Skip to main content
жамият

Номаълум аёллар мактуби ёхуд тунги клублардаги қизлар иқрори

Шовқинли, серташвиш одатий кун адоғида чарчоқларни чиқариш учун уйга йўл оламиз. Баъзан дўстлар ёки оиламиз билан кечки учрашувлар ташкил этмасак, одатда, мазали кечки овқатдан сўнг ТВ қаршисида ёки ижтимоий тармоқларда, ёхуд китоб мутолааси учун қулай ўрнашиб олиб, чарчоқларни шу тахлит чиқаришни хуш кўрамиз. Бироқ, ҳамма ҳам бундай одатий тарзда кун кечирмайди. Бугунги мақолада тунги клублар ва караоке залларида ишлайдиган қизлар ҳаёти ҳақида уларнинг тилидан айтилган ҳикояларни тақдим этамиз. Ҳикоядаги қизлар ўз исмларини ва иш манзилларини очиқламаган бўлса-да, улар бугун биз билан бир жамиятда яшамоқда. Жамиятимизнинг кўпларга номаълум қатламларидан сўзланган иқрорлар билан танишинг.

“Аслида ичкиликни жуда ёмон кўраман, ичсам тезда кўнглим айниб, қайт қиламан. Бироқ, меҳмонларим ичишимни талаб қилади ва бир кўтаришда ичилган барча шотларим учун қўшимча пул беришади. Энг қийини мен учун пиво ичиш, чунки салкам 1 литр пивони бир кўтаришда ичиш анча-мунча эркакларнинг қўлидан келмайди. Аммо, биз иш жараёнида ўзимизга ёқмаган ишларни қилишга мажбур бўламиз. Сабаби, маст бўлиб қолган меҳмонга ича олмаслигимни тушунтириш деярли имконсиз”.

Юқоридаги қизнинг ҳикояси бироз қайғули бошланади. Хотимаси қандай бўлиши эса номаълум:

