Палатаникига ўхшаш деворлар, китобхонни совитадиган психологик ноқулайлик. Кутубхоналар идеал бўлиши учун нималарни ўзгартириш керак?
“Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китоблардан миннатдорман”. Ушбу иқтибос Максим Горький таҳаллуси остида ижод қилган рус ёзувчиси Алексей Пешковга тегишли, лекин Ер аҳолисининг каттагина қисми бу сўзларга қўшилса керак. Китоблар ўзгаларнинг донолиги, тасаввури, идрокининг “консерваланган” концентрати сифатида жуда катта қадрга эга. Ўз-ўзидан, китоблар билан учрашадиган масканларимиздан бири – кутубхоналарнинг ҳам қадри шу қадар бўлса керак, тўғрими?
Гули Мусаеванинг мақоласида идеал кутубхоналар қандай бўлиши кераклиги, уларнинг фаолияти учун нималар муҳимлиги ва Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонамизнинг бунга қанчалик тўғри келиш-келмаслиги ҳақида ўқинг.
***
Бирор имконият, кафолат бўлмаганда ҳам китоблар инсон учун умид, кутубхона эса дунё ташвишларидан узлатга чекинганча ўша умид саҳифаларига саёҳат қилиш имконини берувчи маскан саналади. У ерда ҳавонинг қандайлиги-ю соатнинг нечалиги муҳим эмас. Дини-ю, ижтимоий аҳволи, келиб чиқишидан қатъи назари ҳамманинг мақоми бир — шунчаки китобхон.
Кутубхонада фикрлар, мантиқ ва тафаккур ҳукмрон. Улар билан дўст тутингани сари ўқувчи тирикликдан, яшашдан мақсадни тушуниб боради. Дунё стандартларига қаралса, бугун ҳаммаси бироз бошқачароқ. Қарашлари фарқли ёшлар, кутубхонани шунчаки айланиб чиқиб кетмаслиги учун қалашган китобларнинг ўзи камлик қилади.
Болалигида “Соҳибжамол ва махлуқ”ни кўрмаган, ундаги бош қаҳрамон кутубхонага илк кирган саҳнада кўзлари Беллникидек чақнаб, ичида шундай китобга тўла хонаси бўлишини истамаган одам бўлмаса керак. Турли катта-кичикликдаги қалин жилдлар билан тўлган, полдан шифтга қадар чўзилган жавонлар, узунлиги хонанинг баландлиги билан баробар ойна-ю, пардаси очилгач, бир зумда табиий ёришган катта ва кенг хона, ўртада ўтин ёқилган камин — гўё аслида кутубхона қандай бўлиши кераклигига тайёр бичим, сценарийга ўхшайди. Аслида эса унинг ўзи Австриянинг Адмонт шаҳридаги Адмонт Аббей кутубхонасининг образидан илҳомланиб тасвирланган.
Дунёда бундан аълороқ, мукаммалроқ кутубхоналар бир талай. Улар энг сара, мазмунли китобларни ўзида мужассам қилишдан ташқари муҳити сабаб ҳам бетакрор саналади. Жамоат транспортида, йўл-йўлакай, уйи ва ишда ҳам китоб ўқиши мумкин бўлган инсонлар эса аксарият ҳолда кутубхонага муҳит, унинг таъсирида диққатни жамлаб, самаралироқ ўрганиш, ишлаш учун боради. Муҳитнинг қандайлиги эса у ернинг остонасидан ҳатлаш билан сезила бошлайди.
Кутубхона қандай аҳволда, кўринишда бўлмасин, унга борувчилар, боришни хоҳловчилар доим топилади, ўқийдиган бир бурчакда ҳам ўқиб кетаверади, дерсиз балки, лекин гап бунда эмас. Ҳамма гап улар кутубхонага бошқа вариант йўқлигидан боряптими ёки чиндан ҳам у ер шунчалик қулай, қайта боришни истайдиган даражадами ёки йўқлигида.
