Skip to main content
нуқтаи назар

Қирмиз йўлакчалар тақдири

Метрода поезд тўхтаб қолиши ёки вагон эшикларининг очиқ кетиши ёхуд автобуслар қатнови орасидаги вақтнинг катталиги, қолаверса, доимги тиқилинч ва тирбандликлар ҳақидаги ахборотларни эндиликда ҳайратланишларсиз қабул қиляпмиз. Бундан ташқари, бутун бошли ишлаб турган троллейбусни бир шаҳардан олиб ташлаб, бошқа шаҳарга ўрнатилганлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Транспорт ҳаракатидаги тирбандлик, пиёдалар учун ҳавфсизликнинг кучли таъминланмаганлиги муаммоси, транспортдан нотўғри фойдаланиш ортидан келиб чиқадиган ёмон оқибатлар, давомий муаммолар қулоғимизга жуда кўп чалиниб, кўзимизга шунчалар кўп ташланадики, худди, бутун умр шундай бўлиб келгандай таассурот уйғотади. Ушбу ҳолатларнинг ечимлари кўрсатилади, таклифлар билдирилади, маъқулланади. Айниқса, шаҳарларимизда транспорт тизимининг изчил, пиёда, автомобиль, велосипед, самокатларнинг уйғун ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайдиган йўллар тизимининг йўқлиги ёки тўлиқ шаклланмаганлиги ростдан ҳам каттагина муаммо. Иккинчи муаммо – бу экология муаммоси.
Транспорт муаммоси кўпинча экология муаммоси билан аралашиб кетади. Лекин, бу ҳақда ҳозирча тўхталмоқчи эмасмиз. Эътиборимизни бошқа бир кичикроқ нуқтага қаратамиз, балки бу нуқта юқоридагиларнинг иккисига ҳам тааллуқлидир. Бу велосипедлар, велосипед йўллари ва бошқа экологик ҳавфсиз транспорт турлари ва улардан фойдаланиш масаласи.

Велосипедда юриш бизга нега керак?

Велосипедда юришнинг инсон соғлиги учун кўплаб фойдали жиҳатлари борлиги ҳақида эшитганмиз. Фақатгина шунинг ўзигина велосипедга ўтиришимизга туртки бўла олади. Кенгроқ олиб қарайдиган бўлсак, велосипедда юриш қон айланиш тизимини яхшилайди, бу эса, ўз навбатида, мия фаолиятига ва юрак қон-томир тизимига яхши таъсир кўрсатиши бир қанча тадқиқотларда ўз исботини топган. 2011 йилдаги тадқиқотларга кўра, жисмоний машқлар ақлий фаолиятни яхшилайди ва кекса одамларда Альцгеймер синдромининг олдини олишга ёрдам беради. Велосипед эса бу борада яхши тренажёр вазифасини ўтаб бериши мумкин. Шифокорлар фикрича, велосипед ҳайдаш юрагимиз учун жуда фойдали. Спорт ва жисмоний машқлар соҳасидаги тадқиқот беш йил давомида 1500 инсоннинг фаолиятини ўрганади, натижа эса ҳар куни фаол бўлганларда юқори қон босимининг ривожланиш эҳтимоли 31 фоизга камайганини кўрсатган.

Бошқа томондан, велосипед ҳозирги долзарб транспорт шароитида тирбандлик муаммоси ечимларидан бири сифатида ҳам кўрилади. Умуман, тирбандликлар муаммо эмас, балки шунчаки одатларимиз натижасидир. Ҳар бир фуқаронинг шахсий автомобилга бўлган муҳаббати, автомобиллар сонининг кўпайиши биздаги тирбандликнинг асосий сабабчилари бўлса керак. Умуман олганда, шаҳар йўллари машиналар тўдасининг ёввойи тўлқинига қулай майдон вазифасини ўтаб беришга мажбур эмас. Велосипед эса шаҳар йўлларига у қадар катта талаблар юкламайди.

Яна бир эътиборга молик жабҳа – бу экология. Тошкент шаҳри ўзининг экологик ҳолати бўйича “юқори” ўринларни эгаллаб турган бир пайтда, экологик тоза транспортдан фойдаланиш оғир нафас олаётган шаҳримизга яхши далда бўлар эди. Биз бу қаторларни ёзаётган пайтда Тошкент ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича Краковдан ўтиб 17-ўринга чиқиб олди.

Биз нима таклиф қилгандик?

