истовчи идеаллаштирилган образлар эмас. Уларда жонли характер бор. Реакция билдириш, жавоблар излаш ва ўзиникини талаб қилиш… Бу қаҳрамонларнинг яна бир ўзига хослиги улар, одатда, ёлғиз, қайсидир камчилиги туфайли жамиятдан узоқлашган, бирор бир зўравонликка учраган ёки ўзи шунга мойил бўлиши мумкин. Япон анимациялари қаҳрамонлари кўпинча тушкун ва мураккаб характер эгалари бўлишади. Ёш томошабинлар эса тақлидга ўч. Анимеда яна бир яққол кўзга ташланувчи ҳолат бу эротик саҳналар ва қахрамонларнинг сексуал ташқи кўринишларидир. Кунчиқар мамлакат ва МДҲ давлатларининг жинсий алоқа борасидаги қарашларида анчайин фарқ борлигига аниме саҳналари исбот бўлиши мумкин. Тўғри, анимелар ноқулай ҳолатларнинг олдини олиш учун кўплаб жанрларга бўлиб чиқилади. Лекин бизда бу жанрларни фарқлаш ҳолати ҳали кузатилмаяпти, биз учун гўё ҳаммаси бир аниме!

Япон бизнеси Ўзбекистонда

Бу ерда анча қизиқ ҳолат. Кўплаб мамлакатларда жуда катта машҳурликка эга бўлган япон анимациялари ўзбек тилли аудитория орасида ҳали у қадар ҳам муваффақиятга эришмаган. Бунинг сабабларини тушунишга ҳаракат қилиб кўрдик, лекин ярқ этадиган бирор сабабни топа олмадик. Ўзбек тилида сифатли аниме кўриш амри маҳол. Кўча тилида дубляж килинган бир неча сериалларни айтмаса, деярли ўзбек тилида аниме топа олмайсиз. Бу тилда таклифнинг юқори эмаслиги талаб пастлигига боғлиққа ўхшайди. Рус тилли аудитория учун эса бу жабҳада имконият анча кенг. Сифат чегарасини анча юқорига кўтара олган бир нечта сайтлар кўплаб янги анимацияларни давомли тарзда улашиб боришади. Албатта, талаб ҳам шунга яраша.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Лазиз Холиёров — матн

Дилбар Ҳайдарова, — таҳрир

Муқова: “Namakura Gatana” анимцион филмидан кадр.