Skip to main content
сана

Демократия – бошқарувнинг энг яхши шакли.
Аслида ҳам шундайми?

Биз демократияни бошқарувнинг энг яхши шакли деб ўйлашга одатланганмиз, чунки ҳокимият халқникидек туюлади, биз билан нима бўлишини ўзимиз ҳал қиламиз. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Аммо аслида ҳам шундайми?

Бутунжаҳон демократия куни муносабати билан ҳуқуқшунос Муроджон Нажмиддинов бу бошқарув шаклининг моҳияти, афзаллик ва камчиликлари тўғрисида сўз юритади.

Демократия ўзига хос жамоавий асосда қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлган сиёсий режим бўлиб, унда иштирокчилар бутун жараён ёки унинг алоҳида босқичи натижаларига тенг даражада таъсир қила олади. Одатда, одамлар нисбатан эркин ва очиқ сайловларни демократия билан боғлашади. Бироқ, демократияга адолатли сайловлардан кўра кўпроқ нарса хос. Шунинг учун давлат қанчалик демократик эканлигини баҳолашга ҳаракат қилинганда институционал ёки сайлов тузилмалари ҳақида эмас, балки унинг моҳиятига эътибор қаратиш мантиқийроқдир. Қуйида демократиянинг моҳиятини унинг афзаллик ва камчиликлари нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз.

Демократиянинг камчиликлари

Одатда, шу каби таҳлилларда мавзу афзалликлар билан бошланади. Аммо биз қолипдан бироз чекиндик. Танқидчиларга кўра, демократия у хизмат қилиши керак бўлган одамларнинг манфаатига зид ишлайди. Унинг асосий камчиликлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

1. Сайловчилар етарли маълумотга эга бўлмаслиги мумкин

Гарчи партиялар ёки номзодлар ўзларининг сиёсий амбицияларини кенг тарғиб қилсалар-да, аксар одамлар барибир улар ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмайди. Бунга интернет  сифатидан тортиб то сиёсий конформизм (лоқайдлик)гача  бўлган сабабларни келтириш мумкин. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон учун сиёсий хабардорлик даражасининг пастлигига лоқайдлик асосий сабаблардан бири ҳисобланади. Масалан, cиз ўзингиз овоз берган номзод ёки партиянинг сайловолди дастури, улар илгари сураётган мақсад ва режалари билан қай даражада танишсиз? Ёки қайси партия cиз мансуб бўлган аҳоли қатламининг манфаатларини ҳимоя қилишига ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?

Партия ва номзодлар тўғрисида етарли маълумотга эга бўлмаган одамлар энг яхши ҳолатда ўз қарашларига унчалик тўғри келмайдиган ва, хаттоки, манфаатларига мутлақо тескари партия ҳамда номзодларга овоз бериши мумкин. Бу эса ўз навбатида жиддий ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Сиёсий жараёнлар кенг муҳокама қилинса-да, кўпчилик сайловни овоз беришдан бошқа нарса деб билмайди. Одам сиёсий жараёнда онгли иштирок этиши лозим, лекин демократик давлатда одамлар нимага овоз берилаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмасдан овоз бериши ҳам мумкин.

2. Кишилар биринчи навбатда ўзини ўйлайди

Демократиянинг яна бир салбий томони шундаки, одамлар кўпинча фақат ўз манфаатларини кўзлаб овоз беришади, ҳатто бу жамиятга зарар етказиши мумкин бўлса ҳам. Мисол учун, баъзи одамлар уйлари яқинидаги аэропорт қурилиши натижасида ифлосланиш ёки шовқиндан қўрқишлари мумкин. Шунинг учун, бу одамлар, эҳтимол, солиқ тушумлари ва кўплаб янги иш ўринлари яратиш орқали кенг жамоатчилик учун жуда фойдали бўлса-да, ушбу аэропорт қурилишини тўхтатишни мақсад қилган партияга овоз беришлари мумкин. Шундай қилиб, демократик мамлакатларда сиёсий эркин қарор қабул қилиш баъзан ижтимоий нуқтаи назардан фойдасиз бўлган натижаларни ҳам назарда тутади.

