Skip to main content
таълим

Ватан билан тарбиялаш ёки ватанпарварлик қандай шакллантирилади

Айни пайтда давом этаётган ҳарбий тўқнашув Россия мактабларида ватанпарварлик туйғуларига йўғрилган ташаббусларни авжлантирди. Ўзбекистонда эса, осмонимиз тинч бўлса-да, “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси” ва “Президент асарлари” каби фанлар 2000-йиллар бошларидан бери бошланғич синфлардаги барча ўқувчиларнинг доимий ҳамроҳидир. Этика, эстетика ва ахлоқ масалалари бўйича мутахассис, файласуф  Парвиз Курбанмамадов турли маданиятларда ватанпарварлик қандай  тарбиялангани, бугунги кунда илғор таълим усуллари нималардан  воз кечаётгани ҳусусида  фикр юритади.

Тарихан инсоният тараққиётининг турли даврларида ватанпарварлик тарбияси муайян қадриятлар асосида шаклланган. Аммо, Ватан учун жон фидо қилиш деганда жафокашнинг ягона беғараз ва одил позицияси назарда тутилган. Инсоннинг ахлоқий қадриятлари давлат эҳтиёжларига уйғунлаштирилган. Муҳаббат – бу нафақат ширинликлар ва мурабболар, балки баъзан қон аралаш коктейль ҳам эканлигини тан олсак, Ватан равнақи учун жон беришга ҳам тайёр бўлишимиз керак. Ваҳоланки, исталган пайтда Ватан ҳимоясига чиқишга шай туриш ватанпарварлик ифодасидир. Аммо, бундай одамларни қандай тарбиялаш керак, айниқса, ҳудуд кичкина бўлиб, атрофда фақат ғанимлар бўлганида…

***

Ватанни севиш унча катта бўлмаган мустақил заминларда – қадимий Хитой ҳамда Юнон қироллик ва полисларида мақсадли тарзда ўргатилгани рамзий маънога эга. Ўнлаб давлатлар бир вақтнинг ўзида ҳудудлар ва таъсир учун бир-бири билан рақобатлашган. Ҳар йили ҳарбий тўқнашувлар юз берган, баъзан улар шунчалик бемаъни ва машаққатли бўлганки, масалан, Хитойда янги тоифа одамлар – махсус кўчманчи хизматчилар пайдо бўлган, улар ҳукмдорлар ва уларнинг қариндошлари орасидаги низоларни ҳал қилиш мақсадида бир кичик давлатдан бошқасига ўтиб юрган.
Милоддан аввалги VI асрда яшаган хитойлик стратег ва мутафаккир Сунь Цзы ҳозиргача ўз долзарблигини йўқотмаган “Уруш санъати” асарини ёзган. Зеро, аскарлардан нафақат ҳарбий-тактик билим ва малака, балки мустаҳкам маънавий руҳ ҳам талаб этилган. Ушбу руҳни шакллантириш учун ватанга, она заминга шак-шубҳасиз муҳаббат ғояси асос қилиб олинган. Маҳаллий (ҳудудий) ватанпарварлик таълим жараёнининг бир қисмига айланган. Ватанпарварлик туйғулари суҳбатлар ва мулоқотлар орқали сингдирилган.
Дастлабки хусусий мактабга асос солган Конфуций ўқув жараёнини тўртта асосий “фанлар” ёки мавзулар асосида қурган ва улардан биттаси — бу ҳукмдорга ва ўзига, ўз принципларига содиқлик ҳақидаги таълимот эди. Конфуцийликнинг асосий китоби — “Фикрлар ва суҳбатлар”да («Суждения и беседы») оқил инсонга таъриф берилади, бундай инсон «ота-онасига ҳолдан тойгунча, ҳукмдорига – ўзини ўзи қурбон қилгунча хизмат қилади». Ватанпарвар инсонни тарбиялаш чексиз муҳаббат ва садоқат арконларига қурилган, унда Ватан, ота-она ва ҳукмдор тенг қийматли ва доимий қадриятлардир. Бу қисматдир. Буни ҳеч қандай шартсиз ва шубҳасиз қабул қилмоқ лозим.

