Skip to main content
дайджест

Йил дайджести

Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши

24-феврал куни РФ президенти Владимир Путин томонидан Донбассда «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилиши билан Россия ҳарбийларининг Украина ҳудудига бостириб кириши бошланди. Бу кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Владимир Путин халққа мурожаати давомида Россиянинг режаларига Украина ҳудудларини оккупация қилиш кирмаслигини, шунингдек, Россия Украинани «демилитаризация ва денацификация» қилишга интилишини қўшимча қилган эди.

Урушнинг бошланиши Россиядаги кўплаб хорижий бизнесларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига, айрим давлатлар билан дипломатик алоқаларнинг узилишига, рус амалдорлари, уларнинг яқинлари ҳамда рус олигархларининг АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия санкциялари остида қолишига ва давлат иқтисодиётининг улкан зарар кўришига олиб келди.

Ҳарбий ҳаракатлар бошланиши биланоқ деярли барча Оммавий Ахборот Воситалари у ҳақида маълумот бериб боришни бошладилар. Урушни Ўрганиш Институти (IСW) рус-украин уруши воқеаларини шарҳлаб, маълум прогнозлар бериб бормоқда.

Япония собиқ бош вазири Синдзо Абе суиқасддан вафот этди

Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абега нисбатан 8 июл куни Нара шаҳрида нутқ сўзлаётган чоғида суиқасд уюштирилди. Кейинчалик шахси аниқлаштирилган фуқаро 67 ёшли Абенинг кўкрагига қарата икки марта ўқ узган. Абе ҳушидан кетган ва касалхонага ётқизилган. Ўша куннинг ўзида Абенинг вафот этганлиги маълум қилинди.

Синдзо Абе мамлакатни 2006-2007 ва 2012-2020 йилларда Японияни бош вазир сифатида бошқаради. Ҳар иккала муддатни ҳам у соғлиги ёмонлашгани туфайли якунлайди.

Қайд этиш керакки, Япониядек ўзининг ҳаётий хавфсизлик даражаси билан танилган мамлакатдаги бундай катта суиқасд кенг жамоатчилик орасида катта ҳайрат ва муҳокамага сабаб бўлди.

Ненси Пелоси Тайванга ташриф буюрди

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси Хитой ҳукуматининг огоҳлантиришларига қарамай, Тайванга ташриф буюрди. Тайван эса ХХР ҳукуматининг огоҳлантириш ва норозиликларига қарамай Пелосини қабул қилди.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси бўлган самолёт 2 август куни расмий Хитой ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган Тайванга учиб келди.

“Унинг Тайванга ташрифи Хитойнинг ички ишларига қўпол аралашиш, ХХР суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини жиддий бузиш, ягона Хитой тамойилини андишасиз равишда четлаб ўтиш ҳисобланиб, Тайван бўғози ҳудудида тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид бўлади. Хитой-АҚШ муносабатларига жиддий зарар етказилиши эса ўта жиддий воқеалар ва оғир оқибатларга олиб келади”, — дея Пелосининг ташрифини изоҳлаган Хитой расмийларидан бири Чжао Лицзян.

Пелосининг ўзи эса ташрифини “Делегациямизнинг Тайванга ташрифи Американинг Тайваннинг динамик демократиясини қўллаб-қувватлашга содиқлигидан далолатдир”, — дея изоҳлаган.

Михаил Горбачёв вафот этди

Якунланиб бораётган йилда бизни яна бир сиёсат арбоби СССР собиқ президенти Михаил Сергеевич Горбачёв 91 ёшида тарк этди. Маълум қилинишича, у Москвада оғир хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда 30 август куни Марказий клиник шифохона (МКШ) маълумотларига таяниб, Россия оммавий ахборот воситалари хабар беришган.

Қайд этиш керакки, Горбачёв номи Совет Иттифоқининг тақдирига жуда кенг кўламда таъсир ўтказган “қайта қуриш” сиёсати билан хотирланади. Михаил Горбачёв 1990 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган.

Қиролича Елизавета II вафот этди

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябрь куни 96 ёшида вафот этди. Мамлакатда 12 кунлик мотам эълон қилинди.
Анъанага мувофиқ қироличанинг тўнғич фарзанди шаҳзода Чарлз янги монарх сифатида тахтни эгаллади.

Елизавета II Буюк Британия ва унга бирикувчи ҳудудлар учун 1952 йил 6 февралдан то вафотига қадар Британия тахтига соҳиблик қилди.

Эронда намойишлар

2022-йил 16-сентябрда «Ҳижобни нотўғри ўрагани» учун Полиция бўлимига чақирилган Махса Аминининг ўлими ҳақидаги хабардан сўнг Эронда мамлакатнинг амалдаги сиёсий тизимига қарши намойишлар ва тартибсизликлар бошланди. Айтиш керакки, ушбу намойишлар замонавий Эрон тарихидаги энг каттасидир.

Маълумотларга кўра, намойишлар Амини даволанган касалхона яқинида норозилик намойишлари бўлиб ўтиши билан бошланган ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларига, биринчи навбатда Амини туғилган Курдистон вилоятига тарқалган. Намойишларга жавобан Эрон ҳукумати интернетга чеклов ўрнатган, намойиш уюштирувчиларнинг ўлими ҳолатлари мамлакат бўйлаб учраб турган ва бу ҳали давом этмоқда.

Швециялик генетик Сванте Паабо тиббиёт ва физиология йўналиши бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди

Нобел қўмитасининг маълум қилишича, мукофот унга йўқ бўлиб кетган гоминидлар геномлари ва инсон эволюцияси бўйича тадқиқотлари учун берилган.

“Унинг (Паабонинг) мукофотни қўлга киритишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган сабаб шундаки, у қадимги ДНКни таҳлил қилиш ва қайта тиклаш усулларини ишлаб чиқди”. — дейди Нилс-Ёран Ларссон, Нобел қўмитаси.

Тошкент ҳаво ифлослиги бўйича дунёда 1-ўринга чиқди

Ўтаётган йилда Тошкент шаҳри илк марта IQAir рейтингида ҳавонинг ифлосланиши бўйича биринчи ўринни қайд этди. Бу ҳодиса 17 октябрда содир бўлди. Бу ҳолат шубҳасиз йил воқеаларидан бири сифатида қайд этилишга арзийди ва мамлакатимиздаги экологик муаммоларнинг унчалик кичик эмаслигидан огоҳлантиради.

Мундиал

Қатарда бўлиб ўтган 2022 йилги мундиал кўп жабҳаларда олдингиларидан ажралиб турди.

Албатта, бу дастлаб мундиал атрофида айланган коррупция ҳолати ҳақида хабарлар ва спорт иншоотлари қурилишида ишчилар ўлими ҳақида хабарларда ўз аксини топди.

Кейинги ҳолат эса, LGBT рамзларига қўйилган тақиқ ва айрим давлатларнинг бунга билдирган реакцияларида кўринади.

Шунингдек, чемпионат рекорд даражадаги суммалар, аксар фаворитларнинг кутилмаган муваффақиятсизликлари ва Аргентина термасининг узоқ кутилган чемпионлиги билан эсда қолди.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муаллиф — Лазиз Холиёров

Таҳрир — Дилбар Ҳайдарова