Skip to main content
ҳуқуқ

Россиядаги сафарбарлик билан боғлиқ вазиятнинг ҳуқуқий таҳлили

18+

21 сентябрь тонггида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин “қисман мобилизация” (сафарбарлик) ҳақида эълон қилди. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг изоҳига кўра, “махсус операция”га (уни ҳали ҳам расмий равишда уруш деб аташмайди) 300 минг атрофида (айнан қанчалиги номаълум) заҳирачи жалб этилади. “Қисман мобилизация” ибораси ортида айнан нима яширинган, у амалда қандай кўринишда бўлади ва сўнгги бир неча ҳафта ичида рус қўшинлари чекинган фронтда ёрдам берадими, ҳеч ким билмайди. Аммо бу, албатта, рус жамиятига таъсир қилмай қолмайди. Ҳаттоки, мамлакат ташқарисидаги рус фуқароларига ҳам.

Релокация мобилизацияга ечимми? Ўзбекистон ҳудудидаги Россия фуқаролари ва бир пайтнинг ўзида Россия фуқаролигига эга Ўзбекистон фуқаролари билан нима бўлади? Агар экстрадиция тўғрисида сўров келиб тушса, улар топшириладими? Миллий жиноят қонунчилигида чет давлат қуролли кучларига ёлланганлик учун қандай чоралар белгиланган? Мақолада ҳуқуқшунос Муроджон Нажмиддинов мазкур масалалар тўғрисида сўз юритади.

Релокация мобилизацияга ечимми?

Қисман мобилизация пайтида мамлакатни тарк этиш мумкинми? Чипта сотиб олаётганда ҳарбий гувоҳнома сўраладими ва эркакларга чегарани кесиб ўтишга йўл қўйиладими? – Россияда қисман мобилизация эълон қилиниши билан ижтимоий тармоқларнинг рус сегментида шу каби масалалар муҳокамаларнинг асосий мавзусига айланди. Бу борада Россия ҳукумати мамлакатдан чиқиб кетишга тўғридан тўғри тақиқ йўқлигини, бироқ чегарани кесиб ўтмасликни “тавсия” қилди. “Россия Федерациясида сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”ги Федерал қонуннинг 21-моддасига кўра, ҳарбий рўйхатга олинган фуқароларга сафарбарлик эълон қилинган пайтдан бошлаб ҳарбий комиссарликларнинг, федерал ижроия органларининг рухсатисиз яшаш жойини тарк этиш тақиқланади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, қисман сафарбарлик пайтида яшаш жойини тарк этишга қонуний тақиқ йўқ. У фақатгина чақирув олинган пайтдан бошлаб кучга киради.

Аммо бундай чақирув бўлган тақдирда фуқаролар сафарбарлик даврида мудофаа бўлимларига келишлари шарт. Шунингдек, улар сафарбарлик йўриқномаларида, ҳарбий комиссияларнинг кун тартиби ва фармойишларида назарда тутилган талабларга риоя қилишлари, яшаш жойини ҳарбий комиссиянинг рухсатисиз тарк этмасликлари шарт.

Шу боисдан, мобилизациядан сўнг Россиядан Истанбул, Ереван ва Бокуга визасиз бўладиган навбатдаги рейслар учун чипталар дарҳол сотилди. Қозоғистон, Грузия ва Беларус билан чегара пунктларида Россия томонида тирбандлик юзага келди. Россия ва Финландия чегарасида айни шу ҳолат кузатилган. Финляндия чегара қўриқлаш хизмати маълум қилишича, биргина 21 сентябрь куни мамлакатга шарқий чегара орқали 4824 нафар Россия фуқароси келган. Релокация тўлқини Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади.

Юқоридагиларга кўра айтиш мумкинки, релокация мобилизацияга ечим, фақатгина бир истисно билан – сафарбарлик учун чақирув қоғози келиб тушгунга қадар. Россия қонунчилигига асосан чақирув қоғозини олган ҳар бир киши ҳарбир комиссариатга етиб келиши ва унинг рухсатисиз яшаш жойни тарк этмаслиги шарт. Аммо мазкур тартибга риоя қилмаган рус фуқароларини қандай ҳолат кутади? Жавоб қуйида.