3. Сиёсатчилар қисқа муддатлар учун фикрлайди

Сиёсатчилар сайловдан сайловгача яшайди. Улар ўзларининг сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун чекланган вақтга эгалиги сабабли, сиёсатчилар жуда қисқа муддат оралиғида ҳаракат қилишлари ва қарорларининг узоқ муддатли салбий оқибатларини эътиборсиз қолдиришлари мумкин. Бундай қисқа муддатда одамларга фойда келтирадиган солиқларни камайтириш, кўплаб имтиёзлар тақдим этиш сингари шов-шувли қарорларни қабул қилишади. Бироқ, давлат қарзининг кўпайиши, солиқларнинг қисқартирилиши ва имтиёзлар маълум вақтдан сўнг жамиятга зарар етказиши мумкин.

Навбатдаги сайловда ғалаба қозониш истаги ҳокимиятдаги партиянинг фикр ва ҳаракатларини белгилаб берадиган нохуш ҳолатдир. Демократик давлатда ҳокимиятни йўқотиш хавфи доимо мавжуд. Бу ҳукуматдагиларни бир зумда ҳеч қандай сиёсий устунликни ваъда қилмайдиган узоқ муддатли барқарор ўзгаришларга эътибор бермасликка мажбур қилади. Шу туфайли улар узоқ муддатли ва натижаси яқин келажакда кўринмайдиган стратегиялардан воз кечади ҳамда қисқа муддатли фикрлашни ривожлантиради. Мисол учун, янги йўллар, мактаб бинолари ҳамда кўприклар шошилинч ва номукаммал тарзда қурилади. Муҳими, уларни тезда якунлаш, чунки фақатгина кўзга кўринарли натижалар навбатдаги сайловлар учун электорат овозини кафолатлаши мумкин. Ҳокимиятда узоқ муддат қола олмайдиган шароитда улар учун 20-25 ёки ундан кўпроқ муддатга режалаштирилган стратегиялардан манфаат йўқ. Чунки, биринчидан, сиёсатчилар ўз лавозимида навбатдаги сайловга қадар ўртача 5-7 йил фаолият юритади. Шу жумладан, Ўзбекистонда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари ваколат муддати 5 йил. Президент, халқ депутатлари кенгашлари ва ҳокимлар, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари ҳам айни шу муддатга сайланади ва тайинланади.

Иккинчидан, ваколат муддатида сезиларли натижаларга эришилмаслиги уларга бўлган ишончни сусайишига олиб келади.

4. Демократия демагогияга ундайди

Популистик лисон орқали номуносиб сиёсатчилар ҳокимиятни эгаллаш хавфи доимо мавжуд. Демократик парламентда аҳолининг барча муҳим қатламлари акс этилган.  Кўпинча халқ манфаати сиёсий “очко”ларни қўлга киритиш ва шахсий манфаатларга эришиш бўлган популистик демагогларнинг эмоционал риторикаси таъсирида қолади. Шу сабабдан ҳам сайловда муносиб номзодлар эмас, балки  нотиқлар ғалаба қозонади. Популизм аллақачон овоз олишнинг асосий воситасига айланиб улгурган.

Бу эса демократия танқидчиларининг назаридан четда қолмаган. Шу жумладан, қадимги юнон файласуфи Суқрот маълум ёшга етган ҳар бир кишига танлов ҳуқуқини берилишини жамият муаммоси деб билган ва бундай амалиёт демагогияга олиб келади, деб ҳисоблаган. Унинг таъкидлашича, ўйламайдиган сайловчилар, одатда, оддий жавобларни излайдилар, демагоглар эса бундан фойдаланадилар.