***

Машҳур спартача тарбия ҳам фуқаронинг она полисга хизмат қилиш ғоясига асосланган. Конфуций доктринасидан фарқли ўлароқ, Спартада бола – бу биринчи галда полис тарбияланувчиси, шундан кейингина ота-онасининг фарзанди. Шу боис ҳақиқий ватанпарвар доим ва ҳар қандай вазиятда она шаҳри манфаатларини биринчи ўринга қўйиши керак. Бунинг учун ҳеч қандай ақлли маърузалар ва тортишувлар керакмас, бор-йўғи эътиқод ҳамда интизом даркор.
Афинада Ватанга муҳаббат янада нафосат билан сингдирилган: мактаб ва гимназияларга саркардалар (стратеглар)ни таклиф қилишган, улар болаларга Ватан тўғрисида, давлатнинг душманлар устидан қозонган ҳарбий зафарлари ҳақида сўзлаб беришган. Афина демократияси асосчиларидан бири Перикл ўзининг дафн маросимидаги нутқида Афинани улуғлар экан, урушда шахид бўлган жангчиларнинг ролини алоҳида таъкидлаб, “улар ўз жонини она шаҳрига қурбон қилишди… уларнинг шуҳрати Гомер қаҳрамонлариникидан қолишмайди”, дея уларнинг жасоратини мадҳ қилади. Умуман, Перикл нутқи – полис ватанпарварлигининг ҳақиқий манифести, унда файласуф бойлик ва фаровонликдан воз кечиб, ўзини шаҳарга хизмат қилишга бахшида қилган одамларга тасаннолар айтади.

Кейинчалик ватанпарварлик соф милитаристик ғоялардан ахлоқий ва идеологик талқинларга ўтади. Гераклит ва Афлотун саҳоватпеша сифатида «арете» тушунчасини қўллайдилар, унда, ҳарбий жасоратлардан ташқари, инсонда олижаноблик, энг асосийси – адолат бўлиши керак.
Рум империясида Рум асосчиларидан бири – Луций Юний Брут идеал ватанпарварлик рамзига айланди. Унинг ҳаётидан лавҳалар болаларга ўрнак сифатида кўрсатилган. Улардан энг машҳурлари – Румга хоинлик қилган икки фарзандининг ота император томонидан қатл қилиниши ҳақидаги ҳикоя. Ҳаттоки пушти камаридан бўлган ўғиллар ҳам ўз юрти манфаатларидан юқори бўлмаслиги керак. Яна бир воқеа. Тахтга ким ўтириши масаласи ҳал этилаётганда, коҳин: “биринчи бўлиб онасини ўпган инсон давлат ҳукмдори бўлади”, деб айтди. Шунда Луций Брут тиззасига чўкди-да, тез тупроқни ўпди. Шу тариқа румча ватанпарварлик нафақат зафарли ҳарбий юришларда жиддий роль ўйнади, балки кундалик ҳаётда ҳам халқни жипслаштирди.

***

Узоқ давом этган диний афъюндан кейин Европа ҳукмдорлари, маърифатчилари, хусусан, Руссо, ватанпарварлик руҳидаги тарбия қадриятларини қайта англашни бошлади. Урғулар ўзгарди: жон фидолик нафақат она ватанга бўлган муҳаббатга, балки биринчи навбатда жамият, миллат олдидаги фуқаролик бурчига ҳам асосланиши мумкин.
Ватанпарварлик эътиқоди ўрнига ватанпарварлик онги келиши керак эди. Шу билан бирга “миллатчилик” тушунчаси пайдо бўлади, баъзилар уни янглишиб, “ватанпарварлик” деб қабул қиладилар. Инсон ўз тафаккурида Ватан ва давлатни бир-биридан ажратиб, маънавий туйғуни сиёсий мақсадга мувофиқликдан, мафкурадан ажратади. Тарбия вазифаси давлатчиликка асос соладиган ватанпарварлик ҳиссиётларини шакллантиришдан, Руссо ёзганидек, “фуқароларнинг фикри ва иштиёқларини уларнинг мойиллиги, эҳтирослари, зарурати билан ватанпарвар бўлишига қаратиш”дан иборат эди. Шундай қилиб, ўқув масканларида фуқаролик ватанпарварлиги шакллана бошладики, баъзан у миллатчиликка асосланган ватанпарварликка айлаб кетар эди.