Ҳарбий хизматдан бўйин товлаганларни нима кутмоқда?

Россия Федерациясининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси 21-моддасига кўра, ҳарбий рўйхатга олинган ёки олиниши бўлиши шарт бўлган фуқаронинг ҳарбий комиссарлик ёки ҳарбий рўйхатга олишни амалга оширувчи бошқа органнинг чақируви бўйича белгиланган вақтда ва жойда узрли сабабларсиз келмаганлиги 3000 рублгача жарима солишга асос бўлади. Аммо бу ҳаммаси эмас. Ҳарбий хизматда бўйин товлаш нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликни ҳам келтириб чиқаради. Шу жумладан, Россия Жиноят кодексининг 328-моддасига асосан ҳарбий хизматни ўташдан қонуний асослар бўлмаган ҳолда бош тортиш 2 йилга озодликдан маҳрум этишга қадар жиноий жазога сабаб бўлади.

Чақирувдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик, масалан, агар шахс чақирув қоғозини олган бўлса ва қасддан, узрсиз сабабларга кўра тиббий кўрикдан ўтишга ёки чақирув комиссиясининг мажлисига келмаган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Агар шахс ўз яшаш жойини рўйхатдан ўтказмасдан тарк этса ёки ҳарбий хизматга чақирилмаслик учун чет элга чиқса, худди шундай жавобгарлик таҳдид солади.

Мобилизация юзага келтирган релокация тўлқини Россия жиноят қонунчилигини бир қатор янги нормалар билан ҳам бойитди.
Эндиликда ҳарбийлар жанговар ҳаракатларда қатнашишдан бош тортгани учун озодликдан маҳрум қилинади, сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат муддатлари жиноят содир этишда оғирлаштирувчи ҳолатлар деб топилди. Шунингдек, ҳарбий хизматни тарк этганлик учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам жорий этилди. Ўз ихтиёри билан таслим бўлганлик учун 10 йилгача, уруш давридаги талончилик учун 15 йилгача қамоқ жазоси берилади.

Шу ўринда савол туғилади – сафарбарлик учун чақирув қоғози юборилган шахслар ҳарбий комиссарлик рухсатисиз мамлакатни тарк этсачи? Уларга нисбатан экстрадиция – хорижий давлат ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш тўғрисида сўров келиб тушсачи? Бу масалани Ўзбекистон қонунчилиги мисолида кўриб чиқамиз.

Ўзбекистонда бўлган Россия фуқаролари экстрадиция қилиниши мумкинми?

Миллий қонунчиликка кўра, Ўзбекистон ҳудудида бўлган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш тўғрисидаги сўров Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилади. Бунда масала Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига ёки ўзаролик принципига асосан ҳал этилади.

Ўзаролик принципи Ўзбекистон ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш тўғрисидаги сўровни юборган хорижий давлат ваколатли органининг шунга ўхшаш вазиятда Ўзбекистон ваколатли органининг сўровига биноан шахсни ушлаб бериш амалга оширилиши ҳақидаги ёзма ваъдаси билан тасдиқланади. Шу ўринда айтиш лозимки, сўнгги йилларда Россиянинг ваколатли органларига экстрадиция бўйича Ўзбекистон томонидан 670 яқин сўров юборилган, бунинг натижасида 500 нафар киши Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон томони, ўз навбатида, айни муддат давомида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 200 га яқин бундай сўровларни олган.