Кутубхона ва рақамлар
Эртанги аҳвол, ривожланиш ва таълим билан бевосита боғлиқ экани сабаб, ривожланган мамлакатларда турар жой комплекслари, бизнес марказлардан ҳам кўра кутубхона ва мактаблар қурилишига алоҳида эътибор берилади.
Ўринли савол туғилади: дунёда кутубхоналар сони нечта ва улардан қанчаси қайси ҳудудга тўғри келади? Жавобни Дунё кутубхоналари харитаси сайтидаги статистикадан олиш мумкин. Унда ёзилишича, 2022 йил ҳолатига кўра, дунёдаги жами кутубхоналар сони 2.7 миллионни ташкил қилади. Ундан 303 044 таси Европага, 12 132 таси Океания давлатларига, 129 129 таси Шимолий Америкага тўғри келса, Африкадаги кутубхоналар сони 112 297 тани, Лотин Америкадагиси эса 146 307 тани ташкил қилади.
Статистикадан келиб чиқиладиган бўлса, энг кўп кутубхоналар Осиё қитъасида жойлашган — жами 2.0 миллионта. Аммо, шунга қарамай, дунё кутубхоналари харитасида Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Озарбайжон ва бошқа кулрангда белгиланган мамлакатлар қаторида Ўзбекистондаги кутубхоналар сони бўйича маълумот чиқмади.
Давлат статистика қўмитасининг очиқ маълумотларида эса 2021 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистондаги ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказлари сони 400 тани ташкил этиши ёзилган. Очиқ маълумотлар порталида 2020 йил ҳолатга кўра, 400 та кутубхонадан 361 таси шаҳар жойларига, 39 таси бўлса қишлоқ жойларига тўғри келиши ҳақидаги ҳисоботни учратиш мумкин. Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг расмий сайтидаги “Ўзбекистон Республикасидаги йирик ахборот-кутубхона муассасалари” ҳақидаги маълумотнинг очиқлиги ёзиб қўйилган бўлса-да, унда 404 дан бошқа нарса кўринмади.
Ўзгаришлар борми?
Тун-у кун ишлаш дунё кутубхоналари учун оддий ҳолдир, лекин Миллий кутубхонанинг 24/7 (ҳозирча тест тариқасида) режимида ишлай бошлагани уйидагилар иш буюраверганидан тузукроқ дарс тайёрлай олмайдиган, кичкинтойлар ҳар шовқин қилганда бу кетишда ўқишга тузукроқ тайёрлана олмаслигидан ваҳимага тушадиган абитуриентлар, ётоқхонадаги дўстларининг суҳбати-ю ғийбати боис IELTS вазифалари чала қолишидан чўчийдиган талабалар — умуман, хаёлини бир жойга қўйиб, ўқиб-изланмоқчи бўлган катта-ю кичик учун чинакам хурсандчилик бўлди.
Кечаси илм-фанга шўнғиш учун кутубхонадан яхшироқ жой ҳам йўқ, аслида. Қанча гапирилган, кутилган воқеанинг Twitter сабаб бирданига ҳал бўлиши — прогресс. Ўзгаришлар буткулми ёки қисман, ўқувчилар ҳалиям божхонадагидек текширилармикин? Интернет, муҳит билан боғлиқ янгиликлар бўлдими, йўқми? Бу саволларга жавоб топишнинг энг яхши йўли Миллий кутубхонага бориб, барчасига гувоҳ бўлиш. ID’си йўқ ёки фойдаланиш муддати тугаган китобхонлар кун давомида 9:00 дан 16:00 қадар бориб, бу масалани ҳал қилиши керак. Акс ҳолда кечаси бориб, ID йўқлиги ва уни кечаси олиб бўлмаслиги ҳисобига каминадек овора бўлиб қайтишга тўғри келади. Чамаси 20:00 да “Кечаси дарс қилишга келган-у, ID’си йўқлар нима қилади”, — деган саволга қўриқчи акалардан: “Киролмайди”, — деган жавоб олишингиз мумкин. Оддий, тушунарли ва ўта мантиқий жавоб — нега шу хаёлга келмади, ҳайронман.