Муаммо шундаки, инсон ўзини миллий давлатнинг бир қисми эмас, балки ўзи туғилиб ўсган жойнинг ўғлони сифатида идрок этган. Оддий халқ учун она тупроққа ва ўз уйига бўлган муҳаббат фуқаролик бурчи, давлат ҳамда унинг чегаралари каби мавҳум тушунчаларга қараганда ҳиссий жиҳатдан унга яқинроқ, анча тушунарлироқ эди. Шу боис, миллий бирдамликка эришиш учун ҳукуматлар кўпинча қатъий чоралар кўришга мажбур бўлган.
Маълумки, Францияда фақат ХХ асрнинг бошида француз тилида сўзлашила бошланган. 1851 йилда «Француз тилига ўқитиш тўғрисида» қонун чиқди, шундан кейин, айтайлик, Тулуз мактабида окситанча ёки Бретанияда бретонча гапирган ўқитувчилар-у ўқувчиларни шафқатсизларча жазолай бошлашди. Таълим вазири ва таниқли реформатор (ислоҳотчи) Жюль Ферри вазирликка ҳаттоки танаффусларда ҳам ҳеч ким шеъвада гапирмаслигини назорат қилишни топширди. Ҳуқуқбузарларнинг бўйнига ҳақоратли сўзлар ёзилган тақа ва ёғоч тахталар осилган, улар ўз она тилида сўзлашаётган бошқа болаларни тутиб келмагунча уни кўтариб юришган.
1871 йилда Германия бирлашгандан кейин Георг Кершенштейнер, — ЮНЕСКО ХХ асрда педагогик тафаккур усулларини белгилаб берган тўрт педагогнинг биттаси деб тан олган инсон, фуқарони меҳнат фаолияти асосида тарбиялаш назариясини ишлаб чиқади. Инсон унга иш берган, мутахассис сифатида тарбиялаб вояга етказган давлат олдидаги бурчини яратувчанлик орқали адо этади. Меҳнат туфайли ҳар бир инсон ватанпарварликнинг моҳиятини англаб етишга қодир бўлади.
Шу билан бир вақтда педагогикада ватанпарварлик ғоясининг прагматизм фалсафаси билан боғлиқ бошқача талқини ҳам пайдо бўлади. Ушбу концепциянинг марказий элементи болада мамлакатга “мансублик”ни тарбиялаш (корпоратив бир хилликка ўхшаган) ва ўзини ўзи рўёбга чиқариш учун муайян кўникмаларни шакллантириш эди. Ҳар бир фуқаро мамлакат олдидаги бурчи ҳақида эмас, балки у мамлакатига келтириши мумкин бўлган фойда ҳақида ўйлаши керак. Ватанпарварликни англашдан ватанпарварлик фаолиятига ўтиш зарур. Бунинг учун дарсларда она ер ҳақида сўзлаб беришнинг ўзи етмайди, амалий машғулотлар асосида фаол фуқаролик шахсини шакллантириш зарур.