Экстрадиция масалалари тартибга солинган Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Минск (1993) ва Кишинёв (2002) конвенцияларини келтириш мумкин. Мазкур конвенциялар ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига асосан Ўзбекистон ҳудудида бўлган шахс ушлаб берилиши мумкин. Фақатгина маълум шартлар билан:

Биринчиси, шахс жиноий жавобгарликка тортиш учун ушлаб берилаётганида содир этилган қилмиш учун Ўзбекистон Жиноят кодекси камида бир йил озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилиши лозим. Масалан, сафарбарлик учун чақирув қоғози юборилган шахс ҳарбий комиссарлик рухсатисиз мамлакатни тарк этди. Бунинг натижасида ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаганлик учун жиноят иши қўзғатилди (Россия жиноят қонунчилигига кўра, бунинг учун 2 йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин) ва Ўзбекистонга экстрадиция тўғрисида сўров юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 225-моддасининг биринчи қисмига асосан фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизмат ёки муқобил хизматга чақирувдан, сафарбарлик чақируви резерви хизмати сафига олиниш ёхуд хизматни Қуролли Кучлар резервида ўташдан узрли сабабсиз бўйин товлаши учун жарима, мажбурий жамоат ишлари ва ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазолар назарда тутилган. Яъни бунда озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазо қўлланилмайди. Бундай ҳолатда экстрадиция рад этилади. Аммо юқоридаги модданинг учинчи қисмига асосан фуқароларнинг Қуролли Кучларга сафарбарлик бўйича чақирувдан бўйин товлаши беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Айни шу ҳолат учун экстрадиция сўралган тақдирда, сўров, назарий жиҳатдан олиб қараганимизда, қаноатлантирилиши мумкин.

Иккинчиси, ўзига нисбатан ушлаб бериш тўғрисида сўров юборилган шахс камида 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога ҳукм қилинган бўлиши лозим.

Учинчиси, сўров юборган давлат шахснинг фақат сўровда кўрсатилган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортиши, у жазони ўтагандан сўнг давлат ҳудудини эркин тарк эта олишини таъминлаши, уни Ўзбекистон розилигисиз учинчи давлатга топширмаслигини кафолатлаши лозим.

Албатта, мазкур фикрлар қонунчиликдан келиб чиқадиган умумий мулоҳазалар бўлиб, экстрадиция тўғрисидаги масала ҳар бир ҳолатни алоҳида ўрганиш асосида Бош прокуратура томонидан ҳал этилади.

Бир пайтнинг ўзида Россия ҳам Ўзбекистон паспортига эга кишиларнинг фуқаролиги билан боғлиқ масалалар қандай ҳал қилинади?

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, республиканинг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади. Қонун моҳиятига кўра чет давлатлар фуқаролигини олишни тақиқламайди. Шу билан бирга, ўзга давлат фуқаролигига мансубликни тан ҳам олмайди.

ИИВнинг маълум қилишича, бугунги кунда чет давлат фуқаролигини олган мамлакатимиз фуқароларининг (аксарият ҳолларда Германия, Исроил, Қозоғистон, Россия) айримларида иккита паспорт – Ўзбекистон фуқароси паспорти ва улар яшаётган мамлакат паспорти мавжуд.

Бу ўринда “икки фуқаролик” ва “иккинчи фуқаролик” тушунчаларини ўзаро фарқлаш лозим. “Икки фуқаролик” деганда шахснинг турли давлатларнинг иккита паспорти борлиги тушунилади. Шу билан бирга, иккала давлат ҳам фуқаронинг иккита паспортига эга эканлигини билишади ва шахснинг бошқа давлатга нисбатан ҳуқуқлари борлигини тан оладилар. Аммо “иккинчи фуқаролик”да ҳам шахслар иккита паспортга эга бўлишади, аммо бир давлат ўз фуқаросининг бошқа давлатга нисбатан ҳуқуқларини тан олмайди. Ўзбекистон қонунчилиги ҳам айни шу “иккинчи фуқаролик”ка тўғри келади. Чунки Ўзбекистон фуқароларининг чет давлат фуқаролигига мансублиги Ўзбекистон Республикасида тан олинмайди.

