Skip to main content
таҳлил

Ижтимоий тармоқлар ва бизнинг уларга муносабатимиз

Кишилик жамияти доим коммуникацияга интилиб келган. Биз у билан тирикмиз. Шифонадаги бемор хонадоши, бир нечта доктор ва ҳамширалар билан мулоқотга киришади. Ҳибсдаги маҳбус ўз камерадошида янги суҳбатдошини кўради, пиццериянинг шаҳарнинг турли бурчагидан келган икки ишчиси ҳам ўзаро суҳбатлашишни канда қилмайди. Олис масофаларнинг ечимини хат-мактублар орқали топганмиз. Уларнинг замонавий кўриниши — интернет ва ижтимоий тармоқлар.

Ўзбекистонда ижтимоий ва турли кўнгилочар тармоқлардан кенг фойдаланилади. Турли мамлакатларда ўзига хос сабабларга кўра маълум тармоқлар муваффақиятга эришади (албатта, бу чегараларни бузиб ўтганлар бор). Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Бизда ҳам ўз севимлиларимиз ва улардан фойдаланишда шаклланган ўз тутимларимиз бор.

Муваффақият эгаларининг ўзлари билан мутлақо тасодифий тартибда танишиб чиқсак.

Нетфликс

Видео кўринишидаги маҳсулотларни мавзусига қараб бир неча турга бўлиш мумкин: мусиқа, фильм, ҳужжатли фильм, спорт ва ҳ. к. Гап шундаки, юқоридагилар энг кўп аудитория йиғувчи турлардир. Улардан бири – катта ва сершовқин аудиторияга эга бўлган спорт трансляциялари афсуски пандемия чоғида бизни вақтинчага бўлса-да, тарк этди. Лекин, бу қолган барча турдаги видео маҳсулотлар учун аудиторияни янада кенгроқ қамраб олиш имконияти бўлиши мумкин эди. Афтидан, шундай ҳам бўлди. Los Angeles Times’да 2020 йилда нашр этилган маълумотларга диққат қиладиган бўлсак, 2020 йилда Netflix Уолл-Стрит тахмин қилган 7.6 млн кишилик довондан ўтиб кетиб, 15.8 млн обуначи йиғган ва доимий обуначилари сонини 183 миллионга етказиб қўйган. Ва бу ҳаммаси эмас. Компания 2020 йилнинг дастлабки чорагида 709 млн доллар соф даромад кўради. Бу ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан икки бараварга кўпроқ дегани эди.

Ўзбекистонда ҳам Нетфликс ўзининг кўплаб мухлисларига эга бўлиб улгурган. Платформанинг муваффақиятга эришган лойиҳалари бизнинг томошабинлар орасида ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлади. Нетфликс ҳақидаги муҳим янгиликларни эса ўзбек ОАВси ҳам ёза бошлади. Масалан, «Кальмар ўйини» қайд этаётган рекордлар, Нетфликсдаги янги лойиҳанинг ўсиш суръати, тренддаги фильмлар ҳақида маълумот ёки платформанинг тарихимизга алоқадор янги лойиҳаси ўзбек нашрлари эътиборидан четда қолмайди.

Биздаги аудиториянинг платформадан фойдаланишга оид ўзига хос жиҳатларини келтириб ўтиш мумкин. Гап шундаки, Нетфликс пулли платформа, лекин бизда фильмларнинг кўчирилган нусхаларини турли сайтлардан кўриш оммалашаган. Аммо, бу ҳолатни муҳокама қилмоқчи эмасмиз.

Инстаграм

Ушбу платформанинг Ўзбекистондаги муваффақиятига Ковид-19 ни сабаб қилиб кўрсатиш қийин. Тармоқ карантин вақтигача ҳам фойдаланувчилар орасида машҳурликка эришиб бўлган эди. Инстаграм аввал бошдан ўзбек санъати вакиллари ва спортчилар орасида оммалашди. Бу уларнинг кузатувчилари ҳам тармоққа кўчиб ўтишларининг асосий сабабларидан бири бўлиши мумкин. Қайд этиш керакки, юқоридаги икки тоифа ўзбек инстаграм фойдаланувчилари орасида катта аудиторияларга эгалиги билан ажралиб туради. Санъат вакиллари учун бу тармоқ ўта тез зерикиш хусусиятига эга бўлган аудиторияни ўз атрофида ушлаб туриш имкониятини берса, спортчилар учун бу мухлисларга янада яқинроқ бўлиш важидан зарурдир. Кенг медиаконтент эса буларга имкон яратиб беради. Аммо, Инстаграм уларга бошқа бир ёқимли имкониятни ҳам тақдим этди. Бу – реклама ва маркетинг. Бўлажак ҳар қандай концерт, ажойиб бир янги трекнинг чиқиши, азалий рақиб билан бўладиган тўрт ой кейинги жангнинг промоушни, чемпионатни бой бермаслик имконияти мавжуд бўлган охирги ўйинда мухлислардан жамоадошларини қўллаб-қувватлашларини сўраётган футболчи — бу ҳаммаси аллақачон бизга таниш бўлиб улгурган тасвирлар. Лекин, бу катта аудитория эгалари ҳам Инстаграмга фойдалидирлар. Медиаюзлар ва бошқа катта шахслар дунё миқёсида ҳам Инстаграм ривожининг асосий омилларидан бири сифатида кўрилади.