Америкалик файласуф ва педагог Жон Дьюи “Мактаб ва жамият” (1899 йил) номли китобида ўзининг мактабига мос келадиган парталарни топиши қанчалик қийин бўлгани ҳақида сўзлайди. Ниҳоят, бир сотувчи унга шундай деди: “Сиз болаларнинг ишлаши учун қандайдир нарсани излаяпсиз. Бизнинг ҳамма столларимиз эса тинглаш учун мослаштирилган”.
Шунга қарамай, XIX аср охирида Америкада ватанпарварликни тарбиялаш дарслари амалий дарсларга айланди. Ягона ўқув режаси пайдо бўлди, у мактаб ва коллежлардан тортиб университетларгача ватанпарварлик ғояларини шакллантириш мантиқига асосланган эди. АҚШ мактаблари учун тавсия этилган ўқув режасига 1879 йилдаёқ В. Харрис, «АҚШ Конституцияси»дан ташқари, «Фуқаролик тарихи» курсини жорий этган бўлиб, у ҳуқуқ ва эркинликларни ривожлантириш бўйича ватанпарварлик тажрибасини ўрганишдан иборат эди. Болалар Капитолийни кўриши, музейларга экскурсияга бориши, давлатга асос солган шахслар яшаган уйларни бориб кўриши лозим эди. Болаларни ўз сафларига ихтиёрий оладиган скаут ташкилотлари пайдо бўла бошлади.
Бунда шахснинг ўзини ўзи намоён қилиши муҳимлиги доим таъкидланган; “давлат бундан нафақат манфаатдор, балки ҳар бир инсон учун шароит ҳам яратади”, деган тезисга урғу берилди. Шахснинг ўзини рўёбга чиқаришининг асосий принципи эса – бу унинг эркинлиги. Инсон жамиятдаги ўз ўрнини топса, у ўз-ўзидан давлатга фойда келтира бошлайди. АҚШ тарихи дарсликларида эпиграф сифатида америкалик файласуф Ральф Эмерсоннинг қуйидаги сўзларини ёзишган: «Америка — бу бор-йўғи Имкониятни ифодалайдиган бошқача сўз».
Чунончи, нафақат муҳаббат ва бурч, балки фойдалилик ҳам ватанпарварликни тарбиялашда муҳим ва зарурий қийматга айланади. Аммо, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кўпчилик етакчи мамлакатлар аста-секин сийқаси чиққан ватанпарварликни тарбиялашдан воз кеча бошлади, давлат дастурларини бекор қилди ва ваколатларнинг бир қисмини фуқаролик жамиятининг ноҳукумат институтларига тақсимлаб берди.