Энди масаланинг иккинчи томонига ўтамиз. Хўш, иккинчи фуқаролик тан олинмас экан, шахсда бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон фуқаролиги ҳам сақланиб қоладими? Шу ўринда айтиш керакки, ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олиш Ўзбекистон фуқаролигини йўқотишга асос бўлади. Аммо фуқароликни йўқотиш автоматик равишда содир бўлмайди, унда маълум процедуралар бор.

Шу жумладан, чет давлат фуқаролигини ихтиёрий равишда олган Ўзбекистон фуқароларини аниқлаш учун ички ишлар органлари ва консуллик муассасалари давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотларини текширади, шунингдек жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганади.

Бу тўғрисидаги фактлар аниқланган тақдирда Ички ишлар вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги хулоса тайёрлайди ва хулосани материаллар билан бирга Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссиясига юборади. Комиссия эса фуқароликка оид масалалар юзасидан Президентга таклиф киритади. Бунда шахснинг фуқаролигини йўқотиш тўғрисидаги масалага сўнгги нуқта Президент томонидан қўйилади.

Шундай қилиб, хорижда яшаётган ўзбекистонлик Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмаган бўлса ва чет эл паспорти билан мамлакатга кирса, у Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинади. Президентининг Ўзбекистон фуқаролигини йўқотганлик тўғрисидаги қарори қабул қилингунига қадар бир вақтнинг ўзида чет давлат фуқаролигига эга бўлган Ўзбекистон фуқароси республика фуқаролигидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришдан бош тортиши ёки жавобгарликдан озод этилиши мумкин эмас.

Шунга кўра, айтиш мумкинки, ўзига нисбатан Ўзбекистон фуқаролигини йўқотганлик тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинмаган шахсларнинг бошқа давлатлар билан ҳуқуқий алоқалари тан олинмайди.

 

Ўзбекистон фуқароси Россия ёки Украина томонидан ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун ёллансачи?

Россияда Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлар фонида бошланган қонунчилик ислоҳотлари фуқаролик меъёрларини ҳам четлаб ўтмади. Шу жумладан, эндиликда Россия Федерацияси Қуролли Кучларида хизмат қилиш учун йиллик шартнома тузган чет элликлар узоқ кутишлар ва бошқа бюрократик тўсиқларсиз фуқароликни олишлари мумкин. Бу каби “жозибадор” таклифлар, ўз навбатида, Россияда ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бораётган айрим мигрантларни жалб этиши мумкин. Россия ҳукумати вакилларига кўра, яқин муддат ичида Мудофаа вазирлиги тизимида хорижий давлат фуқароларини ҳарбий хизматга олишни ташкиллаштиришда кўмаклашиш тузилмалари яратилади.

Хўш, бундай ҳолатларда миллий қонунчилик қандай қоида ва чораларни белгилайди? Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 154-моддасига асосан низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бунда фуқароларнинг ҳарбий тўқнашувларда расман ёки норасман иштирок этиши квалификацияга таъсир кўрсатмайди. Жиноят таркибининг зарурий шарти ёлланган кишининг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб ҳаракат қилиши саналади. Бундай манфаатдорликка мисол сифатида тарафи олиб урушга киришилаётган давлат фуқаролигини олиш, пул маблағлари ва шу кабиларни келтириш мумкин.

Миллий қонунчиликда, нафақат маъум моддий манфаатдорлик эвазига ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун ёлланишга, балки бундай ҳаракатларда иштирок этиш-этмаслигидан қатъий назар Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши, ёлланиши учун ҳам жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Жиноят кодексининг 154-1-моддасига асосан бундай ҳаракатлар 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўзбекистон фуқаролик қонунчилигига кўра, жисьоний шахснинг чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кириши Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш учун асос бўлади.

 

 

***

Бугун, соат 7:37 да Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий Telegram каналида ушбу масалалр бўйича вазирликнинг баёноти эълон қилинди. Унга кўра, чет эл фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида бўлиши мамлакатимиз қонунлари ва ҳалқаро шартномалар асосида тартибга солинади, ҳуқуқбузарлик содир этмаган шаҳслар мажбурий депортация қилинмайди.