Кун давомида борадиган бўлганларга эса шуғулланишга мўлжаллаган соатларидан ташқари 30-40 дақиқа аввалроқ бориш тавсия қилинади. Навбат кутиш, чўзилиш режаларга таъсир қилиши мумкин акс ҳолда.
Текширув нисбатан енгилроқдек, аппаратдан ўтгандан кейин қизларни аёл, йигитларни эркак назоратчи текширди-ю, сумка аввалгидек махсус аппаратдан ўтказилмади (ичи очиб кўрилди, аммо). “Бу ҳам битта ўзгариш”, ўйладим ичимда. Устига-устак назоратчи аёл ҳам стереотипимда қолиб кетганлар ҳамкасбларидек тикилмади, очиққина экан, ажабо.
Лекин, кассага тўлов (10 минг) қилиб ID олиш учун махсус хонага киришингиз билан эски муҳитнинг ҳиди келгандек бўлади. Коллеж-институтда ўқийдиган ўғил-қизлар эшик остонасида тўп бўлиб тургани ва тартибга риоя қилмагани учун гап эшитиб олиши мумкин. “Чиқинглар ташқарига, ичкарида қачон жой бўшаса, шунда кирасиз”, — дея уришиб бериши мумкин ID олувчиларни компьютерда суратга тушираётган ходим. Умуман, у ҳар сафар шундай деганда, ҳақ, эътирози эса асосли бўлиши мумкин. Лекин, ҳамма гап овозининг баландлиги-ю, оҳангида дакки бериш борлигида. Бундай вазиятда бирор кимса пастроқ гапиринг дейишга қўрқади, сабаби ортиқча тортишув бошланса, ичкарига киритмай, чиқариб юборишади, дея ҳеч ким миқ этмайди. Беихтиёр боғчадаги тарбиячи ва тарбияланувчилар билан боғлиқ вазият эсга тушади. Навбат келгунча кутишга (одам сони билан боғлиқ) тўғри келса-да, компьютер қаршисига ўтириш билан кириб-чиқиш ҳужжати икки дақиқага қолмай тайёр бўлади.
Бироқ, гардеробга кийим топширишда яна муомала билан боғлиқ кичик кўнгилсизлик кузатилиши мумкин. Бу сафар устки кийим юпқалиги (куртка ёки пальто эмас, тренч) ва бетоблигим боис уни топширгим келмагани (кутубхона тартибига кўра, ўқув залларига устки кийим билан кириш мумкин эмас) сабаб бошқалар қатори, мен ҳам гап эшитиб олдим. Гап яна оҳанг ва баландлик даражасида эди. Ва, табиийки, буни қаршиликсиз қолдирмадим. “Касалдирман, мазам йўқдир. Бунақа муомала қилишга ҳаққингиз йўқ”, — деганимдан кейин эса бетгачопарга чиқарилганимга ишончим комил.
Бундай вазиятда ходимларнинг кун бўйи тик оёқда туриши, ҳар хил одам билан мулоқот қилишига тўғри келиб асабийлашиши, чарчаши, умуман уларга ҳам осон эмаслиги, шунинг эвазига арзимаган маош олишларини инсонийлик нуқтаи назаридан жуда яхши тушунасан. Лекин, шунга қарамай, нафақат кутубхона, балки бошқа мижозлар, умуман жамоатчилик билан ишланадиган жойдаги персоналнинг оиладаги қайнона, маҳалладаги қўшни позициясида эмас, мулозаматсиз бўлса ҳам нормал, маданият билан муносабатда бўлишини истайсан. Ортиқчасини эмас.