Суқрот яна бир ёрқин мисол келтиради. Тасаввур қилинг, бизда давлат раҳбари лавозимига иккита номзод бор: бири шифокор, иккинчиси ширинлик сотувчиси. Ширинлик сотувчиси айтади: “Рақибимни қара: у сени ранжитади, аччиқ дори беради, севган нарсангни еб-ичишни тақиқлайди. У сенга ҳеч қачон мен берадиган яхшиликларни бермайди”. Сизнингча, шифокор кишиларни ишонтира оладими ва одамларга янада жозибадорроқ нарса айта оладими? У фақат бизга нима оғриқ беришини ва бизга ёрдам бериш учун чекловлар қўйишини айтиши мумкин. Бу оддий сайловчиларга ишонарли эшитиладими? Қийин масала.

Биз сайловчиларнинг билим савиясини ошириш, “танлаш кўникмасини” ривожлантириш зарур, деб ўйламасдан, демократияни идеал бошқарув шакли сифатида қабул қиламиз. Балки шунинг учун ҳам шифокорлардан кўра кўпроқ ширинлик сотувчиларни танлаймиз?

5. Барча ҳам мамлакатдаги вазиятни тўғри таҳлил қила олмайди

Демократиянинг кучи бир пайтнинг ўзида унинг камчилиги ҳамдир. Умумхалқ муҳокамага қўйиладиган аксар масалалар мураккаб таҳлилни талаб қилади, лекин кўпчилик билим доирасига кўра, мамлакатдаги ҳақиқий вазиятни таҳлил қила олмайди. Натижада кўпинча субъектив фикр устун келади. Субъектив фикр эса доим ҳам объектив реаллик билан мос келавермайди. Давлатнинг когнитив салоҳияти кўрсаткичларидан бири сифатида мамлакатдаги саводхонлик даражаси ҳам кишилардаги таҳлил қобилияти тўғрисида умумий ва дастлабки хулосаларни бериши мумкин. Жаҳон миқёсида саводхонлик даражасига назар ташлайдиган бўлсак, энг сўнгги ўринларни Чад (22%), Гвинея (32%) ва Жанубий Судан (34%) банд қилган. Ўзбекистон 99.9% натижа билан рейтингда биринчи ўринни эгаллаган. Аммо ушбу рейтингни шакллантиришда фақатгина ўқиш ва ёза олиш лаёқати асос қилиб олинган бўлиб, у кишиларнинг билим доираси тўғрисида якуний ва тугал хулосага келиш учун имкон бермайди.

Кишилардаги билим даражаси масаласи қадимги юнон фалсафасида демократиядаги ёриқ сифатида кўрсатилади. Афлотуннинг ёзишича, Суқрот демократиядаги кемтикларни кўрсатиш учун Адемантус олдига бир масала қўяди. Унда жамиятни кемага қиёслайди. Масала шундай: агар сиз узоқ денгиз саёҳатига отланаётган бўлсангиз кема жамоаси сифатида кимни кўришни истардингиз, тасодифий одамлар уюмими ёки моҳир ва  тажрибали денгизчилар жамоаси? Табиийки, Адемантус иккинчи вариантни танлайди. Шунда Суқрот ундан нега ҳар бир вояга етган шахс давлат тепасида ким туришини ҳал қилиши мумкин деб ҳисоблашини сўрайди.

Суқротга кўра, бошқарувчиларни танлаш мураккаб кўникма бўлиб, шунчаки интуицияга таяниш мумкин эмас. Малакасиз ва муносиб бўлмаган инсонлар идора қилинаётган жамият пўртанада тажрибасиз жамоа билан денгиз саёҳатига отланган кемага ўхшайди. Шу боисдан, Суқротнинг фикрича, жамият масалаларини сайловларда ҳар ким эмас, фақатгина рационал ва чуқур ўйлашга қобилиятли кишиларгина муҳокама қилиши лозим.

Аммо шу ўринда таъкидлаш лозимки, Афлотун ва Суқрот яшаган антик демократия бугунги замонавий шаклидан кескин фарқ қилади. Шу жумладан, Афина демократиясида аёллар, ажнабийлар ва қулларга сиёсий ҳуқуқлар берилмаган. Бундан ташқари, антик давр одамлари ва замонамиз кишиларининг саводхонлик даражаси, билим доираси ўртасида сезиларли фарқлар мавжуд. Албатта, бизнинг фойдамизга. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, антик файласуфлар танқидига учраган демократия унинг замонавий кўриниши билан айни бир нарса эмас.