***

Бугун ватанпарварликни тарбиялашнинг илғор концепцияларини учта асосий қоидага бирлаштириш мумкин:

1. Таълим жараёнининг мафкурасизлаштирилиши ва ўқув дастурларининг метамафкура кесимига ўтказиш.

Бунда нафақат миллатни муайян сиёсий кучлар тафаккури асосида бирлаштириш тамойилидан воз кечиш, балки мафкура платформаси сифатида миллий рамзлардан фойдаланмаслик ҳақида ҳам сўз боради. Ўқувчи мамлакат мадҳиясини ҳар куни дарсларни бошлашдан олдин ҳамма билан жўр бўлиб айтгандан кўра, Мустақиллик байрамида эшитса ва айтса, ишонинг, самаралироқ бўлади. Буюк ўтмиш ҳақида, мамлакатнинг янада буюк келажаги ҳақида такрорланувчан, бир хил ҳикояларни эшитгандан кўра, халқаро даражада эътирофга сазовор бўлган ватандош (спортчи, олим, мусаввир ва ҳ.к.)нинг мувваффақият формуласини муҳокама қилиш кўпроқ фойда беради.
Иккинчи метамафкура – давлатчиликни танқидий тафаккур қилиш билан боғлиқ. “Ватанпарварлик” дарслигидан “танқидий” дарсликка ўтиш туфайли бунинг имкони туғилди. Америкалик тарихчи Жон Лруэн прагматизмнинг фалсафий принципларини қайтадан тафаккур қилар экан, 1990 йиллар бошида ўзининг “Устозим менга айтиб берган ёлғон” деб номланган йирик асарида, масалан, тарих дарслари зерикарли эканлигини айтган. Ватанпарварликка йўғрилган нарративлик (ўзаро бир-бирига боғлиқ воқеа-ходисалар ҳақида мустақил ҳикоя тузиб, ўқувчига ёки тингловчига сўзлар ёки образлар кетма-кетлиги кўринишида тақдим этиш) нуқтаи назаридан, Лоуэн шундай ёзади: “Ҳикоялардан низолар ёки мавҳум нарсалар узиб олинган. Улардан миллийлигимизга соя соладиган ҳамма нарса олиб ташланган. Тарихга улар фожиа, драма сифатида қарайдилар ва фақат мелодрамани ярата оладилар, чунки китобхон охири яхшилик билан тугашини билади. Битта дарслик номидан айтсак, “тўсиқларга қарамай, Америка Қўшма Штатлари ушбу таҳдидларнинг ҳаммасини енгди”. Аммо, кўпчилик тарих дарсликлари муаллифлари ҳаттоки мелодрамани ҳам ишлатишни истамайди. Уларнинг оҳангини оғзаки нутқда “тўнғиллаш” деса бўлади. Мактаб ўқувчилари тарихга қизиқишни йўқотишидан ажабланмаса ҳам бўлади”.
Замонавий мактаб дарслиги – бу суҳбатдош, аммо мураббий эмас. “Ўқиб-ўрганиб, тафаккур қилмаслик — вақтни бехуда кетказиш”, — дея огоҳлантирган Конфуций.

2. Ватанпарварликни тарбиялаш ўз чегараларига эга. Ватанпарварлик санъати ҳам, ватанпарварлик илми ҳам бўлиши мумкин эмас.

Санъат ва илм-фан мафкура юкидан ҳоли бўлган ўз эркин муҳитида давлатнинг ўзига ҳам яхшироқ самара беради. Олийгоҳларда ватан шон-шарафи ва улуғворлиги ҳақидаги маърузалар ўрнига ихтисослашган фанлар соатини кўпайтириш фойдалироқ бўлиб қолди. Шу тариқа ватанпарварлик дарсликлар доирасидан чиқиб кетди, ўқитиш муҳитига билвосита даҳл қилиш билан чекланди: байрамлардан тортиб спорт тадбирларигача. Шуниси қизиқки, Кембриж ва Оксфорд университетлари учун уларнинг биргаликдаги қўшма регатаси — йилнинг энг муҳим воқеаси бўлса, Сорбоннада битирув кечаси Бастилия олинган кундан ҳам кенгроқ кўламда нишонланади.
Мактабларда эса алоҳида фанни (масалан, Ўзбекистонда «Ватан туйғуси» каби) киритиш, қатнашиш мажбурий бўлмаган ватанпарварлик клублари ва танловлари ташкил қилиш ёки қутлуғ саналарга боғлаб, мамлакатнинг маданий бойлигини, хилма-хиллигини ва қадриятларини намойиш этувчи тадбирларни ўтказиш мумкин. Ўқув жараёнининг қолган қисмида ватанпарварлик ғояларини мажбурлаб «сингдириш» нотўғри бўлади. Айнан шунинг учун 2003 йилда Японияда “Японияда сўз эркинлиги ва ватанпарварлик тўғрисида”ги ҳукумат қарори танқид остига олинди, унда мактабларда 11 ёшдан бошлаб “ватанпарварлик” учун баллар қўйиш белгиланган эди.
Шунингдек, ўқув муассасаси таълим-тарбия тузилмасига диний, сиёсий ғоялар ва принципларни интеграция қилмаслиги керак. Мансабдор шахс билан учрашув учун дарсни бўлиш, президент ёзган китобларни билишни доим талаб қилиш …

3. Шахсда ижтимоий фазилатларни ривожлантиришга йўналтирилганлик.