Балки, бунақа дилхираликларнинг олдини олиш учун худди савдо дўконлари сингари буюмларни қўйиб, фойдаланувчининг ўзи қулфлайдиган қутилар жойлаштириш керакмикан, дея ўйлаб қолади киши. Ортиқча гап-сўз кўпаймас, масъул назоратчилар эса кечгача кийимларни олиб-қўймасдан қулф ва калитларга кўз-қулоқ бўлиб турармиди…
Бунга алоҳида урғу берилгани бежизга эмас. Гап шундаки, келган ўқувчи кирмасидан сокинлик, ўқиб изланиш учун мос муҳитни ҳис қилиши, замонавий кутубхона эса фақат жисмоний эмас, психологик жиҳатдан қулай, босимдан йироқ бўлиши керак.
Интерьер ва унинг жойлашуви, ранглар, ёруғлик, мебеллар, ўсимликлар яна кутубхонадаги бир неча қаторлар орасидан энг муқобилини танлаш имкониятининг мавжудлиги жисмоний қулайлик яратса, психологик омил — муҳитни субъектив, эстетик қабул қилишдан ташқари, кутубхонадаги ходимларнинг фойдаланувчига бўлган муносабати билан ҳам боғлиқ бўлади.
Ичкарига ҳали ҳам оддий сувдан бошқа ичимлик, егулик, устки кийим ва сумкаларни олиб кириш мумкин эмас, тартиб шунақа.
Залдаги ходимлар билан эса қўполлик, қўрслик билан боғлиқ муаммо кузатилмайди. Ҳаммаёқ сув қўйгандек жим, кутубхона залларидаги кутубхоначи аёллар бўлса интернет, тамадди қилиш ва бошқа саволларга оғринмай жавоб беради. Wi-Fi ишлаши ва ходимлардан унинг паролини олиш мумкинлиги, яна кутубхона ҳудудида буфет ишлаётгани (17:00 гача) кимларгадир янгилик бўлиши мумкин. Заллар, одатда, тўла. Бўш жой топиш бироз муаммо. Фақат китоб-дафтарга кўмилганларга эмас, компьютерда ишлаётган, қулоқчин эшитиб тест ечаётган, видео асосида матн ёзаётганларга кўзингиз тушади.
Муҳит бўлса ўша-ўша: оппоқ деворлар, худди шу рангдаги шифт, ёруғ, аммо, қандайдир зерикарли заллар, розеткаси бор стол ва стуллар — муҳитнинг ўзига хослигини таъминлайдиган интерер билан боғлиқ деталлар йўқ ҳисоб. Қўл узатсанг бўй етадиган қаймоқ рангдаги китоб жавонлари адабиётлар билан тўлган. Жалб этадиган ўзига хос муҳит ва дизайн бўлмаса-да, кеч тушса ҳамки, заллар гавжум, одам камаймайди. Фойдаланувчилар кетишга шошилмаётгани, бошини кўтармай ўқиб-ишлаётганига гувоҳ бўласиз. Бу эса алоҳида бир ўзига хослик бўлмаса ҳам кутубхоналарга эҳтиёж юқорилигидан дарак беради.
Миллий кутубхонадаги эътиборни жалб қилган жиҳатлар шулардан иборат бўлди. Хўш, хориждаги кутубхоналардаги аҳвол, у ердаги муҳит қанақа? Бу ҳақида дўстларимизнинг фикри билан қизиқдик.
Феруза Авазова, 30 ёш. 2019-2022 йилларда Жанубий Кореяда яшаб, KDI School of Public Policy and Management’да магистратурани тамомлаган.
2022 йил январда Тошкентга қайтганига қарамай, ҳозир ҳам Сеулга тез-тез бориб турадиган Ферузанинг айтишича, Кореянинг деярли ҳар бир қишлоқ, туманида махсус, миллий кутубхоналар жойлашган ва у ердан исталган китобни топса бўлади. Бошқа тиллардан ҳам кўра корейс тилидаги китобларнинг кўплиги унинг эътиборидан четда қолмаган. Бу давлат тилига бўлган чексиз ҳурматдан далолат эканини таъкидлаган Феруза шаҳар марказидан четда бўлган кутубхоналарда инглиз тилида ёзилган адабиётларни топиш бироз қийинлигини маълум қилди.