 

6. Кўпчилик фикри доим ҳам тўғри бўлавермайди

Демократияда қарор кўпчилик иродаси билан қабул қилинади. Кўпчиликнинг иродаси эса ҳар доим ҳам жамият учун манфаатли бўлавермайди. Озчилик иродаси эшитилмагандек туюлади ва бу  мунтазам давом этса, озчилик ўзини четлатилгандай ҳис қила бошлайди.

Битта калладан кўра иккита калла яхши, лекин ҳар доим ҳам эмас. Бизга тарих кўпчилик ҳам янглиш фикрда бўлиши мумкинлиги тўғрисида кўплаб дарс берган. Биргина мисол – Учинчи Рейх. 1932 йилда Рейхстагга ўтказилган сайловларда Адольф Гитлер бошчилик қилган Немис миллий-социалистик ишчи партияси 33 фоиз овоз олган. Ўша даврдаги етакчи партиялар – Германия социал-демократик партияси ва Германия коммунистик партияси мос равишда 20 ва 17 фоиз овоз тўплаган эди. Гитлер Германияда ҳокимият тепасига келгач, унинг ёрдамчилари ва жамоаси жуда кенг кўламда кучли манипуляция ва пропаганда билан шуғулланишган. Гитлернинг ўзи ҳокимиятга келишда ва уни назорат қилишда аристократлар, саноат магнатларига таянган бўлса-да, 5 мингдан ортиқ нутқларида доимо оммага мурожаат қилган, одамларнинг ҳис-туйғуларини қўзғаган, шу билан биргаликда уларнинг онги ва қалбига кира олган. Тарихчилар Гитлернинг жунбушга келтирувчи эҳтиросли нутқлари тингловчиларни гўёки гипнозга туширганини ёзишади. Пировардида, Гитлер кўпчиликнинг қўллаб-қувватлаши билан демократик тарзда ҳокимиятга келиши озчилик баъзида ҳақ бўлишига, кўпчилик эса доимо тўғри йўлда бўлмаслигига мисол бўлади.

Демократиянинг афзалликлари

Хўш, нега дунё давлатларининг аксарияти авторитар бошқарув шаклидан кўра демократияни афзал кўради? Нима учун кўплаб давлатлар, ҳаттоки, Туркманистон ва Корея Халқ – Демократик Республикаси (Шимолий Корея) ҳам ўзини демократик давлат сифатида кўрсатишга уринади? Сабабларни қуйида кўриб чиқамиз.

 

1. Сиёсий ҳокимият тинч йўл билан алмашади

Демократия деганда ҳокимият давлат аҳолисининг манфаатларига қараб тақсимланадиган жамият ҳолати тушунилади. Халқ ўз иродасини сайловлар орқали ифодалайди. Фуқаролар танлов эркинлиги ҳуқуқидан шундай фойдаланадилар. Ҳисобдор ва алмашинувчи ҳокимият демократиянинг ўзига хос белгисидир. Ҳокимиятнинг мунтазам алмашуви коррупция ва мансаб суиистеъмолига қарши  самарали восита саналади. Демократияда ҳар бир фуқаро бошқарув тузилмасидан жой олишга даъво қилиши мумкин.

Демократик давлатда сиёсий ҳокимиятнинг вақт ўтиши билан бошқа сиёсатчилар ёки партияларга ўтиши ҳам кафолатланади. Кўпгина мамлакатларда сиёсатчининг ҳокимиятда қолиши мумкин бўлган йиллар чегараси мавжуд. Ушбу муддат тугагач, у қонун бўйича бу ҳокимиятни кўпинча кенг жамоатчилик томонидан белгиланадиган бошқа сиёсатчига топширишга мажбур бўлади. Шундай қилиб, ушбу чегараларни белгилаш орқали демократиялар аҳолининг кўпчилиги учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган автократиялардан қочишлари мумкин.