Кейинроқ эса Инстаграмда табиий равишда аудитория, фойдаланувчилар сони ва тури кўпайиб борди. Ўқув муассасалари, давлат ташкилотлари ва расмийларнинг профиллари ҳам тармоқда пайдо бўла бошлади. Ўзбекистонда аксарият олий ўқув юртлари тармоқда ўзининг расмий саҳифаларига эга. Улар, асосан, медиаконтентларни улашиш, тадбирлар ҳақида хабар бериш, аудиториянинг саволларига жавоб бериш ва имижни намоён қилиш мумкин бўлган майдонча вазифасини бажаради. Илгари йигит ёқтирган қизига СМС ёзиб, қўлидаги шоколад ва гулларни қаерга олиб бориши кераклигини аниқлаштирган бўлса, ҳозир абитуриент университетга Инстаграмдан хабар ёзиб, қўлидаги ҳужжатларини қаерга олиб бориши кераклигини аниқлаштириши мумкин.

Давлат ташкилотлари ва уларга тегишли бўлган сайтлар билан эса вазият анча оддий. Улар, одатда, МДҲда вирус даражасида тез ва кенг тарқалган Телеграм, бироз ёши каттароқ Фейсбук, баъзида кўриниш бериб турадиган Твиттерларда бўлгани каби, нисбатан ёш бўлган Инстаграмда ҳам ўз саҳифаларини очди ва бу жараён давом этмоқда. Айтиш жоизки, ҳозирги кунда Президент Шавкат Мирзиёв ҳам матбуот хизмати томонидан юритиладиган ўз инстаграм саҳифасига эга.

Лекин барибир карантин пайтида ушбу платформада ҳам ўсиш кузатилди ва ўсиш анча сезиларли бўлди. Бунда эса унга бўш вақти анча кўпайиб қолган аудитория ва анъанавий дўконлар ёпиқ пайтда маҳсулотларни намойиш қилиш учун қулай майдончага айланган платформанинг ўзи ҳам сабабчидир.

ТикТок

ТикТок билан ҳаммаси бироз мураккаб. Ўзбекистонда у жуда тез суръатдаги ва нисбатан нотекис (ёш жиҳатидан) ўсиш кўрсатди. Ковид-19 ҳам, шубҳасиз, фойдаланувчилар сонининг рекорд даражада кўтарилиб кетишига сабаб бўлди. Шунингдек, мураккаб амалларни бажармасдан, осон контент яратиш ва томошабин йиғиш имкониятининг мавжудлиги ҳам кўпчиликни қизиқтириб қўйди. ТикТок муваффақияти кўплаб экспертларда қизиқиш ва турли фикрларни уйғотган. Масалан, Форбс платформанинг муваффақияти ҳақида 2020 йилда бир неча мутахассислар фикрини ўрганиб, алоҳида мақола тарзида нашр қилган.

Асосий аудитория ҳали мажбурий давлат таълимини тугатмаган ёшлардан иборат бўлганлиги айтиладиган платформа, кейинчалик бошқа ёш гуруҳлари орасида ҳам қизиқиш уйғота олди. Лекин, кўплаб давраларда платформага унчалик катта қизиқиш билдирилмади. Ўзбек ТикТоки, асосан, кўнгилочар контент билан тўлди. Ёш аудиторияни кучли тарзда қамраб олган тармоқ тўғрисида тез орада негатив фикрлар массаси шаклланди. Ва уни қисман ёки тўлиқ блоклаш ҳақида таклифлар борлиги қулоққа чалина бошлади.

Ўзбекистон 2021 йил ёзида бошқа бир нечта тармоқлар (Twitter, Skype, WeChat) қаториТик Токдан ҳам фойдаланишга чеклов киритган эди. Kun.uz нашри берган маълумотларга кўра, ўшанда чекловлар сабаби сифатида тармоқ фойданувчиларнинг шахсга доир маълумотларини Ўзбекистонда жойлашган серверларда сақламаслиги кўрсатилган. 2021 йил 16 апрелда кучга кирган қонун эса буни талаб қилиб қўйган эди.

Кейинроқ, 2021 йилнинг сентябрь ойида «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова ТикТок ижтимоий тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилди. Бунга бир кун олдин 8 сентябрь куни мактаб ўқувчилари иштирокидаги номақбул сўзлар ишлатилган видеонинг тармоқ бўйлаб тарқалиши туртки бўлган.

«Афсуски, ҳозирда одоб-ахлоққа зид ҳаракатлар медиа маконида урчиб ётибди. Кўп ҳолда видеороликларнинг асосий қаҳрамонлари мактаб ўқувчилари эканлиги масалага ечим берадиган ва унинг ижросини таъминлайдиган соҳа вакилларини чуқурроқ ўйлантириши керак…

…партия аксарият ҳолда ҳуқуқбузарликларни намойиш этиш ҳисобига ўз ўқувчиларини кўпайтираётган TikTok ижтимоий тармоғини болалар учун хавф майдони деб ҳисоблайди ва шу боис ушбу тармоқ фаолиятини бутунлай чеклаш тарафдори», — деб ёзади Феруза Муҳаммаджонова.

Шу йил 2 февралда эса бошқа бир партия – «Адолат» СДП Ўзбекистонда ТикТок тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилганди. Партия буни «ёш авлоднинг «тиктокер”лик васвасасида олаётган турли-туман видеолари орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг ҳам кўпаяётганлиги» билан изоҳлаган. — Gazeta.uz.

Бу ижтимоий тармоқларнинг Ўзбекистон ҳудудида нисбатан оммалашган турларидан фақат баъзиларининг қисқача таҳлили эди. Таҳлилда анъанамизга мувофиқ яхши ва ёмон синтезидан қочишга ва воқеиликларни борича тавсифлашга ҳаракат қилдик.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муаллиф — Лазиз Холиёров

Таҳрир — Дилбар Ҳайдарова

Корректура — Гули Ибрагимова