Ичкиликни ёмон кўраман ёхуд биринчи қиз ҳикояси

“Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидан бирида туғилганман. Оилада 5 кишимиз, ота-онам, акам, укам ва мен. Ота-онам таҳсил кўрмаган, оддий қишлоқ инсонларидан. Дадамнинг соғлиғи болалигимдаёқ ёмонлашди ва ишлай олмади, ойим эса одамларнинг уйида кунлик юмушларни бажариб юрарди. Ҳозир иккиси ҳам ишламайди. Сабаби, укам ногирон, ҳаракатлари чекланганлиги учун у доимий қаровчига муҳтож.
Болалигим тўкилай-тўкилай деган 2 хонали пахса уйда ўтган. Балоғат ёшига етганимда энг кўп эшитадиганим: “Йигитлар билан гаплашма, ҳозир сени узата олмаймиз. Совчи кутадиган уй-жойимиз ҳам йўқ. Ҳаммаси абгор…” каби гаплар бўлган. Ташқи кўринишим чиройлилиги учунми ёки яхши ўқишга ҳаракат қилганим туфайлими, битирув синфдалигимда мактабдошларимдан тез-тез севги изҳорларини эшитардим. Аммо, оиламнинг аҳволини билганим учун барчага рад жавобини берганман. Мақсадим ўқиш эди. Яхши жойларда ишлаб, ота-онамга ёрдам беришни жуда истардим.
Аммо, бир воқеа ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. 9-синфни тугатганимиздан сўнг битирув кечаси уюштирдик. Қишлоқдан туман марказига бориб, битирувчилар байрам қилдик. Биз билан бир нечта ўқитувчиларимиз ҳам келган эди. Ўйин-кулги, рақслар… хуллас, битирув оқшоми тугагунгача анча кеч бўлди. Негадир мени уйқу боса бошлади. Шунда мактабга келганига эндигина бир йил бўлган ёш ўқитувчимиз мени ва 3 дугонамни машинасида қишлоққа олиб кетди. Синфдошларим хурсанд, йўл давомида тинимсиз суҳбатлашиб келяпти, мен эса мудраб ўтирибман. Менинг уйим яқин бўлса-да, негадир машина синфдошларим манзилига қараб юрди. Энг охирида менинг мазилимга бормоқчилигини тушундим, бироқ уйқум келгани учун вазиятни англай олмаётгандим. Барча билан хайрлашгач эса, машина уйим томонга эмас, кенг далага қараб юрди. Нимагадир юрагим ёмон уриб кетди. Бироқ, энди кеч эди… Ўзимга келганимда эса “Сенга, албатта, уйланаман фақат ҳеч кимга айтма”, – деган гапларни эшитдим. Даҳшатдан нима қилишни билмай, анча вақт довдираб ўтирдим. Сўнг қон теккан кийимларимни тўғрилай бошладим. Бироздан кейин ўқитувчим уйимга элитиб қўйди. Шундан сўнг уни бошқа кўрмадим деярли. Бу ҳақида ойимга айтишга қўрқдим. Сабаби менга айтадиган ҳар икки гапининг бири турмушга чиқишга шошилмаслигим тўғрисида бўлар эди. Коллежга кирдим, дарслардан сўнг эса маҳалламиздаги дўконда сотувчилик қила бошладим. Бу орада акам Қозоғистонга ишлагани кетди. У ерда 3 йил ишлаб, ҳовлимизга 2 хонали янги уй солди. Уйимиз оддий бўлса-да, бироқ янги ва олдингисидан анча яхши эди.
Ёшим 20 дан ўтганда совчилар ҳам бирмунча кўпайиб қолди ва ойим ҳам энди турмушга чиқишим кераклигини айта бошлади. Шу вақтларда мени қаттиқ қўрқув босди. Сирим очилиб қолишидан даҳшатга тушардим. Ўша ишни қилган ўқитувчининг уйланганига бир йилдан ошган эди. Хуллас, шарманда бўлишдан қўрқиб, туман марказига кетдим, у ерда тикув цехига ишга кирдим. Ота-онам қочиб кетганимдан сўнг мени оқ қилишди. Бу орада вилоятимиздаги педагогика университетининг сиртқи бўлимига ҳужжат топширдим ва тўлов контракт асосида ўқишга қабул қилиндим. Тинимсиз ишласам ҳам контрактимга етарли пул тополмаётгандим. Биринчи тўлов учун цех бошлиғидан қарз олдим. Кунига 18 соатлаб ишлардим, аммо топаётган пулим квартира ва кундалик харажатларимдан ортмаётганди. Сўнг Тошкентга кетишга қарор қилдим. Яна қарз олиб Тошкентга келдим, бу ерда ҳам бошида жуда қийналдим, на танишим, на қариндошим бўлмаган жойда кун кечириш жуда оғир эканлигини ҳис қилдим. Арзонроқ квартира қидириб, бир неча қиз яшаётган «дом»га кўчиб ўтдим. Мана шу даврдан менинг янги ҳаётим бошланди. Ташқи кўринишимга қараб, квартирадошларим менга иш таклиф қилишди. Ҳозирги ишимни бошлаганимга кўп бўлмади. Ишим у қадар қийин эмас: мижозлар билан бирга ичиб, ўйин-кулги қилишдан иборат. Лекин, ҳозирча ҳеч қайси мижозим билан бирга бўлмадим. Яъни, мен фақат караокеда ишлайман, жинсий алоқа учун мижозлар билан бирга кетмайман. Мақсадим тезроқ керакли пулни топиб, ўқишимни тугатиш. Сўнг, одатий ҳаёт тарзига қайтишни истайман. Ҳозир ота-онам билан муносабатимиз бироз яхшиланган, уларга ҳар ойда 200-300$ пул юбориб тураман. Аммо, ўзим қишлоғимга жуда кам бораман”.
Аммо, ҳамма ҳам мусибатли тақдир туфайли бундай ҳаёт тарзини танламаган. Одамлар ҳар хил, тақдирлар турфа. Айримлари мажбурликдан ёки яхши пул топиш илинжида бу соҳага (агар буни соҳа дейиш мумкин бўлса) кирган бўлса, айримлари шунчаки бу ҳаётдан чиқиб кетолмайди. “Ишга Малибуда келаман”, дея ўз ҳикоясини бошлаган қизнинг тақдири тамомила ўзгача.