Айтиш жоизки, мавзу ҳукумат эътиборидан четда эмас. Биз эса, бевосита велосипед йўлларини барпо этиш ҳақида сўз борган вазиятларнинг бир нечтасини санаб ўтишга қарор қилдик. Узоққа бормасдан, 2018 йилнинг октябрига назар ташлаймиз. Norma.uz сайтида йўлларда велосипедчилар учун махсус йўлаклар барпо этилиши ҳақида хабар чиқди. Унга кўра, 2019-2020 йилларда мамлакатимиз минтақаларида велосипед йўлкалари тармоғини қуриш режалаштирилмоқдалиги айтилган. Ҳужжат лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинаётганлиги маълум қилинган. Режалаштирилаётган бандлар орасида эса:
“минтақавий аҳамиятга молик умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларининг чегараларида велосипед йўлкаларини қуришнинг манзилли рўйхати;
боғлар, истироҳат боғларида велосипед йўлкаларини қуришнинг манзилли рўйхати”нинг яратилиши ҳам борлиги кўрсатилган. Кўзланган режаларнинг ижроси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига топширилиши кўзда тутилаётганлиги айтилган. Лойиҳа яратувчиси – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги. Биз лойиҳанинг кейинги тақдири билан қизиқиб вазирликдан маълумот олишга уриниб кўрдик ва маълум бўлишича: ушбу лойиҳадаги велоспортни ривожлантиришдаги бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 16 мартдаги 157-сон “Тошкент шаҳар йўловчи транспорти тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30
октябрдаги ПФ-6099-сон “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонида ўз аксини топган.

Энди кейинги ҳолатга ўтсак: Kun.uz сайтида 2019 йил июлида чиққан хабарда “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида велосипедлар учун махсус йўлка ташкил қилиш ҳақида петиция жойлаштирилганлиги айтилган. Ушбу петиция муҳокамага қўйилиши учун ҳаммамизга маълум бўлганидек 10000 та овозга эга бўлиши керак эди. Лекин у 670 ёқлаб берилган овоз билан чекланган.

Яна бир йил кейинга силжиймиз ва қаршимизда Вазирлар Маҳкамасининг 812-сонли қарори. Бу энди анчайин жиддий қадам. Қарордан:

“… велосипедда ҳаракатланиш, велосипед транспорти ва шахсий ҳаракатланиш воситаларининг инсон саломатлигини мустаҳкамловчи транспорт тури, шунингдек, экологик тоза ҳаракатланиш воситаси сифатида оммалаштириш ва тарғиб қилиш;
велосипедда ҳаракатланишни, шу жумладан велосипедлар ва уларнинг бутловчи буюмларини харид қилишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
аҳолида велосипедчилик маданиятини шакллантириш;” — каби бандлар ҳам ўрин олган.

2021 йилнинг 13 январида эса “Тошшаҳартрансхизмат” ўзининг телеграм каналида юқоридаги қарор асосида таклифлар билдирилишини сўраб, эълон жойлаштирди.

Бу велосипедда ҳаракатланишни оммалаштириш ва велосипед йўллари қуриш учун қилинган айрим чора-тадбирлар эди.

Ҳозир ҳаммаси қандай?

Велосипед ҳайдашдан фойдани санаб, “бу нақадар гўзал иш бўлар эди”, – дейиш унчалик ҳам қийин эмас. Бунга онгли равишда қаршилик қилувчилар ҳам кам топилса керак. Лекин, ҳақиқат шуки, велосипеддан фойдаланишга бизда унчалик ҳам қизиқиш катта эмас. Лекин, нега? Бу ерда ҳаммаси табиий. Бизнинг велосипеддан фойдаланишимизнинг кўрсаткичи — табиат учун фойдали бўлган гўзал бир ғоянинг мавжуд шафқатсиз реаллик билан ҳисоблашгандан кейинги натижасига тенг. Келинг, бир-биримизга бироз меҳрибонроқ бўлиб, оддийроқ сўзлар билан гаплашсак. Бизни велосипеддан тўсиб турган нарса қонун эмас. Балки, бунинг бошқа сабаблари бор бизнингча. Уларни санашдан олдин мана бу диаграммага кўз югуртириб чиқсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Суратда мамлакатлар аҳолисининг велосипеддан фойдаланадиган улуши фоизларда кўрсатилган. Манба: statista.com

Энди бизнинг паст қизиқишимиз сабабларини излаб кўрсак. Биз бу ерда бошқалар орасидан ажратиб олганимиз қуйидаги тўртта сабабни кўрсатишни маъқул топдик:

