Skip to main content

Ҳой, даҳрийлар! Ўзбек атеистлари учун “йўриқнома”

шаҳсий фикр
04.11.2022

Wikipedia маълумотларига ишонадиган бўлсак, Ўзбекистон ахолисининг бир фоизини атеистлар, яъни ҳеч қандай илоҳий кучларга ишонмайдиган одамлар ташкил этади. Gallup’нинг 2013 йилда ўтказилган ижтимоий сўровида бу рақам бир оз баландроқ – 2 фоиз. Албатта, 1 фоиз ҳам, 2 фоиз ҳам жуда кичик миқдордек кўриниши мумкин, бироқ 35 млн аҳолининг бир фоизи – бу 350 минг киши дегани, бу эса Чирчиқ каби шаҳарларнинг аҳолисидан икки баравар кўп. Боз устига, қатъий атеистлардан ташқари, аҳоли орасида агностлар – илоҳий кучларнинг бор ёки йўқлигини билишнинг имкони йўқ ва бу масала кундалик ҳаётда катта ўрин тутмаслиги керак, деб ҳисобловчилар, ва деистлар – илоҳиётга ишонувчи, лекин институционал динларни рад этувчилар бор, ва кўп холларда диндор аҳоли томонидан булар атеистлар билан бир поғонага қўйилади. Гарчи, юртимизда де-юре виждон эркинлиги тамойили қонунан амал қилса ҳам, амалиётда бундай одамлар ижтимоий босим остида яшайди.

Атеистлар, агностлар, деистлар ва шунчаки дунёвий давлат тарафдорларига Ўзбекистондаги муносабат ва улар эътиқод туфайли муаммоларга дуч келмай яшаш учун нималарга эътибор бериши кераклигини колумнистимизнинг ҳиссиётга тўла матнида ўқинг.

Диққат!

Ушбу матн ҳеч бир ижтимоий ва ёки диний гуруҳни камситиш, ҳақорат қилиш ва низо келтириб чиқаришни кўзламаган. Унда баён этилганлар муаллифнинг шаҳсий фикри бўлиб, таҳририятнинг фикрига мос келмаслиги мумкин.

Сиз ўзбек жамиятидаги ўзбекзабон деист, агност, атеист ёки бошқа бир эътиқоддаги теист бўласизми, фарқи йўқ, сизни умумий ном билан атеист деб аташади, «Ҳидоя»ни (Марғиёний) ўқиганлар учун эса муртад ҳисобланасиз. Ва негадир бизнинг жамиятдаги барча муаммоларга шу «отист»лар айбдор. Инстаграмчи «домла»ларнинг маърузасига қулоқ солсангиз, сичқоннинг думини кесган ҳам шулар бўлиб чиқади. Катта Оғага ипсиз қарамлик, энг юқоридан энг қуйи бўғимгача илдиз отган коррупция, қуёш тагида қолиб кетган 3 кунлик ачиган овқат каби сифатсиз таълим, кома ҳолатидаги тиббиёт, отнинг калласидай ташқи қарз ва яна кўплаб иллатлар учун ҳам атеистлар жавобгар. Агар улар бўлмаганида эди ҳозир Жаннат мана шу оёғингиз остидаги тупроқда бўларди. Бироқ, атеистлар бор экан, оёғингиз остидаги тупроқ катта эҳтимол билан қурилаётган қайсидир сити-митилардан бириники бўлиши мумкин. Ҳай, майли чалғимайлик. Хуллас, барча бало-қазоларга сабабчи, эй атеистлар, қулоқ солинг.

“Ичингда қолсин”

Ўз ишончингизни ҳеч ҳам ошкор қилманг. Аниқроғи ишонмаслигингизни. Омма олдида, жамоат жойларида ўзингизни диндордай кўрсатиб, хавфдан холи бўлишингиз мумкин. Бирор арабча қўшиқдан бир-икки мисра ёд олиб, жиддий қиёфада қироат билан хиргойи қилиб юриш ҳам кони фойда. Буларни қандай уддалайман десангиз, сизга тайёр ёрдамчи қўлланма ҳам мавжуд. Рамита Наваининг “Ёлғонлар шаҳри” асарини ўқинг. Наваи гарчи Теҳрон ва эрон жамиятини тилга олган бўлса-да, у ердаги воқеалар Тошкентга ва ўзбек жамиятига жуда мос.

