Skip to main content
сана

Муҳаддислар сардори. Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий ҳаёти ва фаолияти

Бугун, 21 июль муҳаддис Муҳаммад ибн Исмоил Ал Бухорийнинг туғилган куни. Шарқшунослик институти илмий ходими Жаҳонгир Остонов мақоласида Бухорийнинг ҳаёти билан танишамиз.

Ўзининг “Ал жоме ас-Саҳиҳ” асари орқали ҳадисшуносликда инқилоб қилган Имом ал Бухорий ислом дунёсидаги энг буюк муҳаддислар ичида етакчи ўринда туради. У ўзига хос методологияга асос солиб, ҳадисшуносликни янги босқичга олиб чиқди. Қолаверса, ҳадисларни саҳиҳ-носаҳиҳ (ишончли-ишончсиз)га ажратиб, нисбатан мукаммал тўпламга асос солган илк муҳаддислардан бири бўлди. Болаликданоқ, мактаб даврида, масжидларда Имом Бухорий исмини кўп эшитганмиз. Лекин унинг фаолияти ҳақида кўпчилигимизда аниқ тасаввурлар йўқ. Бухорий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи ўзбек тилидаги китоблар эса бармоқ билан санарли. 21-июл Имом ал Бухорийнинг туғилган куни ҳисобланади. Мана шу сана муносабати билан ушбу мақолада Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий ҳақида мухтасар маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Имом ал Бухорийнинг болалиги

Тарихан зардуштийликка сиғинган оиладан чиққан Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий ҳижратнинг 194-йили, милодий 810-йилда Бухорода таваллуд топган. Унинг катта бобоси яманлик оила қўлида исломни қабул қилган. Отаси савдо билан шуғулланувчи бой киши бўлиб, Муҳаммаднинг болалигида вафот этади ва ёш Бухорий онаси билан қолади.

Аҳмад ибн Фазл ал Балхийнинг келтирган афсонага кўра, Муҳаммад болалигида номаълум сабаб билан кўр бўлиб қолади. Кунлардан бир куни уззукун боласи учун дуода бўлган онанинг тушига Иброҳим алайҳиссалом киради ва эртаси куни Бухорийнинг кўзлари қайтадан кўришни бошлайди.

Бухорийнинг ислом илмига кириб келиши

Бухорий 11 ёшга етганда ҳадисшуносликни ўрганишни бошлади. Дастлаб Абдуллоҳ Ибн Муборак тўпламини ўзлаштирди. Устозлари унинг зеҳниятидан ҳайратда тушар эди. Чунки у ёддан 70 мингта ҳадисни бемалол айтиб бера оларди. 16 ёшга етганда Қуръонни тўлиқ ёд олади. Шундан сўнг онаси билан Макка шаҳрига жўнаб кетади. Маккада эса Ал Ҳумайдидан шофеийҳамда ҳанбалий мазҳаби асосларини ўрганди. Илк китоби саҳобалар ва тобеинлар ҳаёти ҳақида бўлиб, уни 18 ёшида ёзди.

У Дамашқ, Бағдод, Басра, Фустот, Ҳумс, Қуддус, Куфа каби ислом оламининг йирик шаҳарларида бўлиб, ҳадисшунослик сирлари билан танишди ва кўплаб ҳадисларни тўплашга муваффақ бўлади. Ал Бухорий ўз хотирасининг кучлилиги билан ҳамиша замондошларини ҳайратда қолдирар эди.

Бағдодда яшаган кезлари Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳам дарс олган. Бухорий миллиондан ошиқ ҳадис айтувчиларни тинглаган. У 100 мингта ишончли ҳадисни ёдлаган эди. Қолаверса, 200 минг ҳадиснинг ишончлилик даражасига шубҳа билан қараган. Шунга қарамай у фақатгина 7397 ҳадиснигина жамлаб китоб ҳолида тартиб берган ва уни “Ал жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўпламлар”) деб номлаган.

Ҳадисшунослик методологияси

Ҳижратнинг иккинчи асридан бошлаб ҳадисни оғзаки усулда занжир асосида етказиш ривожланди. Бунинг учун ҳадис айтувчи киши яъни ровийда махсус рухсатнома бўлиши талаб қилинарди. Бу ҳадисларни сохталаштиришнинг олдини олиш учун ўйлаб топилган эди. Занжирдаги ҳар бир ровий бирма-бир текширилиши лозим эди.

Имом ал Бухорий ҳадисларни тўплашда жуда аниқ методдан фойдаланган. У турли оқимлардан келадиган ҳадисларнинг барчасини ажратиб олган. Шунингдек, ҳадис айтувчилар рўйхати яъни санадда узилишлар ёки чалкашликлар бўлса, бундай ҳадисларни инобатга олмаган. Занжирдаги барча ровийлар силсиласини турли ахлоқий мезонлар асосида танлаб олган эди. Бунинг учун эса катта меҳнат ва улкан салоҳият талаб этиларди. Шу сабабли ҳам Бухорий ўз замонасидаёқ донгдор муҳаддислар сафида эътироф этилган.

