Марказий Осиёда сув ресурслари ҳамда можаролар
Сув ресурслари Марказий Осиёда стратегик аҳамият касб этганлиги сабабли кўплаб минтақавий можароларга сабаб бўлиб келган. 1990-2019-йиллар оралиғида йигирмадан ортиқ шу турдаги низолар юз берган. Хусусан, ўтган 2021-йилнинг апрел-май ойиларда Тожикистоннинг шимолий Сўғд вилояти ва Қирғизистон жанубидаги Боткен вилояти чегара ҳудудида юз берган тўқнашувларда 30 дан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмгани, ўн мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилингани хабар қилинган эди. Можаро Исфара дарёсининг юқори қисмида Қирғизистоннинг Кўктош қишлоғи яқинидаги Головная сув тақсимлаш пункти туфайли бошланган эди. Бу каби тўқнашувлар минтақадаги геосиёсий барқарорликка, албатта, ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Марказий Осиёда бундай низолар тез-тез такрорланиб туришига асосий сабаблар нимада?
Давлатлараро чегаралар бўйлаб қатъий демаркацияга эга бўлмаган ҳудудларнинг мавжудлиги. 1924-1936 йилларда советлар томонидан чизилган чегараларда иқтисодий, географик ва этник воқеликлар ҳисобга олинмаган. Улардан мерос бўлиб қолган мураккаб чегаралар эндигина мустақилликка эришган давлатлар ўртасида жиддий баҳсларга сабаб бўлган. Бундан ташқари, Анклав ҳудудлар фактори ҳам мавжуд. Улар сув ресурсларидан фойдаланишда доимо қўшни мамлакат ҳудудлари ҳамда аҳолиси билан муроса қилишларига тўғри келади. Масалан, 2020-йилнинг 31-май санасида Фарғона вилоятининг Сўх тумани ўзбек-қирғиз чегарасида Чашма булоғи юзасидан тўқнашувлар юз бергани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.
Давлатланинг иқтисодий ҳамда сиёсий манфаатларидаги қарама қаршиликлар. Можароларнинг бир қисми сув оқимининг юқори ва қуйи қисмидаги мамлакатлари ўртасида сувдан фойдаланиш бўйича манфаатларнинг тарқоқлигидан келиб чиқади. Оқим юқорисидаги республикалар (Қирғизистон ва Тожикистон) сувдан асосан гидроелектростансиялар орқали электр энергияси ишлаб чиқариш йўлида фойдаланса, қуйидаги республикалар (Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) асосан қишлоқ хўжалиги – озиқ-овқат ва пахта етиштириш каби мақсадларда фойдаланади. Совет Иттифоқи даврида Қирғизистон ҳамда Тожикистон баҳор ва ёзда сув омборларининг бир қисмини бўшатиб туриш эвазига қуйи оқимдаги давлатлар уларга қишда газ ва кўмир етказиб бериб турган. Яқин йилларида ушбу давлатларда аҳоли сони ортиши ҳамда қишлоқ хўжалигидаги ривожланишлар сув ҳамда энергия ресурсларига бўлган талабни янада орттириб юборди. Бутун минтақа бўйлаб сув таъминотини йўлга қўйиш учун эса мустаҳкам институтлашган бошқарув етишмайди.
Иқлим ўзгаришлари. Охирги бир неча ўн йилликда Марказий Осиёда ҳарорат аста-секин ўсиб, минтақани сув билан таъминловчи тоғ музликлари қисқариб борди. Иссиқ ҳаво ва сув танқислиги, албатта, қишлоқ хўжалигига катта зарар келтириб, сувнинг минтақадаги стратегик аҳамиятини янада орттириб юборади.
Муаммоларга ечим топиш йўлида қандай амалий ишлар олиб борилмоқда?
Жорий йилнинг 26-сентябр санасида Бишкекда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўртасида ўзбек-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокараларнинг якуний қисми бўлиб ўтди. Қирғизистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев парламент йиғилишида музокара тафсилотлари ҳақида баъзи маълумотларни келтириб ўтди. Унга кўра Кампиробод сув омбори яқинидаги 4 485 гектар ер Ўзбекистонга ўтган. Қирғизистон эса 19 699 гектар ер оладиган бўлган.
Аввалроқ, Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида Қирғизистон ва Тожикистон президентлари ҳам чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия ишини жадаллаштириш бўйича келишувга эришгани айтилган эди.
Бу хатти-ҳаракатлар, албатта, минтақавий муаммоларни ҳал қилиш йўлида ташланган ижобий қадамдир. Аммо, сув муаммосини тўла ҳал қилиш учун давлатлараро мустаҳкам институтлашган бошқарув ҳамда ўртадаги ҳамкорликнинг янада кучайтирилиши, тақсимлаш квоталари юзасидан икки томонлама ҳамда кўп томонлама шартномалар талаб этилади. Бундан ташқари, минтақавий сув ресурслари бўйича ҳамкорлик органларига кенгроқ назорат ҳуқуқи ҳамда кўпроқ мустақиллик берилиши керак бўлади. Ниҳоят, сувни тежаш техникаси, сув йиғиш ва сувни сақлаш қувватларини ошириш каби чора тадбирларни кучайтириш, қишлоқ хўжалигида сувсизликка чидамлироқ экинлар миқдорини кўпайтириш ҳам яхши самара бериши мумкин.