“Кўзим очилди”

Агар сиз шошқалоқлик ила эътиқодингиз бошқача эканлигини ошкор қилиб қўйган бўлсангиз, эй биродар, тезда «иймон»га қайтинг. Бу ишда сизга бирор бир машҳурроқ диний блогер кўмакдош бўлиши мумкин: худо йўлида ёки бир марталик амру-маъруф нархида. Агар сиз таниқлироқ шахс бўлсангиз, диний блогернинг муриди (фолловери) кўпига мурожаат қилинг. Мурожаат чоғида иймонга қайтганингизни айтиб, калима қайтаришингиз етарли, бир чимдим кўзёш эса зарар қилмайди. Бундан буён тўғри йўлдалигингизни халққа далолат қилишларини алоҳида таъкидлаб қўйинг, албатта. Бу синалган ва самарали усул.

“Урушмай ўйнайлик”

Даҳрий бўла туриб Ўзбекистонда тинч яшайман десангиз, илло-билло радикаллар, диндорлар билан диний баҳсларга киришманг. Диний суҳбатлардан узоқроқ юринг. Машҳур диний блогерлар постига “Мошолло”, “Кўзимга ёш келди”, “Домламизнинг умри узоқ бўлсин” каби изоҳлар қолдириб туринг.

Кўп диндорлар соғлом баҳсга тайёр эмас, агарда бахтингиз кулиб, шунақасини учратганингизда ҳам баҳсингиз маълум масофагача бориб ниҳояланади. Сизнинг келтирган ўнлаб, хаттоки юзлаб фактларингизни бир жумла билан рад этиб тураверади: “Бизга шундай буюрилган” ёки “Биз шунга ишонамиз”. Тамом, ундан уёғига ўтиб, баҳсни давом эттиришмайди. Ёки суҳбатни шундай чалкаштиришадики, у ёғига факт эмас, балки талқинлар кета бошлайди. Бундай суҳбатларнинг аксари қарғиш ёки уруш-жанжал билан тугаганига тарих гувоҳ.

Агар сиз нимага ишониш ва нимага ишонмасликни шахсий масала ҳисоблаб, ўз диний қарашларингизни эркин айтишни истасангиз, хуллас, тавсияларимга амал қилмасангиз, нималарга тайёр туришингиз керак?

Аввало, сизга нисбатан ёғдириладиган чексиз қарғиш ва ҳақоратларга ҳозир туринг. Бу фикрларнинг аксари умуман китоб, энг ачинарлиси, ҳатто Қуръонни ўқимаган масса томонидан айтилади. Уларга қизиғи йўқ, сиз қанча китоб ўқиганингиз-у, нима сабабдан бундай хулосага келгансиз. Улар катта эҳтимол билан антропоморфик қиёфадаги худо, эркакларнинг истаклари асосида тасвирланган Жаннат ва у ердаги 72 та ҳуру-ғулом (ғулом – эркак жинсидаги ёш қул) ҳақида ёки Қуёшнинг балчиққа ботиши-ю, ернинг ясси эканлиги борасида келган оятларни таҳлил қилиб ҳам кўрмаган. Уларнинг мияси ва диний қараши домлаларнинг маърузаси асосида шаклланган бўлади, одатда. Шу боис бундай масса билан соғлом баҳсга киришаман, деб хомтама бўлманг. Улар сизнинг кўзингиз ва қалбингизга Аллоҳ томонидан муҳр босилганлигини айтиб, яна ёзғиришда давом этади. Ёки энг ёмони сизнинг эътиқодингиз сабабли яқинларингизга, янада даҳшатлиси, оила аъзоларингиз, болаларингизга таҳдид қилишга уринишлари мумкин. Муҳаммад пайғамбар ҳақида бироз киноя билан изоҳ ёзган Наргиза Саидоваага бўлган таҳдидлар бунга мисол бўла олади (1, 2).

Қачонгача эътиқодимни беркитиб яшашга мажбурман, дейсизми?

Бу менга эмас, Ўзбекистон қонунчилигига берилган савол, аслида. Майли, шундоқ ҳам топталган қонунларимизни яна ҳам қийнамай, ўзим жавоб бера қолай. Қачонки, қонунлар амалда тўлиқ ишлаб, диний эътиқод даҳлсизлиги жамият ҳаётига кирсагина, сиз ўзингизни бехавотир сезишингиз мумкин. Динда ҳам, динсизликда ҳам мўътадиллик, энг аввало, бир-бирининг қонунда белгиланган ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ўз ҳаддини билиб, керакли жойда сукут сақлай олиш кўп нарсани ҳал қилади. Диндор ҳам, динсиз ҳам қандайдир худодан ёки радикалдан эмас, қонунни бузишдан қўрқса — олам гулистон бўлар эди.

Эй, «отислар», тафаккур қилмайсизму!?

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Исо Муҳаммадий — матн

Гули Ибрагимова — корректура

Борис Жуковский — суратлар