Биринчиси, албатта, моддият билан боғлиқ. Яхши велосипед йўлларининг йўқлиги. Айрим жойларда велосипед йўлларининг боплаб қурилиши бутун бир йўллар тармоғини барпо этиш учун етмайди. Аммо, бу ҳозирча. Қачондир йўллар бир-бирига уланиб тармоқ юзага келиши мумкин. “Қачондир” сўзи бу ерда келгуси замоннинг қайсидир, аниқ бўлмаган даврини ифодалаб келяпти. Шу сабабли, у бугунги кундаги ҳолатимизга таъсир кўрсата олмайди.

Иккинчи сабаб эса ажойиб. Иккинчи сабаб Гўзал. Бу сабаб моддий оламда мавжуд эмас. У бизнинг миямизда яшайди, қаердадир “ўзбекчилик” ва “менталитет” деган сўзларга яқинроқ жойлашган ерда. Бу — статус билан боғлиқ муаммо. Гап шундаки, велосипед бизнинг жамиятда статуси паст транспортлар турига киради. Яъни, айтайлик, Франкфуртда тонг отди. Йилига 70-80 минг евро нақд оладиган камтаргина банкир ўзининг велосипедида яшаш жойидан унчалик ҳам узоқ бўлмаган ишхонасига велосипедда отланди. Унинг ишхонадагилари бунга қандай муносабатда бўлишар экан? Оиладагиларичи? Болаларичи? Севган қизи? Улар кўпи билан бефарқ бўлишлари мумкин, катта эҳтимол билан Лекин, бу ҳаракатни қоралашмайди. Лекин, биз ўзимизда яхшигина маош оладиган банк ходимининг велосипедда юришини тасаввур қила оламизми? Унинг ишхонадагилари бунга қандай муносабатда бўлишаркан? Оиладагиларичи? Болаларичи? Севган қизи? Ҳа, афтидан бу бироз ўйлантирадиган мавзуга ўхшайди.

Учинчиси, гендер масаласи. Ҳа, ҳозир журналистикада катта муҳокамада бўлаётган масалалардан бири. Гап шундаки, юқоридаги статистикада бутун аҳоли инобатга олинган – ҳам эркак, ҳам аёл. Бизда эса шунақа статистика олишмоқчи бўлишса, эркакларнинг ўзигина умумий аҳолининг велосипеддан фойдаланиш кўрсатгичи тўғрисида деярли аниқ маълумот бериб қўйиши мумкин. Чунки бизда аёллар велосипедда юрмайди, деярли. Бунинг сабабларини эса бугун изламоқчи эмасмиз.

Тўртинчи сабаб — шафқатсиз реаллик вақти. Келинг, энди масалага ўта реал ёндашсак, бизда велосипед бор ва ишимиз ҳам бор. Айтайлик, ишхонамиз Юнусободдаги 13-кварталда жойлашган. Яшаш жойимиз эса Сергелининг ёки Чилонзорнинг бирон бир ажойиб маҳалласида. Хўш, энди биз нега ишхонамизга велосипедда боришимиз керак? Шунча масофага-я? Аҳир, бу ғирт ақлсизлик бўлмайдими? Худди шундай, бу ғирт ақлсизлик бўларди. Ғирт. Бу ҳавфли ва узоқ масофа. Тошкентда яшаш жойи ишхонасидан шундай масофада жойлашган инсонлар кўп. Улар учун велосипеддан фойдаланиш ростдан ҳам ноқулай.

Биз кўзга кўриниб турган сабаблардан нисбатан қўпроқ ажралиб турганларини танлаб олишга ҳаракат қилдик. Бундан ташқари, бошқа сабаблар ва ҳар бир инсоннинг индивидуал ҳамда мавсумий сабаблари ҳам бўлиши мумкин.

***

Умуман, велосипед йўллари ва бу транспортнинг ўзига Ўзбекистонда бефарқ эмаслар. Буни, юқоридагига ўхшаш янгиликларнинг ОАВда эълон қилинишидан ҳам билсак бўлади. Ушбу ажойиб транспорт воситасининг ва унга боғлиқ ҳаракат тизимининг кейинги тақдирини эса вақт кўрсатади.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муаллиф — Лазиз Холиёров

Таҳрир — Пўлат Таджимуратов ва Дилбар Ҳайдарова

Корректура — Гули Ибрагимова

Суратлар — Борис Жуковский