 

2. Барча кишилар тенг ҳуқуқларга эга

Демократик давлатда расмий ва қонуний жиҳатдан барча фуқаролар қонунан тенг ҳуқуқларга эга. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси сиёсий ҳаётда иштирок этиши мумкин. Унда ҳар бир овоз бир хил қийматга эга. Сизнинг жинсингиз қандай бўлиши муҳим эмас. Қанча пул топишингиз, қаерда яшашингиз, қайси динни афзал кўришингиз ҳам аҳамиятсиз. Бунда фикрлаш қобилияти ҳаминқадар бўлган киши ҳам, барча даврларнинг энг ақлли одами ҳам бир хил овозга эга. Шу жумладан, Ўзбекистон Конституциясида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги мустаҳкамланган.

3. Давлат органлари вазифалари аниқ тақсимланган

Демократик давлатда ҳокимиятлар ўзаро боғлиқ ва, шу билан биргаликда, чегараланган тармоқларга бўлинади. Шу жумладан, давлат ҳокимиятининг тизими қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципига асосланади. Бунда бошқарув тузилмалари бир-бирини ўзаро тийиб туради ва барча ваколатларни бир қўлда бирлаштиришга йўл қўймайди.

Ҳокимиятларнинг бўлиниш принципи бир қатор характерли хусусиятларга эга. Шу жумладан, турли органлар ва шахслар ижро этувчи, қонун чиқарувчи ҳамда суд ҳокимиятини амалга оширадилар, ҳокимиятнинг барча тармоқлари тенг ва автоном, ҳокимият бир тармоғининг бошқасининг ваколатларига аралашуви истисно қилинади, қонунларни қабул қилиш ҳуқуқи фақат қонун чиқарувчи орган эга, қабул қилинган қонун ёки қарорлар Конституция принципларига зид бўлган тақдирда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, давлат ҳокимияти тизими қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Аммо шунга қарамасдан, мазкур принципдан четга чиқиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Масалан, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ижроия ҳокимият билан бир пайтда вакиллик ҳокимияти —  халқ депутатлари Кенгашларини бошқаради.

4. Демократия шахсий иштирокни рағбатлантиради

Демократия доирасида кишилар у ёки бу тарзда ўз тақдирини ўзи бошқаради. Улар овоз беришни ёки овоз бермасликни танлашлари мумкин. Улар маълум сиёсатчилар учун ва бошқаларга қарши овоз беришлари мумкин. Улар кўпчилик бўладими ёки йўқми, натижа қандай бўлишидан қатъий назар, ҳар доим шахсий фикрни эркин ифода этиш имконияти мавжуд. Бу жараён ҳар бир жамоага ўз манфаати учун ишлаш имконини беради, агар тизим ҳеч қандай ишончни қозонмаган бўлса, кейинги сайловларда бошқарув органини осонгина ўзгартириши мумкин. Бу бошқа бошқарув шакллари ҳар доим ҳам таъминламайдиган эркинлик даражаси саналади. Демократия тузилиши барча жамоалар ва одамларни бирлаштиради ва жамиятни деярли ҳамма учун фойдали тарзда қуради.

 

5. Давлат ҳокимияти чекланади

Демократиянинг асосий  принципларидан бири юқорида таъкидланганидай, ҳокимият сайланишидир. Давлат ҳокимиятининг оқилона чекланиши демократик тузум қадриятлари ва унинг вазифаларини сақлаб қолиш имконини беради. Бошқариш тизими бошқа бошқарув шаклларидан бир қанча хусусиятлари билан фарқланади. Шу жумладан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан тан олинади, кафолатланади ва ҳимоя қилинади. Демократия институтлари орқали кўпчилик иродасини ифодалайди, озчилик эса кўпчилик томонидан қабул қилинган қарорлар асосида мухолифат тузиш ҳуқуқини олади. Ҳуқуқий давлатда ҳам демократик тузум шаклида бўлгани каби сиёсий режим ҳам қонунийлик, фуқароларнинг табиий, умуминсоний ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамловчи ҳуқуқий нормалар каби асосий принципларга қатъий риоя қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар ошкора иш олиб боради ва жамоатчилик томонидан тўлиқ назорат қилиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди.

6. Ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади

Демократик тузум жамиятнинг ҳар бир фуқаросининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди. Шу жумладан, яшаш ҳуқуқи, турар жой дахлсизлиги, зўравонликка йўл қўйилмаслиги, ўз тақдирини ўзи белгилаш ва бошқа ҳуқуқлар Конституция даражасида мустаҳкамланади.

Демократиянинг буюк ютуғи сўз эркинлигидир. Янгиликларда цензуранинг йўқлиги ҳақиқатни объектив ёритишга ёрдам беради. Эркин тадбиркорлик ва мулкчиликнинг турли шакллари бозор иқтисодиёти учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди. Шу билан бирга, кишилар танловда эркин, давлатнинг монополияси қонун билан чекланади, адолатли рақобат ривожланади.

7. Қонун тақиқламаган барча нарсага рухсат берилади

Бошқа режимлар билан солиштирганда, демократияда одамларнинг умумий эркинликлари анча юқори. Улар қонунга бўйсуниш шарти билан хоҳлаган нарсани қилишлари мумкин. Одамлар севимли машғулотларида иштирок этишлари, дўстлари билан учрашишлари ва ўзлари ёқтирган бошқа фаолият билан шуғулланишлари мумкин. Бундан фарқли ўлароқ, диктатураларда бундай ваколатлар жуда чекланган бўлиши мумкин, чунки диктаторлар одамларнинг бир-бири билан жуда кўп мулоқот қилишларини ва гаплашишларини хоҳламайдилар, чунки улар бир вақтнинг тўпланган кишилар сиёсий инқилобга интилишларидан қўрқишади.

Демократия ва Ўзбекистон

Шу ўринда айтиш лозимки, Ўзбекистон Буюк Британиянинг Economist Intelligence Unit ташкилоти томонидан юритилиб келинаётган “Демократия индекси”да 2,12 балл билан 150-ўринни эгаллади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, мамлакатда демократия билан боғлиқ вазиятда ҳеч қандай ўзгаришлар қайд этилмаган, у “авторитар режимлар” гуруҳида қолмоқда. Экспертлар сайлов жараёни сифати ва плюрализмга 10 баллдан 0,08 балл, ҳукумат фаолиятига — 1,86 балл, сиёсий иштирокка — 2,78 балл, сиёсий маданиятга — 5 балл, фуқаролар эркинлигига — 0,88 балл баҳо берди. Рейтингга жами 165 давлат, шу жумладан, Гонконг ва Фаластин автономияси ҳам киритилган. Бу рейтингда Норвегия бир неча йил кетма-кет 9,75 балл тўплаган ҳолда рейтингда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Рейтингни Шимолий Корея 1,08 балл (165-ўрин), Мянма 1,02 балл (166) ва атиги 0,32 балл (167) тўплаган Афғонистон якунлайди.

***

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, бугунги кунда фаол демократик институтлар сони тарихда ҳар қачонгидан ҳам кўп бўлса-да, декмократия ҳали ҳам сиёсатшунослар ўртасида баҳсли мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Кўриб турганимиздек, демократиянинг бир қанча афзаллик ва камчиликлари бор. Аммо унинг салбий томонлари қанчалик қўрқинчли бўлмасин, демократияни автократиядан афзал билиш учун  жўяли сабаблар талайгина. Сиёсатчи Уинстон Черчилл таъкидлаганидек, “Демократия энг ёмон бошқарув шакли, агар қолган барчасини ҳисобга олмаса”. Чунки шунча камчиликлари бўлишига қарамасдан бугунги кунда қадар демократиядан яхшироқ бошқарув шакли ўйлаб топилмаган.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муроджон Нажмиддинов — матн

Дилбар Ҳайдарова — таҳрир