Сеулнинг Гванҳамун кўчасида жойлашган Кёбо кутубхонаси у учун энг севимли маскан. Дўконни эслатишига қарамай, у ерда соатлаб китоб ўқиш мумкин. Қачон борманг, гавжум, одамлар билан тўла бўлади.
Суҳбатдошимнинг сўзларига кўра, Кореядаги кутубхоналар, китоб билан боғлиқ атмосфера жуда ўзгача. Жавонларнинг китоблар билан тўлалиги,
мутолаа залидаги интерер ва дизайн ўзаро уйғун. Буфет ва эсдалик совғаларнинг борлиги эса афзалликларидан бири ҳисобланади. Аслида корейс ёшларининг нақадар китобсеварлигига кутубхонага бормай туриб ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Негаки, жамоат транспорти — метро ёки автобусга чиққан заҳоти қўлида китоб ушлаган, мутолаа қилиб кетаётган катта-ю кичикка кўзингиз тушади. Бу корейс халқида китобга бўлган талабнинг қанчалик юқорилигидан далолат беради, дея фикрини изоҳлайди у.
“Кореядаги кутубхоналарнинг айримлари ва университет кутубхоналари 24 соат, китоб сотиладиган дўконлар эса кечки соат 23:00 га қадар фаолият юритади. ID ва рўйхатдан ўтиш талаб қилинмайди. Биз яшаган тумандаги кутубхонада,масалан, шундоқ кириб китоб ўқиш мумкин эди, бироқ уйга олиб кетиш учун рўйхатдан ўтиш талаб қилинарди”, — дейди Феруза.
Бундан ташқари, Кёбо кутубхонасига янги нашрдан чиққан китобларни шунчаки кўришга ҳам қаҳва ва ширинликлар билан кирса бўлар экан. Кутубхоналарнинг ичида шинам ва ўзига хос интерьерли махсус қаҳвахоналар ташкил қилинган бўлиб, ундаги ичимликларнинг нархи қиммат эмас. Яна у ерда ўтириб бемалол китоб ўқиш имконияти бор экан.
Қандай кутубхона идеал бўлади, деган саволга респондентимиз сифатли бўлиши учун энг аввало китобхонларнинг ўзида талаб юқори бўлиши кераклиги, бунга жавобан эса мазмунли адабиётлар кўп бўлишидан ташқари, қулайликка ҳам алоҳида эътибор бериш лозимлигини билдирди.
“Янги чиққан роман ва асарлар албатта у ердан жой олиши лозим. Айниқса, болаларга мос китоблар бўлишига ҳам алоҳида эътибор бериш керак. Билмадим ҳозир аҳвол қанақа, лекин аввал ўзига жалб қиладиган дизайндаги болалар учун мўлжалланган ўзбек адабиётларини топиш қийин бўларди. Яна китобхонларни ўзига жалб этадиган тадбирлар ўтказиб ҳам туриш керак, фикримча. Кутубхона нафақат маҳаллий, балки хорижлик меҳмонларда ҳам яхши таассурот қолдириши керак ”, — дейди у.
Муроджон Останакулов, 19 ёш. Туркияда яшайди. Анқаранинг Гази университети бакалавриати талабаси
Дарсларини тайёрлаш ва изланиш учун кутубхонани энг қулай масканлардан бири ҳисоблайдиган Муроджон Анқарадаги Гази университетида таълим олади. У Туркия пойтахтида 2020 йилда халқ учун фойдаланишга топширилган “Миллет” кутубхонаси билан бирга, ўз университетидаги кутубхонага ҳам тез-тез ташриф буюради.
“Миллет” кутубхонасига ойда 2 ёки 3 маротаба, университет кутубхонасига бўлса ҳафтада 4 ёки 5 марта бориб, ўртача 5-7 соатгача вақт ўтказаман”, — дейди у.