Бухорийнинг асарлари

Бухорийнинг шоҳ асари, шубҳасиз, “Саҳиҳ” тўпламидир. Мазкур китобнинг энг қадимги қўлёзмаси ХВ асрга оид бўлиб, Берлинда сақланади. ХИИИ аср тарихчиси Али ал Юнуний мавжуд тўртта қўлёзма асосида Бухорийнинг “Саҳиҳ” тўпламини кўчирди. Берлинда сақланаётган нусха эса муҳаддис Муҳаммад ал Бадраний томонидан кўчирилган. Мазкур ҳадис тўплами ислом шариатида ҳукмларни олиш учун “Қуръон”дан кейинги ўринда турувчи асосий манба ҳисобланади. Шу сабабли ҳам Имом Бухорийни “муҳаддислар имоми” дейиш урфга кирган.

“Саҳиҳ”дан ташқари Бухорий яна бир қанча китоблар ёзиб қолдирган. Улар қуйидагилар:

“Ал-Адаб ал-муфрад” – Одоблар хазинаси;
“Ал Тарих ул-кабир” – тарихга оид китоб; ровийлар ҳақидаги китоб;
“Ал Тарих ус-сағир” – бу ҳам тарихга оид, Кичик тарих;
“Ал дуафа ус-сағир” – заиф ҳадислар тўплами;
“Таворих ал ансоб” – тарихга оид яна бир китоб;
“Тафиср ул-кабир” – Қурўни Карим тафисир, йўқолган деб ишонилади;
“Рафил ядайни фис салаҳ” – намозда қўлларнинг ўрни ҳақидаги китоб;
“Ал Ақида” – ақидага бағишланган китоб;
“Ахборус сифат” – инсон сифатлари ҳақидаги китоб ва бошқалар.

Ҳадисшуноснинг вафоти

Буюк муҳаддис умрининг охирида бир қатор оғир синовларга ҳам дуч келди. Дастлаб яшаб турган ери Нишопурдан “Қуръон”нинг махлуқ эканини илгари суряпти, деган айблов билан чиқариб юборилди. Аммо кўп исломшунослар бу қуруқ туҳмат эканлигини таъкидлайди. Сабаби Бухорий нақлчи бўлган яъни у ҳамиша “Қуръон” ва суннатга амал қилиб яшаш лозим деб ҳисоблаган. Ақлни етакчи билган мусулмонлар яъни муътазилийлар “Қуръон”ни маҳлуқ деб ҳисобларди. Сабаби Аллоҳ яратган барча нарсалар маҳлуқ яъни яратилиқ, деган ақидани илгари суришган. Қолаверса, “Қуръон” инсонлар тилида нозил бўлгани, араб тили Аллоҳ яратган тиллардан бири эканлигини далил сифатида келтириб ўтишган. Нақлчилар эса бунга қарши бўлган. “Қуръон”нинг маҳлуқ ёки маҳлуқ эмаслиги анча нозик ва зиддиятли бўлган эски мавзулардан ҳисобланади. Мана шу мавзу юзасидан айбдор деб топилган Бухорий Нишопурдан кетгач Бухорога келиб яшашга қарор қилади. Бухорога қайтгач онаси вафот этади. У онасидан қолган меросни мактаб очишга сарфлайди. Тез орада ўқувчилари сони 100 минг нафардан ошиб кетади. Муслим ибн Ҳажжож, Абу Исо Термизий каби буюк муҳаддислар ҳам Бухорода, Имом Бухорий асос солган мактабда таҳсил олади.

Машҳур версияга кўра, султон Холид ибн Аҳмад аз Зуҳалийнинг саройга келиб дарс бериш таклифини рад этгани учун Самарқанд шаҳри яқинидаги Хартанг қишлоғига кўчиб кетишга мажбур бўлади. Аммо яна бир версияга кўра Бухорий ўз фаолиятида арабларга кўп ён босгани учун маҳаллий ҳукумдорлар томонидан хушланмайди. Айрим қуръонийлар фикрига кўра, кейинчалик текширилганда носаҳиҳлиги аниқланган баъзи Бухорий ҳадислари арабларга нисбатан хайрихоҳ руҳда ёзилгани даъво қилинади. Шу сабабли ҳам маҳаллий ҳукмдорлар билан низога сабаб бўлгани айтилади. Илоҳиёттчи Камол Йўлдошнинг сўзларига кўра эса, муҳаддислар ҳасадига дучор бўлган Бухорий Нишопурда кофир деб топилгач, агар вафот этса мусулмон қабристонига қўйилмаслиги, мусулмон кишидан мерос ололмаслиги ва мерос қолдира олмаслиги каби оғир жазога гирифтор этилади. Ҳижратнинг 256-йили, милодий 870-йилда Рамазон ҳайити куни касалликдан вафот этади. Аммо уни мусулмон қабристонига қабул қилишмайди, шу сабабли алоҳида дафн қилинган. Ҳозирда қабри Самарқанддаги Хартанг қишлоғида жойлашган бўлиб, қабри устида мақбара бунёд этилган. Айни вақтда ҳудудда қайта таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

БУ КИМНИ ИШИ?

Жаҳонгир Остонов — матн

Дилбар Ҳайдарова — қўшимча маълумотлар ва таҳрир