Ишга Малибуда келаман…

“Ҳаёт аслида мураккаб эмас, шунчаки одамлар уни чигаллаштириб юборади. Ўзи турли тўсиқ ва чекловлар ўрнатиб ўзини қийнаб яшайдиганларни ҳеч қачон тушунмайман. Мени ҳеч ким зўрламаган ёки мажбурламаган. Шунчаки 17 ёшимда менга ёққан йигит билан бирга бўлганман. У билан уришиб қолгач, ҳаётимга бошқаси кириб келди, кейин яна бошқаси, яна бошқаси… Мен ҳеч қачон ўзимни ташлаб кетилгандай ҳис қилмаганман. Бирга бўлдик, хўш нима? Мени ўша вақтда хурсанд қилса бўлди. Узоқ вақт бирга бўлган йигитларимнинг ҳар бирининг ўзгача хусусияти бор эди, ҳаммаси ўзига хос тарзда ёққан. Ҳеч қачон бир кишини сева олмайсиз. Севги ҳақидаги фильмларнинг бари сафсата, севги фақат лаҳзалик бўлади. Узоқ муддат фақат Худони севиш мумкин. Ҳа, мен Худони, яъни Исони севаман. Лекин, ундан ҳеч нарса талаб қилмайман. Шунчаки Худо бўлгани учун яхши кўраман. Аммо, динга анча бефарқ инсонман. Черковга фақат 2 марта борганман. Биринчиси чўқинтирилганимда, иккинчиси – тўйим куни. Энди фақат ўлганимда олиб боришса керак. Мен турмушга чиққанман, ҳозир ҳам эрим билан яшайман. Аммо, у сафарга кетган вақтларда шаҳримиздаги тунги клублардан бирига бориб тураман. Шунчаки янги инсонлар билан бўлиш ёқимли. Ва буни пул учун қилмайман. Албатта, улардан пул оламан, лекин аслида бу пулларнинг менга кераги йўқ. Эрим ҳам фаришта эмас, у ҳам кўп аёллар билан ётиб юришини биламан, аммо ортидан кузатмаганман. Мен учун бу қизиқ эмас. Ҳаётини қийинлаштириб, сўнг азобланиб юрувчи одамларга раҳмим келади. Лекин, улар шунга лойиқ. Акс ҳолда ўзгарган бўлишарди”.

Караокеларнинг бирида ишлайдиган қиз эса ўз иш фаолиятини қуйидагича айтиб берди:

Асалҳонейга қисматдош бўлишдан қўрқаман…

“Биз табиат қонунларига зид тарзда ҳаёт кечирамиз. Ўзбек жамиятидаги тартибларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Ҳар куни тонгда уйга келаман. Одатда, 7-8 ларда келиб ухлайман то кундузги 5-6 гача. Сўнг ишга кетишга ҳозирлик кўраман. Кечки 8 гача ишда бўлишимиз шарт, акс ҳолда кунлик пулимизнинг 3 дан бир қисмини жарима тариқасида олиб қолади хўжайин. Эрта келиш ўзимиз учун ҳам фойдали — кўпроқ мижоз топиш мумкин. Нима иш қиламиз? Дейлик, 20:00 да ишга келдик. Ўндан ортиқ қиз мижозлар келишини кутамиз. Ҳар янги мижоз келганда саф тортиб турамиз, то меҳмон ўзига ёққан бирортамизни танламагунигача. Ови юришган, яъни танланган қиз мижоз билан кабиналардан бирини эгаллайди. Энди асосий ишимиз бошланади. Биздан талаб қилинадиган нарса — имкон қадар ҳисобни юқори кўтариш. Бунинг учун кўп ичкилик айтамиз. Бир меҳмон билан ўтирганимизда 10 бутилка пиво заказ қилдиришимиз шарт. Эплай олса, ҳаммасини мижозга ичтиради ёки ўзи ичади, хуллас, фарқи йўқ. Ички меъёр — 10 бутилка пиво! Одатда, манаман деган қизлар ҳам 10 та пивони ичолмайди. Нима қиламиз? Мижоз маст бўлишни бошлаганда, билдирмай ёнимиздаги ахлат ташланадиган контейнерга тўкамиз. Аммо, бу қалтис иш — агар сезиб қолгудек бўлишса, жанжалнинг тагида қолишимиз аниқ. Мижозларнинг катта қисми корейс ва хитойликлар. Улар билан, одатда, Google транслатор орқали гаплашамиз, баъзан рус тилини яхши биладиганлари ҳам келиб туради. Улар билан мулоқотда муаммо бўлмайди. Ўзимизнинг махсус сўзларимиз ҳам йўқ эмас. Масалан, мижозлар бизни танлаётганда “tea or coffee” деб сўраймиз. «Теа»га фақат караокеда хизмат кўрсатиш киради. «Соffee»га эса караокедан сўнг мижоз истаган ерга бориб у билан ётиш киради. Биз хўжайиндан «tеа» учун 300 000 сўм оламиз, қолаверса, айрим мижозлар «чивий», яъни чой-чақа ҳам бериб туради. Албатта, бунинг учун ҳам алоҳида меҳнат қилиш керак, масалан, шотни бир кўтаришда ичиш. «Соffee»нинг нархи эса ҳар хил, одатда, 50$дан 200$гача оламиз бир кеча учун. «Соffe» доим «теа»дан сўнг бўлгани учун энг камида бир кунда 80$ ишлаймиз. Кўпи эса омадга қараб. Яқинда янги мижоз билан анча суҳбатлашиб қолдим, яхши чиқишдик. Икки кундан сўнг туғилган кунимлигини айтгандим, совғага Iphone 13 олиб берди. Яширмайман, биз бир йилда 5-6 марта туғиламиз камида.
Бу соҳада ишлаётганимга 2 йилдан ошди. Хўш, нега бундай ишлайман? Сабаби оддий, бутун умр йўқчиликдан қийналиб камбағал яшаганимдан кўра умримнинг энг яхши дамларини яхши шароитда ўтказишни афзал биламан. Лекин, эҳтиёт бўлиш кераклигини яхши англайман, шунчаки жамият ва ундаги бизга нисбатан муносабат анча ёмон. Асалҳонейнинг куни бошимга тушишидан қўрқишимни яширмайман. Шунинг учун ҳам доим бу ерга кийиладиган кийимларимни алоҳида сумкада олиб юраман. Кўчада анча ёпиқ либослар кияман, баъзи кунлари эса хатто рўмол ўраб юраман. Мен Худога қаттиқ ишонаман ва қачондир мени афв этишига умид қиламан”.