Туркиядаги энг катта ҳисобланган “Миллет” кутубхонаси 24/7 режимида очиқ бўлиб, 2 500 нафар ўқувчини сиғдириши мумкин.
Кутубхонага ID-карта, чет эл фуқаролари эса паспорт билан кириб-чиқади. Бу кутубхонадаги фойдаланувчилар сони айни вақтда нечталиги, бўш ўриндиқлар қанчалиги ҳақида статистикани шакллантириш имконини беради.
“Тезкор ва чексиз интернет билан таъминлангани афзаллиги бўлса, марказдан, қолаверса, метро станцияларидан узоқда жойлашгани бироз ноқулайлик туғдиради. Шуни ҳисобга олмаганда, ҳаммаси аъло. “Университет кутубхонасининг якшанба ва кечки соатларда хизмат кўрсатмаслиги, “розетка”ларнинг камлиги, парталарнинг нисбатан кичиклиги муаммо”, – дейди Муроджон.
.
Суҳбатдошимнинг қайд қилишича, кутубхона ва унинг атрофида овқатланадиган жой топиш бироз муаммо эканига қарамай, буюртма бериш имкони мавжуд. Кутубхонанинг 0-қаватида дам олиш, бепул қаҳва ёки чой ичиш ва у ерда ташқаридан олиб келинган егуликни истеъмол қилиш мумкин. Фақат сувдан бошқа ичимликлар (қаҳва, чой ва бошқалар)ни кутубхона салонларига олиб кириш мумкин эмас.
Университет кутубхонаси ҳам деярли бир хил қоидаларга эга. Фарқи шуки, унга фақат Гази университетида ўқийдиган талабаларгина қабул қилинади. Имтиҳон бўладиган ҳафталардан ташқари, якшанбада ва бошқа кунлари кечки соат 22:00 дан кейин хизмат кўрсатилмайди. Талаба дўстимизнинг идеалидаги кутубхона бемалол дарс қилиш, китоб ўқиш учун қулай бўлган парталарга эга, ёруғ, интернет-у компьютер билан таъминланиб, кун-у тун хизмат кўрсатадиган бўлиши керак.
Муҳит қанчалик муҳим?
Бугунги кунда бориб ишлаш, ўқиш мумкин бўлган қаҳвахона ва коворкинглар бор, лекин у ерга боришга ҳаммада ҳам шароит етарли эмас. Шунинг ҳисобига ҳам кутубхонага ошиқадиган йигит-қизлар кўп. Лекин, кўпчиликнинг мажбурият ва шароит юзасидан келиши кутубхоналардаги муҳитни ўзгартирмаслик, янгича ёндашмаслик кераклигини англатмайди.
Кутубхона чалғитмайдиган, диққат бузилмайдиган, акустик қулайликка эга бўлиб, эркин ва масофавий ишлайдиганлар учун ҳам қулай бўлса нур устига нур. Хўш, қулайлик ва атмосфера борасида қандай ўзгаришлар киритиш мумкин ўзи?
Бу борада Франциянинг кутубхоналарда ўқувчиларга кўрсатиладиган хизмат сифатидан тортиб, қулайликни аниқлаш мақсадида мунтазам
сўровнома ўтказиб туриш тажрибасидан илҳомланса бўлади. 2012 йил Париж мериясида муниципиал кутубхоналарнинг сифатини баҳолаш мақсадида ўтказилган тадқиқот бунга яхши мисол бўла олади.
Унда респондентлардан кутубхонага баҳо беришда муҳим бўлган мезонлар ҳақида сўралган. Натижаларнинг бари эса жой ва ундаги психологик-жисмоний қулайлик билан боғлиқ бўлган. Билдирилган фикрлардан кутубхона дизайнида “табиат” билан боғлиқ элементлар, интерьерларга хоҳиш юқорилиги маълум бўлган.