Ушбу қоидани Авраам Линкольн сўзлари билан ифодалаш мумкин: “Бугун мактабларда ҳукм сураётган фалсафа эртанги ҳукумат фалсафасига айланади”. Шу нуқтаи назардан ватанпарварликни суиистеъмол қилмаслик керак, чунки кейинчалик у тескари шакл олиши мумкин. Инсоннинг индивидуал дунёқараши тўда мафкурасига мослашиб кетмаслиги учун шахснинг ўзини тарбиялаш ва уни фикр юритишга ўргатиш керак.
Ролли модель муҳим элементга айланади, у омманинг битта инсон шахси билан айнанлаштирилишига олиб келмаслиги керак. Плюрализм ахлоқий қадриятлар негизида шахс хислатларини ва фуқаролик фазилатларини ривожлантиради. Шу муносабатда, буюк аждодларимизнинг таржимаи ҳолини қайта-қайта ҳикоя қилавермасдан, ушбу инсонларнинг бундай эътироф этилишига олиб келган уларнинг шахсини, хислатларини таҳлил қилиш самаралироқ бўлади. Ҳар бир шахснинг ўзига хослиги ва мураккаблигини англаганда, ролли моделдан ҳаётий вазиятни тушуниш “кейси” ҳосил бўлади, бу болаларга фойдали кўникмаларни орттиришига ва шу асосда кейинчалик ҳаётда муваффақият қозонишига кўмаклашади. Миллий доиралар билан чекланиб қолмасдан, қандай фазилатлари туфайли Рональду ёки Илон Маск ўз мақсадлари йўлида қийинчиликларни енга олгани ва ҳ.к. ҳақида фикр юритиш муҳимроқ. Болаларни замонавийлик билан қўрқитиб ёки уни яширишга уриниб бўлмайди.

***

Тасаввур қилинг: сизга тегишли бўлган хусусий мактабда, бутун мамлакатда бўлганидек, ҳарбий форма кийиш мажбурий қилиб қўйилди, ҳар куни эрталаб болалар президентга содиқлик, диний таълим олиш ҳақида қасам ичиши шарт. Давлат буни ёшларни “тўғри” тарбиялаш деб ҳисоблайди, шунда олдингизда иккита йўл бўлади: болаларга маърифат беришда Ватанга ёрдам бериш, давлат мафкураси ва сиёсати билан бирлашиб, сифатли таълим бериш ёки ҳамкорликдан воз кечиш. Эзгу ниятларга эришиш учун сиз ёвузлик билан муроса қилишга тайёрмисиз?
Шундай масала таниқли педагог Мария Монтессори олдида турган, у 1922 йилда Беннито Муссолини ва Италия Миллий фашистлар партиясидан қўллаб-қувватлаш ҳақидаги ваъдаларини олиб, бутун мамлакатда ўз ўқитиш методикасини тарқата бошлади. Аммо, Италия мактабларида миллий мафкура унинг гуманистик педагогик ғояларини сиқиб чиқара бошлаганда, Мария ўз она юртига бўлган чексиз муҳаббатига қарамай, уни тарк этишга мажбур бўлди. Охир-оқибат, тарих ҳаммасини: фашизм ва Монтессори педагогикасини ўз ўрнига қўйди.
Инсон туйғулари билан ўйнашмоқ – жуда хавфли иш. Турли сиёсий кучлар ўз моҳияти ва мазмунини ўзгартириб, ватанпарварлик туйғуларидан кўпроқ ёвуз ниятларда фойдаланган бўлса-да, эртами кечми, таълим мажбурлаб сингдирилган, самимий бўлмаган ва қўпорувчи ҳамма нарсани “туфлаб” ташлайди. Аммо, бундай мафкуранинг тегирмонига тушиб қолган одамларнинг ҳаётини орқага қайтариб бўлмаслиги мумкин.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муаллиф — Парвиз Курбанмамадов

Таҳрир — Дилбар Ҳайдарова

Корректура — Гули Ибрагимова