Бошқа бир хабар эгаси эса бундай тизимлар қандай ишлаши ҳақида қисқача маълумот берди.

Фаолиятимизни қонунлаштириш керак…

“Бу ерда дам олиш кунларисиз ишлашади. Одатда, иш вақти 20:00 дан 01:00 гача. Бу вақтда ҳамма қизлар шу ерда бўлиши керак. Тунги биргача мижоз ололмаган қизлар кетиши мумкин ва уларга бу кун учун ҳеч қандай пул тўланмайди. Мижоз ололганлари эса мижозлари кетгунича ишлашади. Одатда, караоке тонгги 5 да ёпилади. Кўпинча мижозлар танлаган қизларини бирга олиб кетади. Сабаби караокеда сексгача бўлган ҳамма нарса мумкин, аммо секс эмас. Ҳафта кунларини маълум ранглар асосида бўлиб олганмиз ва ҳамма қизлар ўша бўйича кийинишга мажбур. Масалан, душанба куни ҳамма оқ либосда бўлиши шарт, сешанба куни яшил… шу тартибда кетади. Баъзан иш жуда қизғин бўлади. Яъни, мижозларимиз жуда кўп бўлиб, бир қиз кетма-кет 2 ёки 3 та мижозга хизмат кўрсатиши мумкин. Сабаби бизга рақобатдош бўлган қайсидир жойни «мент»лар босган бўлади. Шундай вазиятларда бир икки кун ёпилган караокенинг мизжозлари бизга кела бошлайди”.
Бу суҳбатдошимиз фикрини мутлақо биз кутмаган тарзда якунлади.
“Истайдими, йўқми жамиятда биз кабилар етарлича кўп. Кўчага чиқиб фақат ўша иш учун мижоз қидирадиган, халқ тили билан айтганда ҳақиқий фоҳишаларнинг ҳолати жуда ҳам оғир. Жамият бизни кўрмаганликка олади, аммо туяқуш бошини қумга тиққани билан муаммо йўқ бўлиб қолмайди. Ҳеч бир даврда ҳеч бир жамиятда фоҳишалик тамомила йўқ бўлмаган. Шунинг учун ҳам бошқача муносабат кўрсатиш керак, деб ўйлайман. Бу фаолиятни ҳам қонунийлаштириш керак. Шунда қизлар ҳам мажбуран бўлса-да, тез-тез ОИТСга ва бошқа хавфли касалликларга тест топшириб туради. Бу эса касалликлар юқишини камайтиради, албатта. Қолаверса, қизларга нисбатан бўладиган турли зўравонликлар ҳам анча камаярди”.
Сиз ўзбек жамиятида яшаётган, аммо, бир-биридан тамомила фарқли миллат ва фарқли тақдир эгаларининг ҳикояларини эшитдингиз. Биз ҳеч кимнинг устидан ҳукм ўқимоқчи эмасмиз, бунга ҳақли ҳам эмасмиз, аслида. Оқ ва қорага ажратмай, хулосани ўзингизга қолдирдик.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Дилбар Ҳайдарова – сухбатлар ва матн
Гули Ибрагимова – корректура
Борис Жуковский – суратлар