Табиий ёруғлик, ўсимликларни кўришдан ташқари, қуёшли кунларда кутубхонанинг боғи ва ҳовлисига чиқиш имконияти бўлиши ҳам таклиф сифатида берилган. Респондентлар кутубхонада ишлаш учун ажратилган сокин, шунингдек, мулоқот қилиш ва дам олиш учун қулайроқ жойларни кўришни исташи ҳақида маълум қилган.
Китоб мутолааси учун юмшоқ ўриндиқлар, анъанавийроқ “ишланадиган” жойларда эса узоқ вақт ўтириш танага ноқулайлик туғдирмайдиган қулай стуллар бўлиши мақсадга мувофиқлиги билдирилган.
“If they build it, they will come. A student-designed library” номли бошқа мақолада бўлса кутубхона билан боғлиқ яна бир ўзига хос лойиҳа ҳақида ҳикоя қилинади. Унинг доирасида талабалардан иборат гуруҳнинг кутубхонанинг идеал дизайни бўйича нуқтаи назари, танлови ўрганилади. Тадқиқот муаллифи ўзининг дарсдан ташқари кутубхона дизайни бўйича курсларига қатновчи турли йўналишдаги талабалардан ўқиб-изланиш учун идеал макон суратини чизишни сўрайди.
Иллюстрациялар орасида ётоқхона меҳмонхонаси ва холлари, шахсий хона ва қаҳвахоналар бўлган, бироқ иштирокчилардан ҳеч бири ўзи таълим оладиган университетдаги кутубхонани чизмаган.
Улардан бунинг сабаби сўралганда, деворларнинг ранги шифохонадаги муҳитни эсга соладиган оқ рангдалиги, ёруғликнинг ёқимсизлиги-ю, умуман, ноэстетик эканлиги ҳақида жавоблар олинади.
Талабалар, шунингдек, улар табиий ёруғ, тамадди учун қаҳвахонаси бор, 24/7 режимида ишлайдиган махсус зонали, индивидуал ёруғлик манбалари, юмшоқ ўриндиқ ва илҳомлантирувчи жойларда бажонидил шуғулланишини айтади.
Яъни, бундан информацион ва техник омиллардан ташқари айнан муҳитнинг қандайлиги, қулайлик шуғулланиш учун аҳамиятли эканини хулоса қилса бўлади.
Китоб дўкони ва “book cafe”ларнинг ютуғи ҳам айнан кутубхонадаги муҳит билан қулайлик, жалб қиладиган атмосферани умумлаштирганида. Аммо, шу ўринда ҳамманинг ҳам пуллик дўкон-у қаҳвахоналарга киришга шароити бўлмаслиги мумкинлигини ҳисобга олиш керак. Ҳар томонлама пухта ўйланган кутубхоналар эса одамлар учун қулай, у ерга такрор қайтгиси келади кўпчиликнинг.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кутубхоналар идеалда шарт-шароитлар билан таъминлангандан ташқари, психологик жиҳатдан ҳам қулай, ўзига чорловчи бўлиши керак. Психологик қулайликда эса “атмосфера” тушунчаси муҳим мезон саналади. Хавфсиз, қулай, илҳомлантирадиган, ёқимли ва ўзига хос жойда одам бор диққатини жам қилиб, энергиясини изланишга сарфлайди. Бошқа варианти йўқлар эса борини нормал ҳисоблаб соатлаб ўтиришга мажбур бўлади.
Лекин, биз мажбурлик ҳақида эмас, кутубхона идеалда қандай бўлиши кераклиги, нималар қўлланса янада яхшироқ бўлиши ҳақида мулоҳаза қиляпмиз. Негаки, ўзгараётган замон ва тенденциялар кифояланиш эмас, танлаш, таққослаш ва солиштириш орқали қарор қилишга ундаяпти. Эртага ҳаётимиз бундан яхшироқ бўлиши учун эса биз шунчаки борига кўнмаслигимиз, танлов қилишимиз, қандай қилса янаям аълороқ бўлиши ҳақида ўйлашимиз керак. Ривожланган мамлакатлар йўлидан кетяпмиз-ку ахир.